Аллоҳнинг охирги ва рози бўлган дини бу исломдир, инсонлардан қабул қиладигани ҳам мана шу диндир. Чунки, бу дин, тинчлик ва нафис диндир. Динимиз бошқа мусулмонга ҳаттоки, тил билан зарар беришни қоралайдиган диндир. Минг афсуски, хозирга кунимизда мусулмонларни куфрда айблаб, уларни қонини ҳалол санаётган такфирчилар мусулмонларни ўзаро тафриқаланишига сабаб бўлмоқдалар.
Келинг ўзи "Такфир" ўзи нима луғавий ва истелоҳий маънолари билан танишиб чиқайлик. “Такфир” тушунчаси “бировни кофирга чиқариш”,“кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан туриб, “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас! Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси 94-оят).
Демак, Аллоҳ таоло бу ояти каримада шошма-шошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқариб, иш кўришдан қайтармоқда.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:“Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан:
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Уч нарса имоннинг аслидандир.“Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз” (Имом Абу Довуд ривоятлари).
Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни, ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, уни қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ўзларини эҳтиёт қилганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.
Бугунги кунда ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда, баъзи бир онглари заҳарланиб қолган кишилар, давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар.
Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар.
Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий ал-Ҳанафий ҳам ўзининг “Ал-Ақида ат-таҳовия” асарида шундай деганлар: “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.
Аҳли сунна уламолари иттифоқига кўра, катта (кабира) гуноҳ содир этган киши қилган ишини ҳалол санамас экан, ҳаргиз кофир бўлмайди ва у банда дўзахда абадий қолмайди.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қибла аҳлидан бирор кишини, гарчи гуноҳи кабира қилса ҳам, кофирга чиқармасликка буюрганлар. Саҳобаи киромлар ҳам қибла аҳлининг ҳеч бирини кофирга чиқармаганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қачон киши ўз биродарига “Эй, кофир” деса, икковларидан бири ўшандоқ бўлади», деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Яъни, ҳалиги одам кофир бўлмаса, уни кофир деган одамнинг ўзи кофир бўлади.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ эса: “Асҳобларимиздан ҳеч ким қибла аҳлидан бўлган аҳли ҳавони кофирга чиқаришни айтмаган. Бир нарсани вожиб ёки ҳаром дейиш, бировга савоб ёки азоб бериш, бировни кофир ёки фосиқ деб ҳукм қилиш Аллоҳнинг ишидир», деганлар.
Хулоса ўрнида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал ҳадиси мубораклари билан кифояланамиз: “Ҳақиқий мусулмон уки, унинг қўлидан ҳам тилидан ҳам бошқалар омонда бўлганлар” деб марҳамат қилганлар.
Мусулмон ман деган киши қўли билан бўлсин ёки тили билан бўлсин бировга озор етказмайди. Мана шу йўл Муҳаммадий таълим ва тарбиядир.
Аллоҳ динимизни, миллатимизни фитначилар фитнасидан асрасин.
Муҳаммад Айюб Фахриддинов
Наманган шаҳри "Юсуфхон ўғли Қосимхон" жоме
масжиди имом ноиби