Раддия

ЖИҲОД ЎЗИ ҚАНДАЙ АМАЛ?

ЖИҲОД ЎЗИ ҚАНДАЙ АМАЛ?

       Ислом динидаги ҳижрат, жиҳод ва шахидлик каби атамалар мазмун моҳиятини энг аввало ўзимиз мукаммал ўрганиб,  ёшлар онгига далил исботи билан тушинтириш, барчамизнинг бугунги кундаги энг муҳим  вазифамиз бўлиб қолмокда.

Афсуски кўп ёшларимиз бу атамаларни яхши билмасликлари оқибатида  юртига, ота-онасига, ҳаттоки юртимиз уламоларига  қарши чиқишгача бормоқда.

        Жиҳод ўзи асли нима дегани, шу тўғрисида озгина тўхталиб ўтсак. Жиҳод сўзи араб тилидан таржима қилинганда, ғайрат қилмоқ, ҳаракат қилмоқ, интилмоқ,  бор кучини сарфламоқ, меҳнат қилмоқ каби маъноларни англатади.   

       Жиҳоднинг маъносидан кўриниб  турибдики, унда уриш қилиш, ўлдириш, қон тўкиш,босиб олиш ва зўравонлик қилиш маънолари йўк.

       Жиҳод – Исломни куч билан ёйиш, қурол ёрдамида тарқатиш воситаси эмас. Аксинча, душманликни кетказиш, зулмни бартараф этиш ва заифларни ҳимоя қилиш йўлидир.

       Жиҳод тушунчасини  баъзи ёшлар яхши тушунмасдан   ҳокимиятни ағдариш, одамлар онгини заҳарлаш, кўр-кўрона бошқа оқимларга қўшилиб,  жиҳод тушунчаси шу экан, дегани хулосага келиб, қўлига қурол олиб, юртдошларимиз адашиб юртига мусулмонларга қарши чиқмоқдалар. Қуръони каримда жиҳод тўғрисида бир қанча оятлар бор.

     Қуръони каримдан далил: Аллоҳ таоло «Бақара» сурасининг 190-оятида шундай деган: “Сизга уруш қилаётганларга қарши Аллоҳнинг йўлида уруш қилинг. Ва тажовузкор бўлманг. Албатта, Аллоҳ тажовузкор бўлганларни хуш кўрмас”.

Мазкур ояти  каримада уруш қилган кишиларга қарши уруш қилишлик ва унда ҳаддан ошиб тажовузкор бўлмаслик айтилмоқда. Ҳаттоки, уруш ҳолатида ҳам Ислом уларга зулм ва зўравонлик қилмасликни буюрмоқда.

      Расулуллоҳ алайҳиссалом шундай дедилар: “Ким ноҳақ бир кишини ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳидламайди. Жаннатнинг ҳиди қирқ йиллик масофадан таралиб туради. 

       Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳималлоҳ ўз китобларида жиҳод ҳақида Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни келтиради. “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига жиҳодни ирода қилган холида келди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, “ота-онанг тирикми “-дедилар. “Ҳа”, деди”. У зот, бориб ота-онангни хизматларини қил, уларнинг розилигини ол, дедилар. Ушбу ҳадисдан жиҳоднинг маъноси фақат қурол ушлаб уруш олиб боришдан иборат эмаслиги, бу сўзнинг маънолари кўп эканлигини ҳам билиб оламиз. Ота-онага хизмат қилиш, уларнинг розилигини олиш учун бўладиган ҳатти-ҳаракатлар ҳам, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида жиҳод деб номланган.

        Мазкур киши учун жиҳод қилмаслик маъсият эмас экан. Ота-онасига хизмат қилиш фойдалироқ. Бу шахс учун ота-онанинг ризолигини топиш афзал экан.

Муборак хадисда жиходнинг афзали нафсга қарши кураш дейилган.

        Хулоса қилиб айтганда Ислом дини икки жамоа ўртасида уруш бошланса, улардан бирига қўшилиб, уни алангалатишга эмас, балки тинчликка эришишга чақиради. Шундан келиб чиқиб, биз ватандошларимизни турли  алдамчи  тарғиботларга  учмасликка, фитналардан йироқ бўлишга чақирамиз

Юнусхон Умаров,
Косонсой туман “Садпири комил” жоме
масжиди имом хатиби

Related posts