Жаҳолатга қарши маърифат

МАВЛИДНИ НИШОНЛАШ ДУРУСТМИ?

МАВЛИДНИ НИШОНЛАШ ДУРУСТМИ?

Сохта салафийларнинг ёмон бидъатларидан яна бири Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлиди шарифларини нишонлаш ҳаром, мавлуд учун одамларни тўпланиши харом  деган ботил даъводир. 

Бу оқим тарафдорлари мавлиди шарифни нишонлашга эътирозларини билдириш учун бир қанча рисолалар ҳам битишган. Носир Албонийнинг “Бидъатул мавлид”, Солиҳ ибн Фавзон ал-Фавзоннинг “Ҳукмул иҳтифал бизикрил мавлидин-набавий”, Муҳаммад ибн Иброҳим Оли Шайхнинг “Ҳукмул иҳтифал билмавлид вар-родду ъала ман ажазаҳу”, Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Бознинг “Ҳукмул иҳтифал билмавлидин-набавий” номли рисолаларини мисол тариқасида келтириш мумкин. Бунинг устига Мавлиди шариф маросимида сўйилган жонлиқнинг гўштини ҳаром деб билганлари ҳам бор. 

Мавлид маросими бир неча юз йиллардан буён Ислом оламида кенг нишонланиб келинган амаллардандир. Муаррих Ибн Ҳалликон “Вафийятул-аъён” асарида зикр қилишича, мавлид маросимини биз кўриб, эшитиб одатланган ҳолидай нишонлашни расман давлат миқёсида ташкиллаштирган дастлабки ҳукмдор Арбил (ҳозирги Ироқ) волийси — малик Музаффариддин Кўкбўр бўлган (1190-1233 й.). Аллома ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ Малик Музаффарнинг бу хайрли тадбирларини мақтаб, таҳсинга сазовор эканига алоҳида урғу бериб, ўзининг “Ал-Бидая ван-ниҳая” номли тарих асарида келажак авлод учун ёднома сифатида ёзиб қолдирган. 

Мавлид Ислом оламида феълий ижмоъ йўли билан собит бўлган гўзал амаллардан биридир. Асрлар оша Ислом подшоҳлари, машойихлар, ҳадисшунослар, фақиҳлар, зоҳидлар ва қанча-қанча орифлар мавлид маросимини нишонлаб келишлари тарихдан маълум ва  машҳур. 

Уламолар имиз нинг таъкидлашича мавлид и набийни нишонлаш ҳақида  суннати набавияда ҳам ишоралар  бор. Жумладан, Ал-Ҳофиз Шамсиддин бин Носириддин ад-Димашқий шундай дейдилар: “Абу Лаҳаб пайғамбар а.с. туғилганларида ҳурсандлигидан Сувайбани чўриликдан озод қилиб юборгани учун душанба куни дўзахдаги азоби енгиллатилади, деган хабар саҳиҳдир”.  

Ибн Ҳажар ал-Асқалонийга мавлид амали ҳақида савол берилганда у зотнинг айтган жавобларини Жалолиддин ас-Суютий келтирадилар: “Аслида Мавлид амали бидъат иш бўлиб, аввалги учта асрда яшаган салафи солиҳлардан бундай қилганлари нақл қилинмаган. Лекин, шунга қарамай унинг кўплаб яхши томонлари бор. Ким ана шу яхши томонларини қилса яхши бидъат жумласидан бўлади. Мен бунга асос бўладиган далилни ҳам топдим. У ҳам бўлса, Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган қуйидаги ҳадисдир: Пайғамбар с.а.в. Мадинага келган вақтларида у ердаги яҳудийларни Ашуро куни рўза тутаётганларини кўрдилар ва улардан бунинг сабаби ҳақида сўрадилар. Улар: бу кунда Аллоҳ таоло Фиръавнни ғарқ этиб, Мусога нажот берган. Шунинг учун биз Аллоҳга шукр қилиб рўза тутамиз, дейишди. Расули  акрам саллалохи алайхи вассаллам: Мусо алайхи саломга сизлардан кўра мен яқинроқдирман дедилар ва Ашуро кунилари рўза тутдилар. Бошқа бир хадиси шарифда пайғамбаримиздан хар душанба рўза тутишликлари сабаби сўралганда. “Душанба куни туғилдим, душанба куни пайғамбар қилиндим” дедилар      Бундан шундай маъно келиб чиқадики, Аллоҳ таоло кимга бирор муайян кунда бирорта неъмат берган ёки балони даф этган бўлса, ўша куни Аллоҳга шукрона тариқасида яхши амал қилиш лозим бўлади. Бу кунда раҳмат пайғамбари бўлмиш зотни дунёга келишидан ҳам ортиқроқ неъмат борми?! Мана бу мавлидни нишонлаш учун нақлий далил саналади. Аммо, унда қилинадиган амалларга келадиган бўлсак, албатта, Аллоҳга шукрона бўладиган Қуръон тиловати, таом ва садақалар тарқатиш, пайғамбар а.с. ҳақларидаги қасида ва мадҳиялар ўқиш, охиратга савоб бўладиган амалларга тарғиб этиш каби амаллар билан ўтказиш лозим бўлади”. 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак мавлуд тадбирларида қуръон ўқилиши, саловотлар айтилиши ва пайғамбаримиз хаёт йўллари эска олинишлигини хисобга олсак бу амалларни қилишга бир неча оятлар ва кўплаб хадиси шарифларда далолатлар борлиги барчага аёндир. Хатто сохта салафийлар ўзларига манавий ота санаган  Ибн Таймия мавлиди шарифни нишонлашни жоиз дейди.  

«Мавлиди шарифни баъзи инсонлар улуғлаб, байрам сифатида нишонлашади. Бунга яхши ниятлари, ва Росулуллоҳ саллолохи алайхи вассалламни улуғлаганлари учун ажри азим бўлади» ( Ибн Таймия. Иқтизоус-сирот) .  Буни қаранки бу адашган кимсалар хатто ўзлари эътироф қилган олимнинг сўзини хам жохилликлари сабабли қабул қилишмайди. Бу кимсаларнинг мақсади  пайғамбар саллолохи алайхи вассаллам ва умматнинг орасидаги маънавий ришталарни узишми? Ислом уммати Расули Акрам саллолохи алайхи вассалламни ўз жонидан ортиқ севар экан, улар шум ниятларига асло ета олмайдилар.  

 

Баҳодир Шарипов, 
Чуст тумани бош имом-хатиби 

Related posts