Жамият аъзоларига муносабат

ТИНЧЛИГИМИЗ БИЗГА БЕРИЛГАН УЛУҒ НЕЪМАТ

ТИНЧЛИГИМИЗ БИЗГА БЕРИЛГАН УЛУҒ НЕЪМАТ

Ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, тинчликпарварлик ислом динининг моҳиятини ташкил этади.  Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида яшаб, Ватанимизни янада равнақ топтириш йўлида меҳнат қилиб келишмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим олишлари, қизиқиш ва лаёқатлари бўйича касб-ҳунар эгаллашлари, маданиятлари, анъана ҳамда қадриятларини сақлаш, ривожлантиришлари учун барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилган.   

Ҳар бир миллатнинг умумий манфаатлари билан бирга ўз қадриятлари ҳам бор. Ўзбекистон каби кўп миллатли мамлакатда турли миллатлар манфаатларини уйғунлаштириш, улар орасида тотувликни таъминлаш тараққиётнинг ҳал қилувчи омилларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда бу масалага мустақилликнинг дастлабки кунларидан катта эътибор қаратиб келинмоқда. 

Давлатимизнинг динга муносабати Конституциядаги инсон ҳуқуқлари, эътиқод ва виждон эркинлиги тамойилларига асосланиб, унга мувофиқ бирор миллатни ёки диний эътиқодни камситишга йўл қўйилмайди. Қадимдан диёримизда буддавийлик, зардуштийлик, насронийлик, яҳудийлик, ислом динлари ёнма-ён яшаб келган, маданият марказлари ҳисобланган  шаҳарларимизда масжид, черков,    синагогалар фаолият кўрсатган. Уларда турли миллат, элат ва динга мансуб халқлар, қавмлар ўз диний амалларини эмин-эркин адо этган. 

Ислом динимиз аввал бошданоқ инсониятга асл мурувватни, диндошларига, ҳатто бошқа дин вакилларига эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган ва келмоқда. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бу борада Ислом умматигагина эмас, бутун инсониятга ибрат-намуна бўлдилар. Ул зот Мадинага ҳижрат қилганларида давлат ишларидаги биринчи амаллари ўша ерлик яҳудийлар билан уларнинг ақидаларини ҳурмат қилишга асосланган аҳднома тузиш бўлди. Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) аҳли китобдан бўлган қўшнилари билан яхши муносабатда бўлар, ҳадя бериб, улардан ҳам қабул қилар эдилар. 

Муқаддас китобимиз Қуръони каримнинг 50 дан ортиқ сурасидаги юзлаб оятларда ҳам мусулмонлар мўмин-қобиллик, тинчликпарварлик ва бошқа эътиқод вакилларига нисбатан бағрикенгликка даъват этилган. 

Диёримиздан етишиб чиққан алломалар асарларида диний бағрикенглик билан боғлиқ қадриятларни тарғиб қилувчи ғоялар кенг ёритиб берилган. Буюк аллома, мотурудия ақидавий йўналиши асосчиси Абу Мансур ал-Мотурудийнинг асарларида баён этилган бағрикенглик ғоялари бунга мисол бўла олади.  

Авазбек Тўраев, 
Норин тумани “Қурбон ота” жоме  
масжиди имом-хатиби 

Related posts