Жамият аъзоларига муносабат

ҚОИДАБУЗАРЛИК ЎЗГАНИНГ ҲАҚИГА ХИЁНАТДИР

ҚОИДАБУЗАРЛИК ЎЗГАНИНГ ҲАҚИГА ХИЁНАТДИР

Афсус хозирги кунда кунда-кунора йўлларда аянчли автоҳалокатлар содир бўлади. Барчаси йўл ҳаракати қоидаларини билмаслик ва унга риоя қилмаслик, ҳайдовчилик одоби етишмаслигидан келиб чиқади. Ҳолбуки, уловда юрган киши ўзини ва ўзгаларни хатарга қўймаслиги зарур.

Жумҳур уламолар йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш вожиб эканини таъкидлашади. 

Чунки бундан ҳамманинг фойдаси кўзланади. Шаръий қоидаларга кўра, ҳайдовчи ўзгаларнинг жони, молига етказган зарари учун жавобгар бўлади

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тилидан ва қўлидан мусулмонларга зарари етмайдиган киши – ҳақиқий мусулмондир”, деб бизга таълим берганлар (Имом Бухорий ривояти).

Ҳайдовчи машинаси билан содир бўладиган ҳар бир ҳодисага масъулдир. Чунки машина ўз-ўзидан ҳаракатланмайди, балки уни ҳайдовчи бошқаради. 

Мўмин-мусулмонлар кузатув камералари ёки йўл-патрул хизмати инспектори кузатиб тургани учун эмас, балки Ҳар бир ишимиздан хабардор бўлиб турган зот кўриб турганидек ва шариатимиз талаб қилгани боис йўл ҳаракати қоидаларига ва йўл одобларига риоя қилишлари лозим бўлади шундагина биз Пайғамбаримиз соллолоҳу алайҳи ва саллам мақтаган ва яхши кўрган умматлардан бўламиз. Аксинча иш тутиш эса бошқа бир йўловчининг ҳаққини поймол қилиш ҳисобланади.

Ачинарлиси, кўплаб бахтсиз ҳодисаларга ҳайдовчиларнинг шошма-шошарлиги ва пиёдаларнинг эҳтиётсизлиги сабаб бўлмоқда. Оқибатда қанчадан-қанча одам жароҳат олиб, майиб-мажруҳ бўлиб қолмоқда, энг ёмони, кимлардир ҳаётдан кўз юммоқда. Шу боис автомобиль бошқараётган киши аёллар, ёши катталар, болалар ва ногиронлар йўлни кесиб ўтаётганда кутиб туришлари зарур. Ўз навбатида, пиёдалардан ҳам йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишлари талаб этилади. Йўлнинг қатнов қисмидан ўтиш, шунингдек, пиёдалар ўтиш жойларида кетаётганда телефонда гаплашиш, расм ва видео кўриш, қулоқчин тақиб, мусиқа эшитиш, китоб ёки газета-журнал ўқиш ҳамда эътиборни чалғитадиган бошқа электрон воситалардан фойдаланиш мутлақо ман этилади. Кўчадан ўтиш ёки унда тўхтаб туриш ҳаққи – умумий. Бунда ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар бермаслик шарт.

Динимиз мўмин-мусулмонларни бир-бирлари билан чиройли муомалада бўлишга буюради. Аммо йўлларда бунинг аксига дуч келамиз. Ҳайдовчиларнинг бир-бирларини ҳақоратлаши, ёқалашиши одатий ҳолга айланган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўлнинг  ҳаққи – кўзни тийиш, азият бермаслик, саломга алик олиш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш”, дедилар (Муттафақун алайҳ). Ҳадиси шарифдаги “азият” сўзининг маъноси кенг. Жумладан, ўзгаларга тил билан озор етказиш ҳам. Маълумки, бировни ҳақоратлаш мусулмонлик одобларига зид. Зеро, Набий алайҳиссалом бундай деганлар: “Мусулмонни сўкиш – фосиқлик, у билан уришиш куфрдир” (Муттафақун алайҳ).

Киши йўлда экан, ушбу тўрт одобни доим эсда тутиш зарур:

– йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этиш;

– йўлда юриш одобларини сўзсиз бажариш;

– бир-бирларига ҳурмат ва бағрикенглик билан муомала қилиш;

– ўзи яхши кўрган нарсани ўзгаларга ҳам раво кўриш.

Бугун кўпчилигимизнинг шахсий автомобилимиз бор. Бу эса фарзандларимизга машина бошқариш маҳоратини, йўл ҳаракати қоидаларини пухта ўргатишни, бу борада ўрнак бўлишни тақозо этади. Эсдан чиқармайлик, ушбу масалага енгил-елпи қараш сўнгсиз афсусларга сабаб бўлиши мумкин.

 

Муҳаммадшокир Бобохўжаев,

Норин тумани “Умархўжа эшон” жоме
масжиди имом хатиби 

Related posts