Жамият аъзоларига муносабат

ДИНДА ХОЛИСЛИК ЛОЗИМ.

ДИНДА ХОЛИСЛИК ЛОЗИМ.

«Ихлос» сўзи луғатда «тозалаш», «холис қилиш» маъноларини англатади. Ихлоснинг шаръий истилоҳи – Аллоҳга ибодатни худди У зотни кўриб тургандек қилишдир.

Аллоҳ таоло бу ҳақда: «Бас, Аллоҳга Унинг дийнига ихлос этган ҳолда ибодат қилгин. Огоҳ бўлинг! Холис дийн Аллоҳгадир!» деган.

Яъни, амалингда Аллоҳдан бошқани зинҳор мулоҳаза қилмагин.

Ва яна: «Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳгагина ибодат қилишга, Унинг динигагина ихлос қилишга, бошқа динларга мойил бўлмасликка… буюрилган эдилар», деган.

Ҳа, аҳли китоб бўлмиш яҳудий ва насоролар Таврот ва Инжилда фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга амр этилган эдилар. Аммо улар бу амрни бажо этмадилар. Улар Аллоҳдан бошқага – Узайрга, Ийсога, Марямга, ҳатто ўз аҳбор ва роҳибларига ҳам ибодат қилдилар.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло «Тавба» сурасида: «Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг аҳбор ва роҳибларини ҳамда Масийҳ ибн Марямни Робб тутдилар. Ваҳоланки, улар фақат битта илоҳдан бошқага ибодат қилмасликка амр қилинган эдилар», деган.

Албатта, аҳбор ва роҳибларга ибодат қилиш уларга сажда этиш эмас, балки уларнинг ҳалол деганини ҳалол билиб, ҳаром деганини ҳаром билиш, Аллоҳнинг айтганини қўйиб, уларнинг айтганига юришдир. Улар: «Унинг динигагина ихлос қилишга...» буюрилган, холис шу дийнгагина амал қилишга амр этилган эдилар. Лекин улар бу амрни бажо келтирмадилар. Улар Аллоҳнинг дийнига турли-туман нарсаларни, жумладан, ўзлари тўқиб чиқарган бидъат-хурофотларни ҳам аралаштириб юбордилар.

Аллоҳнинг дийнига ихлос қилиш фақат Аллоҳнинг Ўзини кўзлаб, Унинг розилигини ўйлаб ибодат қилиш билан бўлади. Ихлос ибодатнинг мағзидир. 

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: «Мен ширкдан беҳожатларнинг беҳожатиман. Бас, ким бир амал қилса-ю, унда Мендан бошқани ширк келтирса, Мен уни ҳам, ширкини ҳам тарк қилурман», деган.

Уламоларимиз амалларни учга тақсимлаганлар:

1. Амр қилинган амаллар. Буларни адо этишда Аллоҳнинг розилигини кўзлаш шарт. Агар ният сал бошқача бўлса, амал риёга айланади.

2. Наҳий қилинган – қайтарилган амаллар. Бундай амалларни ният қилмай тарк этса, уларнинг зараридан фориғ бўлинади, аммо савоб олинмайди. Аммо мазкур ишлар ният қилиб, Аллоҳнинг розилиги учун тарк этилса, ажр олинади.

3. Мубоҳ амаллар. Емоқ-ичмоқ, оила ҳаётига ўхшаш ишлар. Инсон бу амалларни ниятсиз қилса, ажр олмайди. Аммо Аллоҳнинг розилигини топиш ниятида қилса, ажр олади. Аллоҳнинг розилигини кўзлаб ният қилиш билан ҳар бир мубоҳ амал ибодатга айланади. Масалан, ибодатга қувват бўлсин, деган ниятда таом тановул қилиш ҳам ибодат бўлади. 

Ва Аллоҳ таоло айтади:    11. Одамлардан Аллоҳга бир томонлама ибодат қиладиганлари ҳам бор. Агар унга яхшилик етса, кўнгли тўлур. Агар унга бало етса, юз ўгириб кетур. У дунёда ҳам, охиратда ҳам зиён кўрур. Ана ўша очиқ-ойдин зиёндир. (Ислом тижорат эмаски, унга ўткинчи фойдани кўзлаб кирилса. Ислом–иймон, эътиқод, Аллоҳга бандалик қилиш, Унинг йўлида жонни ҳам, молни ҳам фидо этиш, ҳар хил бало-офатларга бардош бериш демакдир. Ана ўша синовлардан ўтганлар икки дунё бахтига сазовор бўладилар. Аммо Исломга муайян фойдани кўзлаб кирган, ўша фойдага эришса, хурсанд бўлиб, эришмаса, динни тарк этиб, юз ўгириб кетадиган мунофиқлар икки дунёда зиён кўришлари муқаррар. Аслини олганда мунофиқ, Исломдан, Аллоҳдан юз ўгириб, қаёққа ҳам борарди, кимга ҳам топинарди?).

Демак, Исломда ихлос ниҳоятда зарур! Ҳидоят йўлига тушган одам Аллоҳга фақат ихлос билан ибодат қилиши керак. Аллоҳни кўриб тургандек ҳис билан, сезги билан яшаб, ўша ҳолатда туриб амалларни адо этиши керак. Яратган зотнинг талаби шу!

Холис ният билан қилган амалингни паст санама! Ихлос билан қилинган озгина амал ҳам кўпдир!

 

Жаъфархон Суфиев,
 Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра” жоме 
масжиди имом-хатиби.

Related posts