Байрам ва марака маросимлари

УСТОЗЛИК МАҚОМИ.

УСТОЗЛИК МАҚОМИ.

Самодан илк нозил бўлган оят “Ўқи!” бўйриғи ила бўлди. Ўқиш учун яхши устоз ва муносиб муҳит бўлиши керак. Устозсиз ҳеч бир нарсани ўрганиб бўлмайди.

Устознинг даражаси нақадар буюклигини ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча бор такрорлаганлар: Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳаттоки уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига саловат айтадилар", дедилар» (Термизий ривояти).

 

من علمني حرفا كنت له عبدا

 

Али розияллоҳу анҳу: «Менга бир ҳарфни ўргатган устоз мен у учун қулман», деганлар.

 

Aллоҳ таоло исломда устознинг мавқеини баланд қилиб, шогирдлари устидан ҳақ-ҳуқуқлар берди. Имом Шофий раҳимахуллоҳ устозлари Имом Молик раҳимахуллоҳ дарсларида  ўтирсалар, китобларни саҳифаларини устозга озор бериб қўймаслик учун  ўта мулойимлик билан варақлар эдилар. Бу исломий одобни гўзал кўринишидир.

Буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоий «Насойимул Муҳаббат мин шамоимул футувват» асарларида қуйидаги ҳикояни келтирадилар:

"(Амир Абу Алининг) Бир шогирдии бор эди, оти Муҳаммад Шаҳрободий  бир куни бу шогирдни бозорга юборди. Шаҳрободийнинг пули йўқ эди. Бозорга келиб ўзини қулликка сотди ва пулига Амир Абу Али сўраган нарсани олиб юборди. Бу савдодан бир неча кун ўтди. Шаҳрободийни сотиб олган киши бу ишдан хабар топгач озод қилиб юборди. 

Мана ҳақиқий, мард, фидоий шогирд, устози нарса олиб келишни илтимос қилганида ўзини пули бўлмаса ҳам устози берган пулни ҳаё қилиб олмаган, нима қилишни билмасдан ўзини сотиб бўлса ҳам устоз айтган нарсани олиб келган.

 

Азалдан илм-маърифат билан дунёни тебратган бизнинг юрт уламолари илм-маърифатда етук бўлганлар ва ҳеч ким етишолмаган чўққилларни забт этганлар. Бундан ҳосил бўлган халқ мақолларидан бири «Эти сизга, суяги бизга»дир.   Афсуски, шу ҳикмат кундан-кун унутилиб бораётгандек... Аксини олиб ўқувчилар устозлари устидан шикоят қилган, ҳатто керакли ташкилотларга ёзган, ўқувчининг ота-онаси келиб устоз билан жанжаллашган...

Энди-чи, энди биз Ғарбнинг салбий одатларига қараб кетайликми ё ўзимизнинг гўзал одатларимизга содиқ қолиб, Ислом одоби билан суғорилган маънавиятимизни сақлаб қолайликми?

Устознинг хизматини қилиб дуосини олган киши эса икки дунёда кам бўлмайди, унинг келажаги порлоқ бўлади, доно халқимиз бежизга «Устоз отангдек улуғ» демаган. 

 

Обидхон Икрамов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
 Наманган вилоят вакили биринчи ўринбосари

Related posts