Жамият аъзоларига муносабат

УСТОЗ — МИЛЛАТ ТАРБИЯЧИСИ

УСТОЗ — МИЛЛАТ ТАРБИЯЧИСИ

Юртимизда яна бир шодиёна — «Устоз ва мураббийлар куни» кенг нишонланади, иншааллоҳ. Ёш авлоднинг теран билимли ва етук мутахассис бўлиб етишишида устозларнинг беминнат хизматлари улкандир. Дарҳақиқат, муборак динимиз таълимотлари инсон зотини жаҳолат зулматидан нурли ҳаётга олиб чиқишда муҳим омил бўлган улуғ устоз ва мураббийлар хизматига юқори баҳо беради ҳамда Аллоҳ таолодан уларга улуғ мукофотлар бўлиши башоратини беради.

Аллоҳ таоло бутун инсониятни зулмат, жаҳолат ва залолатдан фақат илму маърифатгина халос этишини Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга нозил қилган Қуръони каримнинг илк оятларида: «Иқра», яъни «Ўқинг!» деган чақириғида алоҳида таъкидлаб қўйган. Инсоният ҳаётида ҳатто Одам алайҳиссаломни барча фаришталардан ҳам юқори мақомга кўтарган нарса айнан илм-маърифатдир.

Ҳақ таоло Қуръони каримда илмли кишиларнинг ва устозларнинг мартабалари юксак даражаларга кўтарилишини баён қилиб, шундай дейди:

«Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илм берилганларни даражаларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир». (Мужодала сураси, 11-оят)

Бошқа бир ояти каримада эса: «...Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!» (Зумар сураси, 9-оят) дейилган.

Аллоҳ таоло олимларнинг нақадар омонатдор ва тақволи эканини таъкидлаб: «Бандалари орасида Аллоҳдан фақат олимларгина қўрқарлар. Ҳақиқатан, Аллоҳ қудратли ва мағфиратлидир», дейди (Фотир сураси, 28-оят).

Мазкур ояти карималар Аллоҳ таоло илм эгаллаган ва уни бошқаларга етказишда холис ва жиддий саъй-ҳаракат қиладиган улуғ устозларнинг обрў-эътиборларини янада юқори кўтариб қўйишини ваъда қилмоқда.

Олимлик ва устозлик мақоми нақадар улуғ ва бемисл экани ҳақида Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Олимнинг бошқалардан ортиқлиги тўлин олувдаги ойнинг бошқа юлдузлардан зиёда нурли эканига ўхшайди. Дарҳақиқат, уламо-устозлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар ўзларидан кейин динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар фақат илму маърифатни мерос қилиб қолдиришган. Ким бу меросни олган бўлса, у катта бахт-саодатни қўлга киритибди». (Имом Термизий, Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти).

Илм-ирфон тарқатиш, ёшларга таълим-тарбия бериш нақадар улуғ фазилат ва савобли иш экани ҳақида Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилган: «Дарҳақиқат, инсонларга яхшилик ва илму маърифатни ўргатган барча устозларга барча жонзотлар, ҳаттоки денгиздаги балиқлар ҳам истиғфор айтади».

Луқмони Ҳаким ўғлига шундай насиҳат қилган экан: «Эй ўғлим! Олимлар билан ҳамнафас бўл, устозлар орасида ўтир. Чунки Аллоҳ таоло еру осмонни ёмғир суви билан обод қилганидек, қалбларни ҳам илму ҳикмат нури билан мунаввар қилади».

Бугунги кунда илм олиш учун ҳеч қандай монелик йўқ, барча шарт-шароит ва имкониятлар муҳайё. Юзлаб ўқув юртлари, техникум ва лицейлар очиб қўйилган. Шундай имкониятлар бўлишига қарамай, баъзи инсонларда рағбат суст, ғайрат ва ҳаракат етишмаётгани сезилиб қолмоқда. Қанчалаб вақтимизни беҳуда амалларга, номақбул ўтириш ва бекорчи гапларга сарфлаб юборяпмиз. Бироқ озгина илм олишга, ҳеч бўлмаса, оммавий ахборот воситаларида тарқатилаётган фойдали хабар ва маълумотлар билан танишиб қўйишга ҳам вақт ва имкон топмаяпмиз.

Ўтмишда оила дастурхони атрофида хонадон улуғининг эрталаб ва кечқурунлари илмий-ахлоқий мавзуларда ихчамгина маърифий суҳбат уюштиргани бизга худди эртаклардагидек эриш туюлмоқда. Онда-сонда вақт топиб нимадир ўқишимиз ҳам оқсамоқда: дунё ва охиратимиз учун фойдали, илм ва фикрлашга ундовчи китоб, газета ва журналлар ўрнига олди-қочди ёки бемаъни нарсаларни ўқишга одатланмоқдамиз.

Маълумки, улуғ устозлар ҳамма нарсадан илму маърифатни афзал билишган ва бутун ҳаётларини илмга, шогирдларга таълим беришга бағишлашган. Шунинг учун таълим олувчи талабадан устозини эъзозлаш талаб этилади. Устозга меҳр қўймаган, уни ҳурмат қилмаган шогирднинг илмни пухта эгаллашига ишониш қийин. Бемор киши ўз ихтиёрини бутунлай табибга топширганидек, таълим олувчи шогирд ҳам ўзини батамом муаллим ихтиёрига топшириши, уни эъзозлаб-ҳурматлаши ва доимо хизматида шай туриши лозим.

Манбалар асосида тайёрланди. 

Пахриддин Юсупов,
Наманган тумани бош имом-хатиби 

Related posts