Раддия

ТАКФИР НИМА?

ТАКФИР НИМА?

Ислом оламида аянчли оқибатларга сабаб бўлаётган, жаҳолат туфайли фитналарга замин яратаётган “такфир” тушунчасини мазмун-моҳиятини тўхталсак , “Такфир”  тушунчаси   “бировни кофирга чиқариш”, “кофир деб ҳисоблаш”   маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан туриб, “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас! Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: яъни:  “Сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар”  (Нисо сураси 94-оят).  

Демак, Аллоҳ таоло бу  ояти каримада шошма-шошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқариб, иш кўришдан қайтармоқда.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар:  яъни:  “Уч нарса имоннинг аслидандир.  “Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни, ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, уни қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.

Яна бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: яъни:  “Ким мўмин кишини кофирга чиқарса, уни ўлдиргандек (гуноҳкор) бўлади”  (Имом Бухорий ривоятлари).

Ушбу ҳадисга шарҳ ёзган уламоларимиз: “Мусулмонни ўлдирган қотил қанча гуноҳ олса, мусулмонни “кофир” деб ҳукм қилган кимса ҳам худди шундай гуноҳкор бўлади”, – деганлар. Ваҳоланки, мусулмонни ўлдириш қандай гуноҳ эканлиги ҳақида Аллоҳ таоло шундай деган:  “ Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлаб қўйгандир  (Нисо сураси 93-оят).

Тангани икки томони бўлгани каби, ҳар бир мусулмон қалбини шубҳалардан, тилини куфрий лафзлар (кишини кофирликка етаклайдиган сўзлар)дан ниҳоятда эҳтиёт қилиши зарур. Уламоларимиз куфр лафзлари ҳақида ақида китобларида алоҳида боблар ёзганлар.

Шундай экан, мусулмон киши ислом шиорлари (муқаддас тушунчалар)ни масхара қилиши ва паст санаши орқали диндан чиқиб қолади. Масалан, Аллоҳ таолони шериги ёки боласи бор дейиш, Аллоҳ таолога Унга нолойиқ бўлган сифатлар нисбатини бериш, Аллоҳ ёки пайғамбарларни масхара қилиш, улар буюрган топшириқ ва қайтариқларни инкор қилиш, дин амаллари ва шиорларини паст санаш ва масхаралаш, Қуръони карим, фаришталар, жаннат, дўзах, Қиёмат куни, қайта тирилиш ва намоз каби фарзларни инкор қилиш, уларни менсимаслик, масхара қилиш ва одамларни кулдириш учун улар ҳақида латифа тўқиш кишини имонига путур етказади.   

Бу ҳақда машҳур муҳаққиқ олим Имом Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ “Саҳиҳ Бухорий”га шарҳ ёзган ўзларининг “Фатҳул Борий” китобларида бундай деганлар: 

яъни:   “Кимнинг исломи (мусулмонлиги) аниқ бўлса, у исломдан фақат аниқ куфр билангина чиқади” (Аллоҳ асрасин!).

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, мусулмонни кофирга чиқаришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ! Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар. Шундай экан, мусулмон шахс суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан, ушбу қоидани маҳкам тутиши лозимдир.

 

Баҳодир Шарипов, 
ЎМИнинг Чуст туман бош имом хатиби

Related posts