Таълим тарбия

ВАҚТ ҚАДРИ

ВАҚТ ҚАДРИ

Аллоҳ таоло биз бандаларига берган саноғи йўқ неъматлар ичида энг катта ва бебаҳо неъматлардан бири бу вақтдир. Ҳар бир банда ушбу неъматдан унумли фойдаланса, жуда кўп ютуқ ва савобли амалларга эришади. Қиёмат куни умри ва вақтини қандай ўтказгани борасидаги бериладиган савол-жавобда юзи ёруғ бўлади. Аммо, вақтдан унумли фойдаланмасдан, уни дунё ва охирати учун фойдаси бўлмаган ишларга сарфлаган киши қаттиқ надомат қилади ва Қиёмат куни вақт борасида сўроқ-жавоби оғир бўлади. 

Уламоларимиз вақтнинг ўзига хос хусусиятлари борлигини айтиб, уни қуйидагича санаганлар: 

Вақт жуда ҳам тез ўтиб кетади. Дарҳақиқат, инсоннинг умри қанча узун бўлмасин, ундан умрингиз қандай ўтди дейилса, тезда ўтиб кетганини айтади. Инсоннинг умри ва унинг ҳаёти жуда тез ўтиши борасида Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:

“Уларни жамлайдиган кунда (қиёмат куни бу дунёда) гўё кундуз куннинг бир соатича тургандек бўладилар” (Юнус сураси, 45-оят).

Бу борада “Тафсири Қуртубий” китобида қуйидаги воқеа келтирилган: 

Ўлим фариштаси бўлмиш Азроил алайҳиссалом минг йил атрофида яшаган Нуҳ алайҳиссаломниг жонларини олиш учун келиб: “Бу дунёни қандай деб билдингиз”, деб сўрадилар. Шунда Нуҳ алайҳиссалом айтдилар:

“Дунёни – икки эшиги бор уйга ўхшатдим. Биридан кириб, иккинчисидан чиқиб кетдим”.

Демак, минг йил атрофида умр кўрган Нуҳ алайҳиссалом бу дунё ҳаётини озгина вақт эканини эътироф қилиб турган бир пайтда биз мусулмонлар буни яхши англаб, унинг қадрига етишимиз ва қисқа умримиздан унумли фойдаланишимиз лозим.

Вақт ўтиб кетгач, асло ортга қайтмайди. Дарҳақиқат, ўтган ҳар бир лаҳза, дақиқа ва куннинг айни ўзи қайта келмайди. Балки уларнинг янгиси келади. Бу ҳақида Ҳасани Басрий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: 

яъни: “Бошланаётган ҳар бир кун шундай нидо қилади: “Эй одам боласи, мен янги кунман, сенинг амалингга гувоҳман, мендан фойдаланиб қол, агар ўтиб кетсам, қиёмат кунигача қайтмайман”.

Демак, эртага афсус-надомат чекмаслик учун ўтаётган ҳар бир дақиқамизни қадрлаб, уни энди қайтара олмаслигимизни дилдан ҳис қилиб яшамоғимиз керак.

Уламоларимиз вақтдан унумли фойдаланиш учун бир қанча тавсиялар айтганлар. Қуйида улардан баъзиларини баён қиламиз: 

Яхши ишларга шошилиш ва бу борада ўзаро мусобақа қилиш билан киши вақтидан унумли фойдаланади. Мусулмон киши ҳар бир кунини яхши ва савобли амаллар билан ўтказишга ҳаракат қилади. Савобли ишларда ўзаро мусобақа қилиш борасида Қуръони каримда шундай деган:

“Яхшиликларда мусобақа қилинг!” (Бақара сураси, 148-оят).

Ушбу ояти каримини тафсир қилган муфассирларимиз бу ҳақида бундай деганлар:

“Ким дунёда яхши ишларда пешқадам бўлса, Қиёмат куни жаннатга киришда ҳам пешқадамлардан бўлади. Пешқадамлар одамларнинг энг баланд мартабалисидир”.

Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу айтадилар: “(Яхши амал қилиш борасида) кеч кирса, тонгни кутма ва тонг бўлса, кечни кутма. Бемор бўлишингдан олдин соғлигингни ва вафотингдан олдин тириклигинни ғанимат билгин!”

Барча ишларда биз умматга намуна бўлган саҳобаи киромлар бир кунда бир нечта савобли ишларни бажаришда ҳам бизга намуна бўлганлар. Бу борада Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Сизлардан ким бугун рўза тутди?” деб сўрадилар. Абу Бакр разияллоҳу анҳу: “Мен”, дедилар. “Ким бугун жанозада қатнашди?” деб сўрадилар. Абу Бакр: “Мен”, дедилар. “Ким бугун бир мискинни тўйдирди?” деб сўрадилар. Абу Бакр: “Мен”, дедилар. “Ким бугун бир беморни бориб кўрди?” деб сўрадилар. Абу Бакр: “Мен”, дедилар. Шунда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Кимда ушбу ишлар бир кунда жамланса, у албатта жаннатга киради”, дедилар (Имом Муслим ривоятлари).

Киши ўзини яхши ва савобли ишлар билан машғул қилмас экан, унинг нафс-ҳавоси ғолиб келиб, бефойда ва гуноҳ ишлар билан банд қилиб қўяди. Бу борада Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар:

яъни: “Нафсингни тўғри нарсалар билан машғул қилмас экансан, нафсинг сени ботил ишлар билан машғул қилиб қўяди”.

