Шариат ( الشريعة ) — Ислом динининг энг асосий ва кенг қамровли тушунчаларидан бири бўлиб, у Аллоҳ таоло томонидан инсон ҳаётини тўлиқ тартибга солиш учун нозил қилинган илоҳий низомдир. Луғавий жиҳатдан у “очиқ ва равшан йўл”, айниқса “сув манбаига олиб борувчи йўл” маъносини англатади. Бу маъно инсоннинг ҳаёт ва нажот манбаига элтувчи тўғри йўл рамзи сифатида жуда чуқур мазмун касб этади.
Истилоҳий жиҳатдан эса шариъат — инсоннинг эътиқоди, ибодати, ахлоқи, муомаласи ва ижтимоий ҳаётини қамраб олган мукаммал илоҳий қонунлар мажмуасидир.
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: ﴿ثُمَّ جَعَلْنَاكَ عَلَىٰ شَرِيعَةٍ مِّنَ الْأَمْرِ فَاتَّبِعْهَا﴾
“Сўнгра сени амрдан бир шариат устига қўйдик. Бас, унга эргашгин.” (Жосия, 18)
Шариатнинг манбалари
Шариат ҳукмлари ислом уламолари наздида мустаҳкам ва ишончли манбаларга таянади. Уларнинг энг асосийси Қуръони Карим бўлиб, у барча ҳукмларнинг илдизидир.
Аллоҳ таоло айтади: ﴿إِنِ الْحُكْمُ إِلَّا لِلَّهِ﴾ “Ҳукм фақат Аллоҳгадир.”(Юсуф, 40)
Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари Қуръонни шарҳлаб беради ва унинг амалий татбиқини кўрсатади: « أَلَا إِنِّي أُوتِيتُ الْقُرْآنَ وَمِثْلَهُ مَعَهُ »
“Огоҳ бўлинглар! Менга Қуръон ва унинг мисли берилди.”
Шу икки асосдан ташқари, уламолар ижмоъ ва қиёс орқали шариатни кенгайтириб, янги масалаларга жавоб бериб келганлар. Айниқса ҳанафий мазҳаби қиёс ва истихсон усулларини чуқур ишлатиши билан ажралиб туради.
Шариатнинг мақсадлари
Шариат фақат амр ва тақиқлардан иборат тизим эмас, балки инсон манфаатини кўзловчи мукаммал низомдир. Унинг асосий мақсади инсон ҳаётини муҳофаза қилиш ва уни комилликка етказишдир.
Уламолар шариатнинг асосий мақсадларини дин, жон, ақл, насл ва молни сақлаш деб белгилаганлар. Бу тамойиллар жамият барқарорлиги ва инсон қадрини таъминлайди.
Аллоҳ таоло шундай дейди: ﴿وَلَا تَقْتُلُوا النَّفْسَ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ﴾
“Аллоҳ ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдирманглар.”(Исро, 33)
Бу оят шариат инсон ҳаётини муҳофаза қилишга қанчалик аҳамият беришини кўрсатади.
Шариатнинг қамрови
Шариат инсон ҳаётининг барча жабҳаларини ўз ичига олади. У фақат ибодатлар билан чекланмайди, балки инсоннинг ички ва ташқи ҳаётини тўлиқ қамраб олади.
Эътиқод соҳасида шариат инсоннинг Аллоҳга бўлган иймонини мустаҳкамлайди:
﴿فَاعْلَمْ أَنَّهُ لَا إِلَٰهَ إِلَّا اللَّهُ﴾ “Билгинки, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ.”(Муҳаммад, 19)
Ибодат соҳасида эса инсонни Робби билан боғлайди: « بُنِيَ الْإِسْلَامُ عَلَى خَمْسٍ …»
“Ислом беш асос устига қурилган…”
Муомалатда адолат ва ҳалолликни таъминлайди:
﴿وَأَحَلَّ اللَّهُ الْبَيْعَ وَحَرَّمَ الرِّبَا﴾ “Аллоҳ савдони ҳалол қилди ва судхўрликни ҳаром қилди.” (Бақара, 275)
Ахлоқ соҳасида эса инсонни юксак фазилатларга чорлайди:
« إِنَّمَا بُعِثْتُ لِأُتَمِّمَ مَكَارِمَ الْأَخْلَاقِ » “Мен гўзал ахлоқни комил қилиш учун юборилдим.”
Шариат ва фиқҳ муносабати
Илмий жиҳатдан шариат ва фиқҳни ажратиш муҳимдир. Шариат — Аллоҳ томонидан нозил қилинган мутлақ ҳақиқат бўлса, фиқҳ — инсоннинг шу илоҳий ҳукмларни тушуниши ва шарҳлашидир.
Ҳанафий мазҳабида фиқҳ кенг ривожланган бўлиб, у қиёс, истихсон ва урф каби усуллар орқали ҳаётдаги янги масалаларга жавоб бериб келган.
Бу эса шариатнинг замон ва маконга мослашувчанлигини намоён қилади.
Шариатнинг хусусиятлари
Шариат илоҳий манбага эга бўлгани учун мукаммал ва адолатлидир. У инсон табиатига мос келади ва унинг манфаатини таъминлайди.
Аллоҳ таоло айтади: ﴿إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُ بِالْعَدْلِ وَالْإِحْسَانِ﴾ “Аллоҳ адолат ва яхшиликка буюради.”(Наҳл, 90)
Шариат шу билан бирга мослашувчан бўлиб, ижтиҳод орқали янги шароитларга татбиқ этилади.
Шариат — ҳаёт тарзи
Шариат фақат назарий қонунлар эмас, балки амалий ҳаётдир. Инсоннинг ҳар бир яхши амали шариат доирасига киради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: « إِمَاطَةُ الْأَذَى عَنِ الطَّرِيقِ صَدَقَةٌ »
“Йўлдан озорни олиб ташлаш садақадир.”
Шунингдек: « فِي كُلِّ كَبِدٍ رَطْبَةٍ أَجْرٌ » “Ҳар бир тирик жонга қилинган яхшилик учун ажр бор.”
Бу ҳадислар шариатнинг кенг ва ҳаётий эканини очиқ кўрсатади.
Шунинг учун ҳар бир яхшилик ва адолатда шариатни кўриш мумкин.
Абдулбосит Абдураҳимов,
Наманган шаҳри “Мавлоно Алиюл қори”
жоме масжиди имом ноиби