Жамият аъзоларига муносабат

УЙИНГИЗ МУАММОЛАРДАН ХОЛИ БЎЛИШИНИ ҲОҲЛАЙСИЗМИ?!

УЙИНГИЗ МУАММОЛАРДАН ХОЛИ БЎЛИШИНИ ҲОҲЛАЙСИЗМИ?!

        Албатта,  шайтон сизга душмандир. Бас, уни душман тутинг...” (Фотир сураси 6-оят).  Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунда кўпчилик инсонлар уни  дўст  тутиб, мажлисларида  суҳбатдош,  йўлларида  ҳамроҳ қилиб  олмоқдалар.  У учун уйларини эшикларини очиб қўймоқдалар.  Баъзи  инсонлар у  учун  қалбларини очиб,  унинг  буйруқларига  бўйсуниб,  қайтариқларидан  қайтмоқдалар. Ҳатто,  Аллоҳни  қўйиб  уни маъбуд  санамоқдалар.  Аллоҳ таоло  Ўзи  паноҳ берсин!  Аллоҳ  таоло бу  ҳақда  “Мен сизларга:  “Эй,  Одам болалари,  шайтонга ибодат қилманг, албатта, у сизга очиқ-ойдин душмандир” (Ясин сураси 60-оят) деб огоҳлантирган. 

Агар сизга чўпонни ити ҳужум қилса, уни қайтаришга кучингиз етмаса, чўпонни ўзини чақириш керак, ўзи даф қилади. “Бизга кўринмай туриб бизни кўрадиган  душманни уни кўриб турадиган, аммо у (шайтон) Уни кўрмайдиган Зот (Аллоҳ)дан паноҳ сўраш билан даф қиламиз”,- дейди уламоларимиз.

Кўп  инсонлар  уйларидаги муаммолардан  ўзлари  ва аёллари ўртасидаги муросасизликдан,  фарзандлари  ўртасидаги низолар, касалликлардан, бир-бирларини  ўрталаридаги  меҳр-муҳаббат йўқлигидан шикоят қиладилар. Бунинг ечими  учун  сизларга    Қуръони  карим  ва ҳадиси  шарифларда  келган кўрсатмаларни  зикр  қиламиз. Агар  мана  шу ишларда бардавом  бўлсангиз  Аллоҳ таоло  Ўзининг  изни билан  сизни, уйингизни ва фарзандларингизни шайтоннинг ёмонлигидан сақлайди. 

 Уйингиз муаммолардан холий  бўлишини истайсизми?. Марҳамат...

1.Уйга кирган вақтингизда Аллоҳ таолони зикр қилинг. 

Бунда шариат бизларга кўрсатган кўп ва буюк фойдалар бордир.  Абу Мусо  Ашъарий  розийаллоҳу анҳудан  ривоят қилинган  ҳадиси шарифда Расулллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:  Агар бир  киши уйига  кирса: “Эй  Аллоҳим, мен  Сендан  кириладиган жойнинг  яхшисини  ва чиқиладиган  жойнинг  яхшисини сўрайман,  Аллоҳнинг  номи билан  кирдик  ва Аллоҳнинг  номи   билан чиқдик  ҳамда  Роббимиз Аллоҳга  таваккул  қилдик”, десин.  Сўнгра  аҳлига салом  берсин”  дедилар (Имом  Абу  Довуд ривояти).

2.Аҳли оилангизга салом беринг.

Имом  Нававий  раҳматуллоҳи алайҳ  “Киши  уйига кирганда “Бисмиллаҳ” демоқлиги,  Уни  кўп  зикр  этмоқлиги ҳамда  аҳли оиласига салом бермоқлиги мустаҳабдир” деганлар.

 Анас  розийаллоҳу анҳудан  ривоят  қилинган ҳадиси  шарифда Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи  саллам  “Эй ўғилчам,  агар  оила аъзоларинг ҳузурларига кирсанг, салом бергин. Ана шунда ўзингга ва  оила  аъзоларингга барака  бўлади”,  дедилар. (Имом  Термизий ривояти).

3.Уйда Қуръони карим тиловатини кўпайтиринг! 

Чунки Қуръонни  кўп  тиловат қилиш  уйни  поклаб, хушбўй қилади ҳамда шайтонни узоқлаштиради. 

4.. Аҳли оилангизга ширинсўз ва табассумли бўлинг!

Барчамизга  маълумки,  шайтон мусулмонларни  бирликларини бузишни хоҳлаб шунга макр ва тадбирлар қилади. Жобир ибн  Абдуллоҳ  розийаллоҳу анҳудан  ривоят  қилинган ҳадиси  шарифда Набий  соллаллоҳу  алайҳи васаллам: “Иблис ўз тахтини сув устига қўяди ва ўз лашкаридан гуруҳларни юборади.  Уларнинг  энг кўп фитначиси, унга  энг  яқинидир. Бириси  келиб  “ундоқ қилдим,  бундоқ  қилдим” дейди.  У  бўлса “ҳеч  нарса қилмабсан!”  дейди. Кейин  бошқа  бири келиб  “уни  қўярда қўймай хотини  билан  орасини буздим”  дейди.  У эса  ўшани  ўзига яқинлаштириб  “Ҳа! Балли!  Сенсан!”  дейди”, дедилар  (Имом Муслим ривояти).

 

Шукруллоҳ Турсунов,
Наманган шаҳар “Абу Ҳанифа” 

жоме масжиди имом-хатиби

Related posts