Таълим тарбия

УМР ҚАДРИ

УМР ҚАДРИ

Одам фарзанди учун берилган барча неъматларнинг ичида умр неъмати бебаҳо ва буюк неъматдир. Аллоҳ таъоло азалий ирода ва қудрати билан инсон зотини барча мавжудотлар ичра ақл ва тафаккур билан мумтоз этди. Одам фарзандининг ҳаётига зарур бўлган барча нарсаларни, шу жумладан унинг умрини, вақтини белгилаб, қадр-қиймати билан яратди. Қуръони Каримда: “Унинг даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир”- дейилган. (Раъд сураси, 8-оят)

Шундан келиб чиққан ҳолда ҳар биримиз ўзимизга берилган умрдан унумли фойдаланишга интилишимиз зарур. Буюк аждодларимиз умрларини жуда  ҳам қадрлашган. Ўзларига берилган умрдан унумли ва ибратли фойдаланганликлари учун тарихда “буюк инсонлар”, деган юксак мартабаларга эришганлар. Бу борада вақт ва умр неъматини аниқ кўра олган зоти шариф авваламбор Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эканликлари аниқ ва равшандир.

Шунинг учун ҳам У зот умр ва вақт тўғрисида оқилона фикрлар баён қилганлар. Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Огоҳ бўлинг, умрингизнинг қолган қисми бамисоли яшаб турган кунингизни қолган қисми кабидир”, деганлар. (Ахмад, Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Мазкур ҳадиси шарифнинг мазмуни умрга берилган диққат эътиборнинг юксак намунаси дейишимиз мумкин. Банда ҳар бир неъматни маълум вақтга тўхтатиши ёки қайтариши мумкин. Аммо умр ва вақтини ҳеч бир одам ҳеч қачон тўхтата олмайди. Ана шу ҳақиқатни тан олган машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу): “Бирор бир нарсага қуёши ботиб, унда умрим қисқариб, амалим зиёда бўлмаган кунимчалик надомат қилмадим”, деган.

Бобокалонимиз Имом Бухорий ҳазратлари ҳам ўн бир ёшларида етмиш минг ҳадисни ёд олганлар, ўн саккиз ёшларида эса саккиз жилдлик “Ат-тарихул-кабир” китобини ёзган Яна умрлар ичра ибратлиси Шарқ ва Ғарбда “Олимлар бошлиғи”, “Табиблар подшоҳи” каби буюк номларга сазовор бўлган Ибн Синонинг умридир.

Аллома ўн уч ёшида бошланғич математика, мантиқ, фиқҳ, фалсафа илмлари билан шуғулланди. Ибн Сино эллик етти ёшида вафот этган бўлиб, ёзган асарларининг умумий сони тўрт юзи элликдан ошади. Бизгача фақат бир юзи олтмишга яқин асари етиб келган.

Аллоҳ берган буюк неъмат бўлмиш умрдан оқилона фойдаланмаслик нодонлик бўлса, у умрга қасд қилишлик ва завол топтиришлик энг катта нонкўрлик ва гуноҳи кабирадир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсонни энг қийин ва мушкул вазиятларда ҳам ўлимни орзу қилишликдан қайтарганлар. Ҳатто ўзига ўлим тилаш ва уни орзу қилиш кечирилмас гуноҳдир.

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замони саодатларида бир кишини ўзини тиғи учли темир билан ўлдириб қўйди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жаноза намози ўқимадилар”. (Имом Муслим, Термизий, Абу Довуд ва Насоий ривоятлари).

Бошқа бир ҳадиси шарифда: “Ким бу дунёда ўз жонига бирон бир нарса билан қасд қилса, охиратда у абадий шу нарса билан азобланади”.

Инсон ўзига узун ва сермазмун, оиласи ва жамиятга кўплаб манфаатлар етказадиган умр кўришликни Аллоҳ таъолодан сўраши лозим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мунча ҳам яхши умри узун бўлиб, амаллари яхши бўлган кишига”, деб марҳамат қилганлар.

Шарифхон Пайзуллаев,
Наманган шаҳри “Хомиддин қори” жоме 
масжиди имом-ноиби

Related posts