Байрам ва марака маросимлари

УСТОЗ–ОТАНГДЕК УЛУҒ

УСТОЗ–ОТАНГДЕК УЛУҒ

      Инсон ҳаётга келар экан,икки хил озуқа-моддий ва маънаавий озуқа билан катта бўлади,балоғатга етади, камол топади. Бу икки озуқасиз инсон ҳаётини тасаввур қилиб бўлмайди. Сув, ҳаво, овқат, кийим-кечак,уй-жой моддий озуқа бўлса, одоб,илм,тарбия маънавий озуқадир.

   Уламолар, устозлар маънавият осмонида нур таратиб турган йўлчи юлдузлардир.Устозларнинг меҳнати,улар берган таълим-тарбия туфайли кишилар маърифатнинг нурли йўлини топадилар,жа-холатдан йироқ бўладилар. 

  Халқимиз,одатда, устозларни боғбонга қиёслайди.Бу бежиз эмас,албатта.Боғбон ерга  уруғ қадаб ёки кўчат экиб уни парваришлайди,яшнатади,боғу бўстонга айлантиради,юрт кўркига кўрк қўшади. Устоз эса бунданда савобли,шарафли ва манфаатли ишни амалга оширади.Фақат унинг меҳнати натижаси дарҳол эмас,балки беш-ўн йил ўтгандан кейин кўзга ташланади.Илм туфайли ҳаётда ўз ўрнини топиб,элига,Ватанига нафи тегаётган инсонлар қанча.Шунинг учун ҳам халқимиз қадим даврлардан устозлар ҳурматини улуғлаб “Устоз- отангдай улуғ!” деган ҳикматни айтиб келади.Абдураҳмон Жомий сўзи билан айтганда:

Устод, муаллимсиз қолганда замон,

Нодонликдан қора бўларди жаҳон.

  Аллоҳ азиз қилган инсонларнинг ҳурматини жойига қўйиш ҳам ибодат.Аллоҳ даражасини баланд қилган нарсаларни эъзозлаш ва улуғлаш қалбдаги тақводан эканлиги” Қуръони карим”да таъкидланади. Устоз ва муаллимлар каби илм соҳиблари ҳам айнан Аллоҳ қадрларини баланд қилган тоифага мансубдирлар.

  Илм аҳилларининг қадри нақадар улуғ экани “Қуръони карим”нинг “Мужодала” сураси,32-оятида қуйидагича баён этилади: “...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни(баланд) даража(мартаба)ларга кўтарур.Аллоҳ қилаётган(барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир.

   Илм аҳлларининг фазилатлари, икки дунёда эришадиган  даража ва мартабаларига доир оят ва ҳадислар жуда кўп учрайди.Муҳаммад Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламдан олим кишининг бир кунлик ибодати  илмсиз обиднинг қирқ йиллик ибодатига тенг эеани,қиёматда шафоат қилиши, агар у таъли ҳам берса,Ер ва осмонлардаги барча жонзот  Аллоҳдан унга мағфират сўраш  ва бошқа кўп башоратлар  саҳиҳ ҳадислар орқали ривоят қилинган.

  Анашундай улуғланган касб эгалари,устозларимиз ҳам,уламоларимиз ҳам лоақал бир кун бўлсин,бир лаҳза бўлсин бурч ва вазифаларини унутишга ҳақлари йўқ.Одамлар ичида ўзини тутиш,кийиниш,муомила маданияти,ўз илмини мунтазам ошириб бориш уларга қўйиладиган муҳим талаблардандир.

  Қадимда ўтган улуғларимиз,солиҳи салафларимиз устозлар, уламолар ҳақларини адо этиб, уларни юксак даражада қадрлаганлар.Бунга ҳазрат Алишер Навоийнинг ушбу машҳур байтини 

мисол қилиб келтиришимиз мумкин:

“Ҳақ йўлида ким санга бир харф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳақин минг ганж ила.”

Бизнинг юртимизда ҳам илм эгаларига, устозларга алоҳида эътибор кўрсатиб келинмоқда.   “1октябрь-устоз ва мураббийлар куни,”деб  умумхалқ байрами сифатида нишонланиши ҳам фикримизнинг далилидир.Фурсатдан фойдаланиб, барча устоз ва мураббийларимизни касб байрамлари билан чин кўнгилдан табриклайман.Авлодларимизни баркамол этиб тарбиялашдек шарафли ва масъулиятли ишда уларга сиҳат ва саломатлик, сабр-қаноат тилайман.

Нуриллоҳ Сирожиддинов,
Мингбулоқ тумани “Гуртепа” жоме 
масжиди имом ноиби

Related posts