Таълим тарбия

РАҲМ-ШАФҚАТ БИЛАН НАСИҲАТ ҚИЛИШ — ҲИДОЯТГА ЭЛТУВЧИ ЙЎЛ.

РАҲМ-ШАФҚАТ БИЛАН НАСИҲАТ ҚИЛИШ — ҲИДОЯТГА ЭЛТУВЧИ ЙЎЛ.

Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга бир киши кўп хамр (май) истеъмол қилаётгани ҳақида хабар етди. Бу ҳолатда кўпчилик қаттиқ чора кўришни, уни шарманда қилишни ёки жазолашни ўйлаши мумкин эди. Аммо Умар розияллоҳу анҳу — адолат ва ҳикмат тимсоли бўлган зот — бутунлай бошқача йўлни танладилар.

У зот у кишини шарманда қилмадилар, унинг номини ошкор этмадилар ва лаънатлашдан ҳам узоқ бўлдилар. Балки қалбни уйғотувчи, руҳни ларзага солувчи қисқа, аммо маъноси улкан бир мактуб ёздилар:

«Мен сени Ундан ўзга илоҳ бўлмаган Аллоҳга ҳамд айтишга чақираман. У гуноҳларни мағфират қилувчи, тавбани қабул этувчи, азоби қаттиқ ва эҳсони кенг Зотдир. Ундан ўзга илоҳ йўқ ва қайтиш Унинг ҳузуригадир».

Бу сўзлар оддий насиҳат эмас эди. Бу — қалбга йўл топувчи, руҳни силкитувчи илоҳий даъват эди. Ҳалиги киши мактубни қайта-қайта ўқир экан, кўз ёшларини тўхтата олмади. Қалби ларзага келди, гуноҳининг нақадар оғирлигини англади ва Аллоҳ таолога чин дилдан тавба қилди.

Бу хабар Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга етганда, у зот атрофидагиларга шундай дедилар:

«Агар биродарингизни тойилганини кўрсангиз, мана шундай йўл тутинглар. Уни тўғри йўлга йўлланглар, Аллоҳ таолодан унинг тавбасини қабул қилишини сўраб дуо қилинглар ва унга қарши шайтонга ёрдамчи бўлманглар».

Қуръондан далил

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

" وَقُولُوا لِلنَّاسِ حُسْنًا "

“Одамларга яхши сўзлар айтинглар” (Бақара сураси, 83-оят)

Ҳадисдан нур

Расулуллоҳ  дедилар:

" مَنْ كَانَ يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَلْيَقُلْ خَيْرًا أَوْ لِيَصْمُتْ "

“Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши сўз айтсин ёки жим турсин”

( Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари)

Яна бир ҳадисда:

" الدِّينُ النَّصِيحَةُ"

“Дин — насиҳатдир” (Имом Муслим ривояти)

Хулоса

Дин инсонларни шарманда қилиш, айбини фош этиш ёки йиқилганларнинг сонини кўпайтириш учун келмаган. Балки дин — қалби синиқларни тиклаш, адашганларни қайтариш ва гуноҳкорни ҳалокатдан қутқариш учун нозил бўлган раҳматдир.

Қанчадан-қанча қаттиқ ва қўпол сўзлар борки, тавба эшигини ёпиб қўяди. Ва қанчадан-қанча меҳр ва шафқат билан айтилган сўзлар борки, бутун бир қалбнинг ҳидоятига сабаб бўлади.

Биргина ширин сўз инсонни нажотга элтиши мумкин. Биргина ёмон сўз эса уни янада чуқурроқ жаҳолатга ботириши мумкин.

Эй Аллоҳим!

Бизни яхшилик эшикларининг калитлари, ёмонлик эшикларининг қулфлари қилгин.

Бандаларингга қарши бизни шайтонга ёрдамчи қилиб қўймагин.

Қалбларимизни мулойим, сўзларимизни таъсирли ва амалларимизни ихлосли қилгин.

 

Худойбердиев Муҳиббуллоҳ, 
Тўрақўрғон туман бош имом хатиби

Related posts