Жамият аъзоларига муносабат

ЎҚИТУВЧИЛИК — ЭНГ УЛУҒ КАСБ

ЎҚИТУВЧИЛИК — ЭНГ УЛУҒ КАСБ

Ўқитувчилик — бу нафақат касб, балки жамиятни юксалтирувчи, келажак авлодни тарбияловчи муқаддас бурчдир. Ҳар бир инсоннинг ҳаётида ўз йўлини топиши, билим олиши ва комил инсон бўлиб етишишида ўқитувчининг ҳиссаси беқиёсдир. Шунинг учун ҳам ўқитувчилик азалдан энг улуғ, шарафли ва масъулиятли касблардан бири саналиб келади.

Жобир ибн Абдуллоҳдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, Аллоҳ мени одамларни қийин аҳволга солувчи (машаққатга қўювчи) ёки уларни қийновчи қилиб юбормаган. Балки муаллим ва енгиллик берувчи қилиб юборган”, — дедилар.

Бу ҳадиси шариф муаллимлик ҳақиқатда Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сифатларидан бири бўлганини ҳамда У зотнинг таълим-тарбиядаги услублари раҳмат-шафқат, сабр, ҳикмат ва енгиллик асосига қурилганини кўрсатади. Илм ўргатиш — пайғамбарлардан қолган энг улуғ меросдир.

Буюк аждодларимиздан Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий, Абу Наср Форобий сингари алломалар ўз асарларида илм ва устозни доимо улуғлашган. Айниқса, Абу Наср Форобий: “Устозсиз ҳаёт — йўлдан адашган кишининг ҳаётидир”, — деган эдилар. Навоий ҳазратлари эса устоз меҳнатини таърифлаб: “Ҳақ йўлида ким анга бир ҳарф ўргатмиш ранж ила, Элагулик айласа бўлмас адо ҳам қалб ила” — дея устозга бўлган ҳурматни юксакка кўтарганлар.

Бугунги кунда ҳам ўқитувчилар Ватанимиз тараққиётида, ёшларимизнинг билимли ва маънавиятли бўлиб улғайишида асосий ўринни эгаллашмоқда. Мактаб, академик лицей, техникум ёки олий таълим муассасаларида дарс бераётган устозлар нафақат фан асосларини ўргатадилар, балки одоб-ахлоқ, ватанпарварлик, бағрикенглик ва инсонийлик каби муҳим фазилатларни ҳам ёш авлод қалбига сингдирадилар.

Ўқитувчи меҳнати — энг машаққатли, лекин энг шонли ва савобли меҳнатдир. Устоз ҳар бир ўқувчининг қалбига йўл топа олиши, уларнинг қизиқишларини ўрганиб, комил шахс сифатида шаклланишига кўмак бериши зарур. Ҳар бир муваффақиятли шифокор, муҳандис, санъаткор, спортчи, олим ёки давлат арбоби ортида, албатта, бир устознинг сабр-тоқати, фидойилиги, дуоси ва меҳрибонлиги туради.

Давлатимиз томонидан ҳам ўқитувчиларнинг жамиятдаги мақоми ва эътибори йилдан-йилга юксалтирилмоқда. 1 октябрь — Устоз ва мураббийлар куни сифатида умумхаaлқ байрами сифатида кенг нишонланмоқда. Бу сананинг жорий этилиши ва устозларга берилаётган эътибор — ўқитувчилик касбига бўлган юксак ҳурматнинг ёрқин ифодасидир.

Хулоса қилиб айтганда, ўқитувчилик — Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатлари ва йўллари бўлиб, инсон қалбини маърифат нури билан тўлдирувчи, келажакни яратувчи энг улуғ касбдир. Биз доимо устозларимизни қадрлашимиз, уларнинг меҳнатини эътироф этишимиз ва ёш авлодни ҳам устозларга ҳурмат ҳамда эҳтиром руҳида тарбиялашимиз лозим.

Машрабжон Абдураззоқхўжаев,
Наманган шаҳри “Баҳоуддин Нақшбанд” жоме 
масжиди имом-хатиби 

Related posts