Жамият аъзоларига муносабат

АЛЛОҲНИНГ ЭНГ БУЮК НЕЪМАТИ

АЛЛОҲНИНГ ЭНГ БУЮК НЕЪМАТИ

Сув –  инсониятга Аллоҳ томонидан берилган энг буюк неъмат ва энг улуғ иноят. Қуръони Каримда “ ماء ” ва “ الماء ” сўзлари 59 марта зикр қилинган. Яна “ ماءك، ماءها، ماؤكم، ماؤها ” каби изофа шаклларида 4 марта келган. Шундай қилиб, Қуръони Каримда сув умумий ҳисобда 63 марта келган.

Қуръондаги ҳақиқат

وَجَعَلْنَاْ مِنَ المَاْءِ كُلَّ شَيْءٍ حَيٍّ أَفَلاْ يُؤْمِنُوْنَ

«Биз ҳар бир тирик нарсани сувдан яратдик. Улар имон келтирмайдиларми?» (Анбиё сураси, 30-оят).

Ибн Касир ушбу оятни шундай тафсир қилади: «Яъни, ҳар қандай ҳаётнинг асоси сувдан яратилган»

Олимлар бу оятдаги «сувдан яратилди» деган ибора ҳақида турли фикр билдирганлар:

Баъзилар: Бу ерда назарда тутилган сув – нутфа (уруғ) бўлиб, тирик мавжудотлар уруғ орқали яратилган. Демак, бу умумий ифода, аммо айрим ҳолатлар бундан истисно бўлиши мумкин.

Бошқалар: Бу ўзимизга маълум сув бўлиб, ҳайвонлар ёки жониворлар бевосита сувдан ёки билвосита – озиқ-овқатлар орқали сувдан шаклланади.

Шайх Шинқитий айтади: «Гўшт, сут, балиқ каби нарсалар ҳам аслида сувдан ҳосил бўлади.»

Бу ерда Қуръоннинг мўъжизавийлиги шундаки, оятда сув ҳар қандай тирик жонзотнинг вужудини ташкил этувчи асосий унсур эканлиги баён қилинмоқда. Чунки сув тирик ҳужайра моддасининг асосий таркибий қисмидир, замонавий фан ҳам буни тасдиқлаган: инсон, ҳайвон ва ўсимликларнинг танаси 90 фоиздан ортиғи сувдан ташкил топган.

Бошқа оятда Аллоҳ таоло сув барча мавжудотларнинг асоси эканини баён қилган:

وَاللَّهُ خَلَقَ كُلَّ دَابَّةٍ مِنْ مَاءٍ

«Аллоҳ ҳар бир жониворни сувдан яратди» (Нур сураси, 45-оят)

Имом Қуртубий бу оят тафсирида шундай дейди: Яъни Аллоҳ ер юзида юрувчи ҳар қандай тирик мавжудотни сувдан яратган.

عن أبي هُريرةَ رَضِيَ الله عنه قال: قلتُ: يا رَسولَ اللهِ، إنِّي إذا رأيتُك طابَتْ نَفسي، وقرَّتْ عيني، فأنبِئْني عن كُلِّ شَيءٍ، فقال: كُلُّ شَيءٍ خُلِقَ مِن ماءٍ" أخرجه أحمد

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен сизни кўрсам, қалбим таскин топади, кўзим қувонади. Менга ҳар бир нарса ҳақида хабар беринг,» дедим.

Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳар бир нарса сувдан яратилган.» (Аҳмад ривоят қилган)

Демак, барча мавжудотларнинг асоси ва таркибий моддалари сувдан яратилгандир.

Жинларнинг оловдан ва фаришталарнинг нурдан яратилгани бунга зид эмасми? 

Қуръон барча жонли ва ер юзида ҳаракат қилувчилар сувдан яратилганини билдиради, яъни сув барча ҳайвонотнинг таркибий моддасидир. Шунинг учун уларнинг барчасининг асл манбаси – мутлақ сувдир, бу эса қуйидаги оятга зид эмас: 

وَالْجَانَّ خَلَقْنَاهُ مِنْ قَبْلُ مِنْ نَارِ السَّمُومِ

 «Биз жинни илгари заҳарли оловдан яратганмиз» (Ҳижр сураси, 27-оят)

وقَولُ النبيِّ ﷺ "خُلِقَتِ المَلائِكَةُ مِن نُورٍ، وخُلِقَ الجانُّ مِن مارِجٍ مِن نارٍ، وخُلِقَ آدَمُ ممَّا وُصِفَ لَكُمْ

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Фаришталар нурдан, жинлар алангали оловдан, Одам эса сизга баён қилинган нарсадан яратилган.» Муслим ривояти.

 

«Ҳар бир нарса сувдан яратилган» ҳадиси нур ва оловнинг ҳам асоси сув эканини билдиради, худди шунингдек, Одам яратилган тупроқнинг асоси ҳам сувдир; Чунки Одам лойдан яратилган, лой эса сув билан аралашган тупроқдир, ёки тупроқнинг ўзи сувдан пайдо бўлган. (Ибн Ражабнинг “Латоифул маориф китобидан)

Қуръони Каримда сувнинг 23 хил тури зикр этилган. Ҳар бирининг ўзига хос хоссаси бор. Сиз уларнинг нечтасини биласиз?

Манбалар асосида таёрланди. 

Фазлиддин Салимов 

Мингбулоқ туман “Мулла Тожи Аҳмад”  
жоме масжиди имом хатиби.

Related posts