Жамият аъзоларига муносабат

СИЛАИ РАҲИМ — УМР БАРАКАСИ ВА НАЖОТ КАЛИТИ

СИЛАИ РАҲИМ — УМР БАРАКАСИ ВА НАЖОТ КАЛИТИ

Бугун жамиятимизда тез-тез учраётган аччиқ ҳолатлардан бири — қариндошлар ўртасидаги совуқлашувдир. Арзимаган сабаблар туфайли ака-ука, опа-сингиллар, яқинлар бир-биридан узоқлашиб, йиллар давомида ҳол-аҳвол сўрамай қўяётгани сир эмас. Ҳолбуки, инсонни инсон қиладиган энг улуғ фазилатлардан бири — бу қариндошлик ришталарини асрашдир. Динимизда бу амал силаи раҳим деб аталади ва у улкан савоб, барака ҳамда нажот сабабидир. 

Мен, имом-хатиб сифатида, хизмат фаолиятим давомида кўп бора шунга гувоҳ бўлдимки, инсонлар орасидаги кўплаб низолар, қалбдаги оғриқлар айнан қариндошлик алоқаларининг узилиши билан боғлиқ. Баъзан арзимас бир гап ёки тушунмовчилик йиллар давом этадиган адоватга айланиб кетади. Натижада эса меҳр ўрнини совуқлик, яқинлик ўрнини бегоналик эгаллайди. 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда қариндошлик алоқаларини узмасликни буюради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) эса марҳамат қиладилар: «Ким умрининг узайишини ва ризқининг кенгайишини истаса, қариндошлик ришталарини боғласин». Бу муборак ҳадис силаи раҳимнинг нақадар буюк фазилат эканини яққол кўрсатади. 

Масжид минбаридан туриб айтаман: силаи раҳим — бу фақат байрамдан байрамгача бориб келиш эмас. Бу қалбни поклаш, кечиримли бўлиш, дардда ҳам, қувончда ҳам яқинларга суянч бўлишдир. Баъзан оддийгина бир қўнғироқ, самимий бир сўз ҳам узилган ришталарни тиклашга сабаб бўлади. 

Афсуски, бугун айримлар қариндошлик алоқаларини узишни оддий ҳол деб қабул қилмоқда. Бу эса нафақат инсоний, балки диний жиҳатдан ҳам катта хатодир. Чунки ришталарни узиш қалбни қорайтиради, баракани камайтиради. Аксинча, кечиримли бўлиш, биринчи бўлиб қўл узатиш иймоннинг гўзаллигидир. 

Азиз юртдошлар! Ҳар биримиз ўзимизга савол берайлик: охирги марта қайси қариндошимизнинг ҳолидан хабар олдик? Кимнинг кўнглини кўтардик? Ким билан ярашдик? 

Бугун бир қадам ташлайлик. Узоқлашган яқинимизга қўнғироқ қилайлик, кўнгилларни яраштирайлик, меҳрни қайта тиклайлик. Зеро, узилган риштани боғлаш  энг улуғ савоблардан биридир. 

Унутманг, силаи раҳим бор жойда барака бор. Суянч бор. Энг муҳими, Аллоҳнинг раҳмати бор. 

Нуруллоҳ МАҲКАМОВ, 
Чуст тумани бош имом хатиби 

Related posts