Жамият аъзоларига муносабат

ВАТАН – МУҚАДДАС МАСКАН

ВАТАН – МУҚАДДАС МАСКАН

Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратиб, унинг зурриёдларини Ер юзига тарқатди. Одам ато ва Момо Ҳавводан тарқалган инсоният турли миллат ва элатларни ташкил қилиб, маълум ҳудуд ва маконларни ўзлари учун маскан тутдилар. Бу ҳақда Қуръони каримда: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик…”, – дейилган (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Табиийки, инсон қаерда дунёга келса, шу ер унинг учун Ватан, ҳеч нарсага алишиб бўлмайдиган қадрли макон ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ разийаллоҳу анҳу билан Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида орқаларига ўгирилиб, яъни Маккаи мукаррамага юзланиб: “Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳечам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим”, деганлар. Демак, ватанни севиш, уни соғиниб яшаш инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳисдир. Бирор сабаб билан бошқа юртларга кетган киши киндик қони томган диёрини қумсаб маъюс тортиши ва у ҳақда бирор қайғули хабар эшитганда қалбан эзилиши бор гап.

Тарихдан маълум, бирорта халқ бошқа бир халқни ўзига тобе қилмоқчи бўлса, аввало, унинг ватанини босиб олиб, вайрон қилган, ўзларини эса қулга айлантирган. Ватанини душман қўлига ўтганини кўрган миллат учун бундан ортиқ хўрлик ва азоб йўқ. Зеро, Ватан, миллат, дин тушунчалари инсон учун ҳар нарсадан азиз ва муқаддасдир. Шунинг учун ҳам динимиз таълимотида она ватан ҳимояси, миллат фаровонлиги ва дин равнақи йўлида жон берган кишиларга шаҳидлик мақоми берилиши айтилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида: “Ким моли ҳимояси йўлида ўлдирилса, у шаҳиддир. Ким жони ҳимояси йўлида ўлдирилса у шаҳиддир. Ким дини ҳимояси йўлида ўлдирилса, у шаҳиддир. Ким аҳли ҳимояси йўлида ўлдирилса, у шаҳиддир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Абу Довуд ва Термизий ривоятлари). Демак, дин, халқ, ватан ҳимояси йўлида жон берган инсон Аллоҳ ҳузурида улуғ даражага эришади.

Дарҳақиқат, бундай кишига шаҳидлик мартабаси берилиши бежиз эмас. Чунки, у инсон учун жондан ҳам азиз бўлган нарсани ҳимоялашга қасд қилган. Акс ҳолда, унинг шаъни ва ғурури топталган бўлар эди. 

Ривоят: Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Шураҳбийл исмли кишининг олдидан ўтдилар. Шураҳбийл ўша вақтда Форсларнинг бир қалъасини ҳимоя қилиб турган эди. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу Шураҳбийлга айтдилар: Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман: “Бир кун Ватан ҳимоясида бўлиш бир ой кундузи нафл рўза тутиб кечалари нафл ибодат қилгандан афзал” деганлар. Ушбу ҳадис ва ривоятлардан маълум бўладики Ватан ҳимояси ҳам ибодат саналади. Аллоҳга шукрлар бўлсинки жонажон Ватанимиз тинч, турмушимиз фаровон. Ушбу тинчликни ҳимоясида туну-кун тинмай хизмат қилаётганларнинг хурматлаш ва эъзозлашлик учун ҳар йили 14-январь санасини мамлакатимизда Ватан ҳимоячилари куни сифатида нишонланиши уларнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшади.

Алҳамдулиллоҳ, мустақиллик неъмати бизга насиб этди. Эркин ва обод, инсон қадри азиз бўлган Ватанда бахтиёр умр кечиряпмиз. Бу бахтни асраб қолиш, унинг мустаҳкамлиги учун фидокорлик кўрсатиш шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг бурчидир.

Юнусхон Умаров,
Косонсой тумани Садпири Комил” жоме
масжиди имом хатиби

Related posts