Рамазон 2026

РАМАЗОН — ҚАЛБЛАР УЙҒОНАДИГАН ОЙ

РАМАЗОН — ҚАЛБЛАР УЙҒОНАДИГАН ОЙ

Рамазон — бу шунчаки ой эмас. У қалбларни поклайдиган, руҳларни уйғотадиган, инсонни ўз нафсига қарши курашга чорлайдиган муборак мактабдир. Бу ойда ер юзини сокинлик қоплайди, осмон раҳматга тўлади, қалблар эса тавбага ошиқади.

Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди — шояд тақводор бўлсангиз.” (Бақара сураси, 183-оят)

Бу оят Рамазоннинг асл мақсадини очиб беради: тақво — яъни Аллоҳни ҳис қилиб яшаш, ҳар бир нафасда Унинг розилигини излаш.

  Рамазоннинг биринчи кечаси — раҳмат эшиклари очилган он

Саҳобаларнинг буюк ровийларидан бири — Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. У зотнинг ҳадисни ёд олишдаги ғайратлари туфайли бизгача кўплаб ҳадислар етиб келган.

У киши ривоят қиладилар: Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Рамазон ойининг биринчи кечаси кирганда шайтонлар ва итоатсиз жинлар занжирланади, дўзах эшиклари ёпилади ва улардан бирортаси ҳам очилмайди. Жаннат эшиклари очилади ва улардан бирортаси ҳам ёпилмайди. Бир нидо қилувчи: Эй яхшилик истовчи, кел! Эй ёмонлик истовчи, тўхта!ъ — дейди.

Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган бандалари бор ва бу ҳар кеча содир бўлади.”

(Имом Бухорий ривояти)

Бу ҳадис бизга шуни англатадики, Рамазон — имкониятлар ойидир. Яхшилик қилиш учун шароит яратилган, тўсиқлар камайтирилган, раҳмат эшиклари очилган. Энди фақат қалбнинг ўзи ҳаракат қилиши керак.

  Лайлатул Қадр — минг ойдан афзал кеча

Рамазоннинг энг буюк неъматларидан бири — Лайлатул Қадр. Аллоҳ таоло Қуръонда алоҳида сура нозил қилган: “Албатта, Биз уни (Қуръонни) Қадр кечасида нозил қилдик. Қадр кечаси минг ойдан афзалдир.” (Қадр сураси, 1–3-оятлар)

Минг ой — қарийб саксон уч йилдан ортиқ умр демакдир. Демак, биргина кеча бутун умрга тенг савоб олиб келиши мумкин.

Онамиз Оиша розияллоҳу анҳо сўрадилар: “Ё Расулаллоҳ, агар Лайлатул Қадрни топсам, нима деб дуо қилай?”

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳумма иннака ъафуввун туҳиббул-ъафва фаъфу ъанни.” (Эй Аллоҳ, албатта Сен Афувсан, кечиришни яхши кўрасан, мени кечир.)

Бу дуо — банданинг бутун ожизлигини тан олиб, Парвардигордан мағфират сўрашидир.

Рамазон — ибрат ва ўзгариш ойидир

Рамазон бизни қуйидагиларга ўргатади:

Очлик орқали сабрни,

Чанқоқлик орқали шукрни,

Таровеҳ орқали ибодат завқини,

Қуръон тиловати орқали қалб нурини,

Садақа орқали меҳр-шафқатни.

Агар Рамазон бизни ўзгартирмаса, унда биз Рамазонни тўлиқ англамаган бўламиз. Бу ой — фақат тақвимдаги сана эмас, балки қалбдаги инқилобдир.

  Хулоса ва дуо

Эй Парвардигор!

Бизни Рамазонга етказгин.

Рўзасини чин ихлос билан тутишни, кечаларини ибодат билан ўтказишни насиб этгин.

Бизни Лайлатул Қадр фазилатидан баҳраманд қилгин.

Бизни дўзахдан озод этилганлардан ва мақбул бандаларингдан қилгин.

 

Абдурахмон Халилов,
Тўрақўрғон туман "Усмон Зуннурайн" 
жоме масжид имом хатиби

Related posts