Жамият аъзоларига муносабат

УСТОЗЛАРГА ЭҲТИРОМ — ВОЖИБ!

УСТОЗЛАРГА ЭҲТИРОМ — ВОЖИБ!

Маълумки, муқаддас динимизда устоз ва мураббийларга бўлган эҳтиром беқиёсдир. Муаллимлик, мураббийлик ва устозлик мартабаси — юксак ва буюк шарафдир. Зеро, башариятнинг энг афзал вакиллари бўлмиш пайғамбарлар ҳам инсониятга муаллим ва мураббий қилиб юборилганлар.

Дарҳақиқат, бу соҳа вакиллари жамиятимизга сув ва ҳаводек зарурдир. Бу муҳтарам зотларни бамисоли ўз нурини атрофга сочаётган қуёшга ўхшатсак бўлади. Қуёшнинг нуридан барча мавжудот баҳраманд бўлганидек, уларнинг маърифат зиёсидан бутун башарият манфаатланади. Бу сўзимизга ҳазрат Абдураҳмон Жомийнинг қуйидаги байтлари яққол мисол бўлади:

Устоз, мураббийсиз қолганда замон,

Зулумотдан қора бўларди жаҳон.

«Муаллим» сўзининг маъноси «илм берувчи, таълим берувчи, ўргатувчи» демакдир. Пайғамбарлар инсониятга эзгуликни таълим берганлар, шунингдек, ихлос билан яхшиликка чақирганлар. Мана шунинг ўзи ҳам бу соҳа вакилларининг мартабаси нақадар юксак эканига далолат қилади.

Давлатимиз томонидан таълим соҳасига ва ўқитувчи-мураббийларга кўрсатилаётган эътибор таҳсинга лойиқдир. Зеро, улар тарбиялайдиган билимли, ҳам маънавий, ҳам жисмоний жиҳатдан баркамол фарзандларимиз юртимиз келажагини белгилайди. Бизнинг мусулмонлик бурчимиз — ҳар бир яхшиликка шукр айтиш ҳамда бу хайрли ислоҳотларда фаол бўлиб, имкон қадар уларни қўллаб-қувватлашдан иборатдир.

Ислом таълимотига кўра, устоз нафақат бу дунёда иззат-ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хайрли хизматлари ва ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи аъмолига савоб тўхтовсиз бориб туради. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай деганлар:

«Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди, фақат уч нарса туфайли (унинг номаи аъмолига савоб ёзилиб туради): садақаи жория, фойдали илм ва ҳаққига дуо қилувчи солиҳ фарзанд». (Имом Муслим ривояти)

Юртимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш ва ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Жамиятнинг катта қисмини ташкил қилувчи ёшларимизга таълим-тарбия бериб келаётган устоз ва мураббийларимизни ҳар вақт ҳурмат қилишимиз ва эъзозлашимиз лозим.

Зеро, келажак авлоднинг баркамол, етук ва маърифатли бўлиб етишишида уларнинг хизматлари беқиёсдир. Ўзбекистоннинг бугунги дунё ҳамжамиятида таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда ўз муносиб ўрнига эга бўлишида ҳам устозларнинг ҳиссаси катта.

Шу муносабат билан юртимизда ҳар йили 1 октябрь куни «Устоз ва мураббийлар куни» сифатида кенг нишонланади. Бу кунда устозларга янада кўпроқ ҳурмат-иззат кўрсатилиб, уларга хурсандчилик бахш этишга ҳаракат қилинади.

Ҳар бир шогирд устози вафот этган бўлса ҳам, ундан олган билимини бошқаларга етказиши ва устозининг ҳаққига хайрли дуолар қилиб туриши вафодор шогирдлик бурчидан ҳисобланади.

Аллоҳ таоло барчамизни билганларимизга амал қилишга, азиз устозларнинг билим ва маърифатларидан доимо баҳраманд бўлишга насиб айлаб, сидқидилдан хизмат қилаётган барча устоз ва мураббийларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида асрасин!

Камолхон Сулаймонов,
Наманган шаҳри “Ҳомиддин қори” жоме 
масжиди имом-хатиби

Related posts