Инсоният тарихида шундай улуғ ва шарафли касблар борки, уларсиз жамиятнинг ривожланишини, маънавият ва маърифатнинг юксалишини тасаввур этиб бўлмайди. Ана шундай энг улуғ, масъулиятли ва табаррук мақомлардан бири — устозлик ва муаллимликдир. Устоз — қалбларга маърифат зиёсини сочиб, жаҳолат зулуматини ҳайдовчи, инсонни комиллик сари етакловчи буюк сиймодир.
Қуръони Каримда устоз ва илм аҳлининг мақоми
Аллоҳ таоло инсониятга юборган энг биринчи ваҳийси — «Алақ» сурасининг илк оятлари айнан «Ўқи!» деган буйруқ билан бошланди:
«Ўқи! (Сўнг) Рaббинг кечиримлидир. У қалам билан (ёзишни) ўргатган Зотдир» (Алақ сураси, 1–4-оятлар).
Бу эса Ислом динининг устуни ва энг биринчи фарзи илм-маърифат ҳамда таълим-тарбия эканига ёрқин далилдир.
Аллоҳ таоло «Мужодала» сурасининг 11-оятида устоз ва олимларнинг мақомини шундай баён этади:
«...Аллоҳ сизлардан имон келтирганларни ва илм берилганларни баланд даража (мақом)ларга кўтарур...».
Демак, устозлик ва муаллимлик касби Яратган томонидан баланд даражалар ва юксак шараф билан мукофотланган, икки дунё саодатига эриштирувчи касбдир.
Ҳадиси шарифларда муаллимлик фазилати
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг юборилиш аҳамиятини баён этиб: «Албатта, мен муаллим (ўргатувчи) қилиб юборилдим» (Ибн Можа ривояти), деб марҳамат қилганлар. Бу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг энг бош вазифалари инсониятга ҳақиқатни, эзгуликни ва олийжаноб ахлоқни ўргатиш, яъни устозлик қилиш эканини таъкидлаганлар.
Бошқа бир муборак ҳадисда эса шундай дейилади: «Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмону ер аҳли, ҳатто инидаги чумоли ва денгиздаги балиқлар ҳам одамларга эзгулик ва илм ўргатувчи муаллимнинг ҳақига дуо ва истиғфор айтадилар» (Имом Термизий ривояти).
Таълим бериш билан бирга фойдали илм қолдириш инсон вафот этганидан сўнг ҳам савоби тўхтамайдиган садақаи жориядир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди, фақат уч нарсадан: садақаи жориядан, фойдаланиладиган илмдан ва унинг ҳақига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан савоб етиб туради» (Имом Муслим ривояти), деганлар. Устознинг ўргатган илми — айнан мана шундай ўчмас савоб манбаидир.
Устозга ҳурмат ва эҳтиром — илм олишнинг одобидир
Ислом манбаларида ва салаф-солиҳларимиз ҳаётида устозга бўлган ҳурмат илмнинг баракаси ва муваффақиятнинг асосий калити ҳисобланган.
Ислом оламида энг улуғ фиқҳ мактаби асосчиси Имом Аъзам Абу Ҳанифа ҳазратлари шундай дейдилар: «Устозим Ҳаммоднинг хонадони ва менинг уйим ўртасида еттита кўча бор эди. Лекин устозим вафот этгунича, у кишининг хонадони томонга қараб ҳеч қачон оёғимни узатиб ётмаганман. Ҳар сафар намоз ўқиганимда, ота-онамга қандай мағфират сўраб дуо қилсам, устозим Ҳаммодга ҳам шундай мағфират сўраб дуо қиламан».
Мана шундай юксак ахлоқ, устозга бўлган чексиз ҳурмат ва камтарлик сабабли Аллоҳ таоло Абу Ҳанифа ҳазратларини бутун дунёга машҳур ва севикли «Имоми Аъзам» (Буюк Имом) мақомига эриштирди.
Ҳазрати Али розиҳаллоҳу анҳу эса устознинг қадри ҳақида шундай деганлар:
«Ким манга биргина ҳарф ўргатган бўлса, мен унинг қулиман: хоҳласа мени сотиб юборсин, хоҳласа озод қилсин ёки қул қилиб сақласин».
Устозлар — келажак меъморларидир
Устоз ва муаллимлар жамиятнинг маънавий устунлари, келажак пойдеворини қурувчи меъморлардир. Жамиятда устознинг қадри қанчалик баланд бўлса, ўша миллатнинг келажаги ва маънавияти шунчалик мустаҳкам ва нурафшон бўлади. Уларнинг машаққатли, аммо шарафли меҳнатларини қадрлаш, уларга самимий ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳамда дуоларини олиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг ва шогирднинг муқаддас бурчидир.
Аллоҳ таоло юртимизда ва бутун дунёда сидқидилдан хизмат қилаётган барча устоз ва мураббийларимизнинг умрларини узоқ, ризқларини баракали қилсин. Уларнинг илм-маърифат йўлидаги хайрли меҳнатларининг мукофотини икки дунёда зиёда қилиб берсин! Омин.
Абдулвоҳид Исақов
Янгиқўрғон тумани “Исҳоқ ҳожи” жоме
масжиди имом-ноиби