Аёллар саҳифаси

ИСЛОМДА АЁЛЛАРГА ЭЪТИБОР

ИСЛОМДА АЁЛЛАРГА ЭЪТИБОР

Аёл – Аллоҳнинг буюк мўъжизаси. У оила чароғбони, фарзандларимиз ҳомийси, фаровон, гўзал ҳаётимиз, обод хонадонимиз файзидир. Муқаддас динимиз Исломда ҳам аёл мўътабар зот сифатида эъзозланади. Шу боис, аёллар ҳуқуқи масаласи Ислом динида диққатга сазовор масалалардан ҳисобланади.

Қадимдан аҳли сунна вал жамоага мансуб тўрт мазҳаб мужтаҳидлари ва фақиҳлари шу масалага алоҳида эътибор бериб, ўз қарашларини баён қилганлар. Ҳанафий мазҳаби уламолари ҳам аёллар ҳақидаги масалаларга бағишланган, жумладан, маҳр, никоҳ, талоқ ҳақида кўплаб китоблар ёзганлар. Буюк фақиҳ Бурҳонуддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарида ҳам аёлларга бағишланган фиқҳий масалалар ўз аксини топган.

Шуни таъкидлаш лозимки, Қуръони каримда аёллар хусусидаги оятлар Нисо, Бақара, Моида, Нур, Аҳзоб каби ўнлаб сураларда кенг ёритилган.

Қуйида ҳанафий мазҳаб фақиҳлари ёзган асарлардан олинган аёллар мавзусига доир баъзи масалалар устида тўхталиб ўтамиз. Ислом динида аёлларнинг ҳам фикр мулоҳазаларини инобатга олиш назарда тутилади ҳамда бунинг муҳим эканлига таъкидланади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам аёллар диний, ижтимоий, иқтисодий соҳаларга тааллуқли масалаларда у зотга мурожаатэтганлар. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“(Эй Муҳаммад,) Аллоҳ сиз билан ўз эри ҳақида баҳслашаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган (аёл)нинг сўзини эшитди» (Мужодала сураси, 1-оят).

Ушбу оятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига эрининг нотўғри муносабатидан шикоят қилиб келган аёлнинг масаласи унинг раъйига мувофиқ ечиб берилгани ҳақида баён қилинади. Муҳими эса бу оят билан Аллоҳ аёлнинг шаънини улуғлаган.

Илм олишда аёл ҳам, эркак ҳам тенг ҳуқуққа эга. Бу Қуръон ва ҳадис илми қатори бошқа дунёвий илмларни ўрганишни ҳам ўз ичига олади. Аёллар ўзларининг қизиқиш ва қобилиятларидан келиб чиқиб таълим олишлари лозим. Жамиятнинг бахти оналар ўстираётган фарзандлар қўлидадир. Инсондаги меҳр-муҳаббат, туйғулари, яхши тарбия аввало ўз онасидан ўтади. Шунинг учун бола тарбия қилаётган аёлнинг ўзи билимли, тажрибали бўлмоғи лозим.

Ҳанафий мазҳаби бўйича аёл мустақил шахсдир. У мерос олиши ва қолдириши мумкин. Мулкини эркин тасарруф этиши, маҳр, мерос ва бошқа хусусий мулкларидан сарф-харажат қилиш ҳуқуқига ҳам эгадир.

Ҳанафий мазҳабида қиз болани эрга беришда ўзидан изн сўралади. Унда эрини танлаш учун эркинлик бор. Бу хусусда шундай ҳадис ворид бўлган: Жувон ўзи хусусида валийсидан ҳақлироқдир. Бокирадан эса ўзи хусусида изн сўралади. Унинг изни эса сукутдир.

Маълумки, эркаклар хотинлар устида оила бошлиғи сифатида қоим турувчилардир. Чунки Аллоҳ эркакларни аёллардан баъзи бир хусусиятларда ортиқ қилган. Шу туфайли эркакларга ўз оиласини боқиш мажбуриятини юклаган.

Аёлларга эса уй ишларини бошқариш, фарзандни дунёга келтириш ва уни тарбиялашдек соғлом ва фаровон жамият қуришда муҳим аҳамиятга эга бўлган вазифаларни жорий этган. Агар у жамиятнинг равнақи учун ишлашга иқтидори бўлар экан, у бу ишни оила мажбуриятлари билан уйғунликда бажариши мумкин.

Минг афсуслар бўлсинким охирги вақтларда жамиятимизда Аллоҳ таоло биз эркакларга омонат сифатида берган аёлларга арзимас буюмдек муомила қилаётган, уларнинг қадр-қимматларини ерга ураётган қўштирноқ ичидаги эркаклар ҳам учраб турибди. Ушбу ноўрин ишларга қўл ураётган эркакларга шуни яхши билишлари лозимки омонатни эгасига бериш куни албатта ҳақдир!!!

Нурулло Маҳкамов,

Чуст туман “Саид Насимхон тўра” жоме 

масжиди имом-ноиби

Related posts