Жамият аъзоларига муносабат

ВАТАН ҚАДРИ

ВАТАН ҚАДРИ

(давоми)

Инсон ўзи яшаётган жойнинг қийматини, қадрини ҳар доим ҳам тўла англаб етмайди, фақат тақдир уни фалокатларга, фожеъаларга дуч қилганидагина, ё соғлигини, ё тинчлигини, ё бойлигини йўқотганидагина ўша нарсанинг қадрини ҳис қилади.   

Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон телевидениясида ота-боболари Қўқонлик, Арабистондан келган бир Ватандош йигитнинг қуйидаги мазмундаги суҳбати берилган эди: Ўзга юртларда ҳаёт кечиришга мажбур бўлган юртдошларимиз вафот этганларида она-юртнинг муқаддас тупроғидан бир сиқимдан қабрларининг ичига ёки устига сепиб қўйилар экан. Йигитнинг оталарининг вафотида Ватан тупроғи топилмаган ва ота ўғлига она юрт тупроғидан олиб келиб қабрига сепишни васият қилган экан. Йигит имкон топиб, шўролар даврида Қўқонга келади, отаси яшаган уйга меҳмон бўлади. Ота васиятига мувофиқ, юртига қайтишда она замин тупроғидан бир халтачага солиб олади. Учоққа чиқишда назоратчилар тупроқни кўриб,  текшириб кўриш учун эгасини ҳам қўшиб олиб қоладилар. Тупроқ оддий тупроқ эканлиги маълум бўлгач тупроқни мумкин эмас, деб бермайдилар ва йигитга жавоб берадилар. Ота васиятини бажара олмаган йигит армон билан юртига қайтади. Унинг армони мустақиллик шарофати туфайли юзага чиқиб, ота-васиятини амалга оширади ва ота руҳини шод қилади.

            Дарҳақиқат, мустақилликнинг илк шабодаси биз Ўзбекистон аҳлига, хусусан биз мусулмонларнинг кўксига тегди, десак, ҳеч муболаға бўлмайди.

Мустақиллик деган улуғ неъмат бизларга миллий ва диний қадриятларимизни, урф-одатларимизни, масжид мадрасаларимизни имон эътиқодимизни, Аллоҳнинг уйига меҳмон бўлиб, ҳаж қилишдек улуғ ибодатни бажара олиш каби имкониятларимизни  қайтариб берди. Дунёга чиқиш эшикларини фарзандларимизга очиб берди. Эркин фикрлаш, ижод қилиш, қобилият ва имкониятларимизни юзага чиқариш хуқуқига эга бўлдик.  Ўзбекистон–Ватаним маним,-деб баралла айтадиган бўлдик . Ватанимизнинг дунёда нақадар гўзал эканлигини кундан-кунга янада чирой очиб бораётганлигини ҳис қиладиган бўлдик.

Биз ана шундай замин фарзандимиз, улуғ неъматлар соҳибимиз, биз яшаётган Ватан улуғ, беқиёс ва муқаддасдир. 

   Дарҳақиқат, яқин тарихда халқимиз ўз бошидан кечирган бундай азоб-уқубатларни унутишга бизнинг асло ҳаққимиз йўқ. Ватанини севган, Ватан нима эканини юракдан  ҳис қилган, Ватанидан айру тушганида ватан ишқи ва унинг дарди билан яшаган, уни соғинган, унга ҳамиша талпинган, хар бир виждонли одам юрт қайғуси билан яшайди, унинг ярасига малҳам, дардига дармон бўлишга интилади.

Абдулазиз Бобамирзаев,
Наманган шаҳар Янги Наманган тумани бош имом-хатиби 

Related posts