Ҳар бир инсон бирор бир оилада, муайян мамлакат ва миллат бағрида дунёга келади. У кўз очиб онасини, уйини, ўзи туғилган заминни кўради ва танийди.
Аввал онасини оқ сутидан кейин ўзи туғилган замин неъматларидан баҳраманд бўлади. Аммо бу кенг дунёнинг саховатидан барча ҳам бирдек баҳраманд бўла олмайди. Айтайлик бирор бир серқуёш бўлган юртда ариқлар тўлиб оқадиган зилол сувлар танқис, сувлари етарли бўлган саҳоватли заминларда эса қуёш нурлари етарли бўлмаган ҳолатлар мавжуд, яъни бир йилнинг 9 ойи қиш 3 ойи эса ёз, ёки бутун йили жазирама ёздан иборат бўлган мамлакатлар бор.
Аллоҳга беадад ҳамду санолар ва шукурлар бўлсинким биз туғулиб ўсган, биз яшаётган муқаддас заминнинг бебаҳо тупроқлари олтинга тенг, қуёши тафтли, зилол сувларининг таърифи йуқ бўлиб, бир йилда тўрт фаслни кўриш ва еримиздан тўрт мартагача ҳосил олиш мумкин.
Юртимизни жаннатмакон деб жаннатга қиёс қилинади. Бу бежиз эмас албатта. Жаннат-бу бутун инсониятнинг энг буюк орзуси, инсоннинг барча ёруғ дунёдаги меҳнатларининг самараси, Аллохнинг розилиги, Аллохнинг жамоли каби буюк неъматларга эгалик килишдир.
Юртимизнинг бепоён боғлари, у ерларда битган шириндан-шакар мазаси тилни ёрадиган мевалари, полиз маҳсулотлари, дарё ва ариқларидан оқаётган зилол сувлари билан у муқаддас китобларимизда таърифланган жаннатни эслатади.
Демак, биз ёруғ дунёнинг жаннатида яшаб умргузаронлик қиламиз. Аллох таъолонинг марҳамати билан бизга берилган бу улуғ неъматнинг қадрига етишимиз ва уни шукронасини адо қилишимиз зарур бўлади. Олдингдан оққан сувни қадри йўқ,-дейишади машойиҳлар. Бизга инъом қилинган неъматларнинг қадрини, қийматини ҳис қилиш учун атрофимизга бир назар солиб, озгина тафаккур қилсак кифоя қилади.
Абдулазиз Бобамирзаев,
Наманган шаҳар Янги Наманган тумани
бош имом-хатиби