Жамият аъзоларига муносабат

ШУКР ҚИЛМОҚЛИК – ОЛИЙ НЕЪМАТ

ШУКР ҚИЛМОҚЛИК – ОЛИЙ НЕЪМАТ

Бугун мустақил Ўзбекистонимизда кўпдан кўп фахрланса арзигулик ислоҳотлар, янгиланишлар бутун жаҳон кўз ўнгида амалга оширилмоқда. Қайси соҳага қарамайлик — ўсиш, ўзгариш ва бунёдкорликка гувоҳ бўламиз. Муҳтарам Юртбошимиз томонидан олиб борилаётган барча хайрли ишлар замирида фақат бир эзгу мақсад — халқ фаровонлиги, юрт тинчлиги ва эл ободлиги мужассамдир. Халқимиз илмли, маърифатли ва тўқ-фаровон ҳаёт кечирсин, деб тун-у кун меҳнат қилинмоқда.

Шу ислоҳотлар ва ижобий ўзгаришлар билан бир қаторда юртимизда муқаддас Ислом динимиз қадриятларини тиклаш ҳамда муҳтарам имом-хатибларимизга бўлган эътибор ва ғамхўрлик ҳам мисли кўрилмаган даражада ортди. Ислом динининг соф ақидалари ва инсонпарварлик моҳиятини халқимизга тўғри ва соф ҳолда етказиш имом-хатибларимиз зиммасига юкланиб, уларга катта ишонч билдирилмоқда.

Шу сабабдан Республикамиздаги барча имом-хатибларнинг илмий салоҳиятини ошириш, уларнинг замон билан ҳамнафас бўлишларини таъминлаш мақсадида кўплаб хайрли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон имомларининг таълим савиясини ошириш йўлида янги тизим ишга тушди. Бу тизимга кўра, имомлар имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинади ва уч йил мобайнида бакалавр олий шаҳодатномасига эга бўлишади.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Ўзбекистон Халқаро Ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш маркази ва унинг жойлардаги филиаллари ташкил этилди. Ушбу марказларда бугунги кунда вилоят, туман ва шаҳар бош имом-хатиблари ҳамда масжид имом-хатиблари малакали устозлар томонидан чуқурлаштирилган таълим олмоқдалар.

Умумий қилиб айтадиган бўлсак, бугун жонажон юртимизга Аллоҳ таолонинг беҳисоб неъматлари ва фазли ёғилмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларидан бирида шундай марҳамат қилганлар: «Кимки ўз уйида тинч-омон, тани соғлом ва бир кунлик таомига эга бўлган ҳолда тонгда уйғонса, гўёки унга бутун дунё берилибди» (Имом Термизий ривояти).

Бугунги тинч, доруломон ва тўкин кунларимиз айнан ана шундай буюк неъматдир. Эндиги вазифамиз — ушбу неъматларнинг қадрига етиб, Яратганга чин дилдан шукр қилиш ва зиммамизга юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажаришдир. Чунки шукр фақат тилда эмас, балки амалда — ҳалол меҳнат, илмга интилиш ва юрт равнақига ҳисса қўшиш билан ифодаланади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шукр қилувчиларга зиёдаликни ваъда қилиб, шундай марҳамат қилади:

(وَإِذۡ تَأَذَّنَ رَبُّكُمۡ لَىِٕن شَكَرۡتُمۡ لَأَزِیدَنَّكُمۡۖ وَلَىِٕن كَفَرۡتُمۡ إِنَّ عَذَابِی لَشَدِید)

Ва Роббингиз сизга: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилиурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», деб билдирганини эсланг (Иброҳим сураси, 7-оят).

Шунингдек, яна бир ояти каримада: «Бас, Мени эсланглар, Мен ҳам сизни эслайман. Ва Менга шукр қилинглар, куфр келтирманглар» (Бақара сураси, 152-оят), деб буюрилган.

Аллоҳ таолодан жонажон юртимиз тинчлигини бардавом, ободлигини зиёда, халқимиз ҳаётини янада фаровон қилишини сўраймиз. Ҳар бир ўтаётган вақтимиз ва берилган ҳар бир неъматнинг қадрига етиб, Ўзига доимо шукрона айтадиган солих ва маърифатли бандалардан қилишини тилаймиз.

Алихон Олимов,

Наманган тумани Мулла Гузар Ҳалифа жоме 
масжиди имом ноиби

Related posts