Устоз ва мураббийларни ҳурмат қилиш, уларнинг қадрини улуғлаш — диннинг гўзал шиорларидан биридир. Зеро, илм аҳлини, олиму уламоларни эъзозлаш ва уларга эҳтиром кўрсатиш динимизнинг юксак одобларидандир.
Устоз — инсонга фақат китобдаги сўзларни ўргатадиган киши эмас. У қалбга маърифат уруғини қадайди, ақлга тафаккур эшигини очади, инсонни жаҳолат зулматидан илм зиёси сари бошлайди. Шу маънода устоз — инсон ҳаётида йўл кўрсатувчи чароғдир.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: عَنْ أنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: «العلماءُ أمناءُ اللهِ على خلقِهِ». «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олимлар Аллоҳнинг бандалари орасидаги ишончли ва омонатдор кишилардир”, дедилар». (Имом Суютий ривояти)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олимларнинг мақомини юксак даражага кўтарганлар. Чунки илм аҳли инсонларни яхшиликка, ҳақиқатга ва тўғри йўлга етаклайди.
Бу ҳақиқатни Мусо алайҳиссалом ва Хизр алайҳиссалом воқеасида ҳам кўриш мумкин. Мусо алайҳиссалом пайғамбар бўлишларига қарамай, Аллоҳ таоло томонидан махсус илм ато этилган Хизр алайҳиссаломга эҳтиром ва камтарлик билан мурожаат қилганлар: «Сизга билдирилган билимдан менга ҳам тўғри йўлни таълим беришингиз учун сизга эргашсам майлими?»
Бу — илм толибининг устози олдидаги одоби қандай бўлиши кераклигининг буюк намунасидир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ҳам устозга ҳурмат ва илмга муҳаббат борасида тенгсиз ибрат қолдирганлар. У киши Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан илм олар эдилар. Бир куни устозларининг эшиги олдига бориб, уларнинг чиқишини кутдилар. Устозлари чиқмаганларидан сўнг ҳам қайтиб кетмадилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу эшик олдида кутиб ўтириб, ҳатто ухлаб қолдилар. Бир пайт шамол кўтарилиб, атрофни чанг-тўзон босди. Аммо илмга чанқоқ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо жойларидан силжимадилар. Шамол кўтарган қумлар у кишининг қулоқларига кириб кетган бўлса ҳам, устозларини кутишда давом этдилар.
Ниҳоят, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ташқарига чиқсалар, эшик олдида сочлари тўзиган, чанга беланган ҳолда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу турганларини кўрдилар. — Нима сабабдан келдингиз? — деб сўрадилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: — Илм олиш учун келган эдим, — дедилар. Шунда Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу хижолат бўлиб: — Эй, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиваччалари! Агар одам жўнатганингизда, ўзим уйингизга борар эдим. Сиздек улуғ зотларга биз бориб дарс беришимиз керак, — дедилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу эса: — Йўқ. Илм олиш учун устозлар эшиги олдига келишга буюрилганмиз, — деб жавоб бердилар.
Мана, илмнинг қадри!
Бугун биз баъзан устознинг бир оғиз танбеҳидан хафа бўламиз, биргина эътирозидан ранжиймиз, ҳатто ундан илм олганимиз ҳолда унинг камчилигини қидиришга шошиламиз.
Аммо аждодларимиз илмни шундай азиз билганларки, устоз эшиги олдида кутишни ўзларига ор деб эмас, шараф деб билганлар.
Шундай экан, ҳар бир шогирд унга илм берган устозини, касб-ҳунар ўргатган мураббийини ҳурмат қилиши, ҳақларига дуойи хайр қилиши ва уларга яхшилик тилаши лозим.
Чунки устозга қилинган эҳтиром — илмга қилинган эҳтиромдир. Илмга қилинган эҳтиром эса ҳақиқатга қилинган эҳтиромдир.
Жаъфархон Суфиев,
Тўрақўрғон тумани “Исҳоқхон тўра” жоме
масжиди имом-хатиби