Умри давомида садақаи жория бўладиган амалларни кўпайтириш билан киши вақтидан унумли фойдаланади. Дарҳақиқат, ҳаммамизга маълумки, садақаи жория деб, киши вафот этгандан кейин ҳам савоби бориб турадиган амалларга айтилади. Ким ҳаёти давомида мана шундай амалларни кўпайтириб олса, у умридан унумли фойдаланган бўлади. Садақаи жория бўладиган амаллар ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: 

“Еттита амал борки, уларнинг савоби банда вафот этиб, қабрда ётган ҳолида ҳам бориб туради. Улар: ким илм ўргатган бўлса, ариқ оқизган бўлса, қудуқ қазиган бўлса, боғ қилган бўлса, масжид қурган бўлса, Қуръон китобини мерос қолдирган бўлса, вафотидан кейин ҳаққига истиғфор айтадиган фарзанд қолдирган бўлса” (Имом Байҳақий ривоятлари).

Демак, ҳар бир мусулмон киши вақтини ғанимат билиб, имкон борича мана шу етти амалнинг барчасини бажаришга ҳаракат қилмоғи мақсадга мувофиқдир.

Аллоҳ таолонинг зикрини кўпайтириш билан киши вақтидан унумли фойдаланади. Дарҳақиқат, вақтдан унумли фойдаланишнинг энг осон йўли зикру тасбеҳлар билан машғул бўлишдир. Чунки киши зикру тасбеҳ билан хоҳлаган вақтида шуғулланиши мумкин. Зикру тасбеҳ билан машғул бўлиш мол ҳам, ортиқча ҳаракат ҳам талаб қилмайди. Ҳатто киши таҳоратсиз ёки аёллар узрлик бўлган ҳолатларида ҳам вақтдан унумли фойдаланиш мақсадида зикру тасбеҳлар билан шуғулланишларига рухсат берилган. 

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир саҳобаи киром келиб, “менга энг осон ва савоби кўп идодатни ўргатинг” деб сўраганда, қуйидагича насиҳатни қилганлар: “Тилингиз доимо Аллоҳ таолонинг зикри билан нам бўлсин!” (Имом Термизий ривоятлари).

Дарҳақиқат, улуғларимиз ҳаётларига назар солсак, улар зикр-тасбеҳлар нақадар савобли эканини англаб етганларидан андак фурсат топсаларда тилларини зикр билан машғул қилганлар. Бу ҳақида “Табақотус суғро” китобида шундай дейилган. Закариё ал-Ансорий раҳматуллоҳи алайҳнинг шогирдларидан бири айтадиларки, устозимиз фурсат бўлди деганда уни ғанимат билиб, зикр билан машғул бўлар эдилар. Ҳатто, дарс бериш асносида устоз айтган нарсаларини биз ёзиб олаётган пайтимизда бир лаҳза дарс айтишдан бўш қолсалар: “Паст овоз билан Аллоҳ, Аллоҳ дейишни бошлар эдилар. Аллоҳнинг зикридан бир лаҳза ҳам ғафлатда қолмас эдилар”.

Саҳобаи киромлардан Муоз ибн Жабал айтар эдилар: “Мен уйқумда ҳам, турганимда ҳам Аллоҳдан савоб умид қиламан”.

Минг афсуски, бугунги кунда баъзи каттаю-кичикнинг вақти, умри бекорга исроф бўлаётган майдон – ижтимоий тармоқлардир. Баъзи ёшу катта телеграм, фейсбук, инстаграм, ютуб ва тик-ток каби ижтимоий тармоқларда кунига соатлаб вақтларини сарфламоқда. Яхшиликка, хайрли мақсадлар, билим олиш ё билим тарқатиш йўлида фойдаланаётганларга офарин деймиз, лекин аксарият вақтда бемаъни хатто бузғунчи ғоялар, соф ислом ақидасига зид таълимотларн олға сурувчи сохта дин даъватчилари таъсирига тушиб қолиш ҳолатлари кузатилмоқда. Уларни кўриб, умрини шамолга совурадиганлар ўз оёғига болта урган кишидан фарқи йўқ. Гуноҳни пулга сотиб олган бўлади, холос. 

Уламоларимиз вақтни савдогарнинг дастмоясига ўхшатиб, шундай деганлар: “Албатта вақт ва соатлар савдогарнинг дастмоясига ўхшайди. Демак, вақт эгаси ўзига фойда келтирадиган нарсани вақтини эвазига харид қилади. Шунда, дастмоя қанча кўп бўлса, фойда ҳам шунча бўлади. Шундай экан, ким амалини чиройли қилиб, умридан фойдаланса, нажот ва зафар топибди. Аммо ким вақтдан иборат дастмоясини зое қилса, фойда кўрмайди ва аниқ зиён кўради”.

Ислом тарихи вақтни қадрига етиш натижасида улкан ютуқларга эришган ва ўзидан ёрқин из қолдирган минглаб олимларнинг мисолларига тўлиб тошган. Биз фахр билан номларини зикр қиладиган аждодларимизнинг ҳаммалари вақтнинг қадрига етган, ёшлигида билим тўплаган зотлардир. Бу яхши одат уларга умрларининг охиригача ҳамроҳлик қилган. Шу сабабли улар ҳам биз каби умр кўришган бўлса-да, ўзларидан сон-саноқсиз китоблар ва катта билим қолдиришган. Биз ҳалигача улар қолдирган илмий меросни тўлиқ ўрганиб, ҳаётга татбиқ қила олганимиз йўқ! Улуғ аждодларимизнинг ҳаёти биз учун катта ибрат мактабидир. Аллоҳ таоло бизни уларга лойиқ авлодлардан қилсин!

 

Анвархон АКРАМОВ,

Наманган шаҳридаги “Мулла Бозор Охунд” 

жоме масжиди имом-ноиби

Related posts