Ислом тарихига назар солсак, динимиз ёшларга қанчалик ғамхўрлик қилганини кўрамиз. Бирон-бир дин ёки тузум ёшларга таълим, тарбия ва меҳрибонлик кўрсатишда динимизга тенг келолмайди. Ҳатто бу фикрни бошқа дин вакили бўлган кўплаб олимлар ҳам эътироф этган. Ислом тарихининг илк кунларидан бу вазифани мусулмонлар ўзларининг асосий иши деб белгилашган.
Сўзимиз исботи учун мусулмонларнинг Макка мушриклари билан бўлиб ўтган илк тўқнашуви — «Бадр» воқеасини эслаш кифоя. Асир тушган мушрикларни озод қилиш шартларидан бири сифатида: «Мадиналик ўнта болага ўқиш ва ёзишни яхши ўргатиш» деб Сарвари олам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам белгиладилар. Ваҳоланки, бу даврда мусулмонлар моддий томондан анчагина мушкул вазиятда эдилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ишлари ҳозирги ўтиш давридаги арзимаган қийинчиликларни пеш қилиб, фарзандларига илм олиш учун етарли эътибор бермаётган биродарларимизга катта сабоқдир.
Илоҳий дастуримиз бўлган Қуръони каримда ҳам ёшларга алоҳида эътибор берилган. Жумладан, ояти карималарда шундай марҳамат қилинади:
«Эсланг, Луқмон ўғлига насиҳат қилиб, деган эди: “Эй ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир”» (Луқмон сураси, 13-оят).
(Луқмон яна деди): «Эй ўғилчам! Шубҳа йўқки, агар ҳантал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал) бўлса, бас, у (амал) бирор ҳарсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтирур. Зеро, Аллоҳ лутфли ва огоҳ Зотдир» (Луқмон сураси, 16-оят).
«(Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир» (Луқмон сураси, 19-оят).
Бу илоҳий таълимотлар доимо мусулмон ёшларига саодат эшикларини очиб келмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсан ўзлари ҳам ёшларнинг таълим-тарбияси билан шуғулланганлар.
Умар ибн Абу Салама розияллоҳу анҳу айтадилар: «Кичик ёшли бола эдим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг этакларида ўтириб, дастурхонга қўл чўзар эдим. Расулуллоҳ аста менга хитоб қилдилар: “Яқинроқ бўл, эй ўғилчам! Аллоҳнинг исмини айт, ўнг қўлинг билан егин ва ўз олдингдан таомлан”» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ хачирларини миниб кета туриб, мени орқаларига мингаштириб олдилар. Сўнг менга қараб: “Эй йигитча!” дедилар. “Лаббай, эй Аллоҳнинг элчиси!” дедим. “Аллоҳни доим ёдингда сақла, Аллоҳ сени сақлайди”» (Имом Ҳаким ривояти).
Пайғамбар алайҳиссалом суҳбатларида ёши улуғ саҳобалар билан бирга кичик ёшли саҳобалар ҳам доим қатнашар эди. Уларнинг фикрларини эшитиб, уларга меҳрибон отадек ғамхўрлик қилар эдилар. Бир куни бемор ҳолатдаги яҳудий болани кўргани бордилар. Бу зиёрат баракотидан унинг қалби имон нури билан тўлди.
Ислом тарихидаги машҳур халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ёшларга бўлган эътибори ҳам диққатга сазовордир. У киши давлат кенгаши маслаҳатларида Абдуллоҳ ибн Аббос каби ёш саҳобаларни чақириб, уларни тинглар, фикрларини қабул қилар эди. Чунки бу Пайғамбар алайҳиссаломнинг васиятларидан эди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: «Мен: “Эй Аллоҳнинг Расули, менга фойдали калималардан васият қилинг”, дедим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга ибодат қил, Унга ширк келтирма. Доим Аллоҳнинг каломи билан бирга бўл. Ҳақни қабул қил — уни келтирган киши катта ёки кичик ёшда бўлса ҳам, агар у сен ёқтирмаган киши бўлса ҳам. Ботилни рад қил — уни катта ёки кичик ёшдаги, сенга ёқимли дўстинг келтирган бўлса ҳам”, дедилар» (Имом Дайламий ривояти).
Мазҳаббошимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳу шогирдларига жуда гоҳ меҳрибонлик ва ғамхўрлик кўрсатар эдилар. Кўпгина ночор ҳолдаги болаларнинг сўзини эшитиб, ундан ибрат олганлар. Бир куни лой ўйнаб ўтирган болакайнинг олдидан ўта туриб: — Болакай, лойга йиқилишдан сақлан, — дедилар. Болакай эса: — Ҳазрат, сиз йиқилишдан сақланинг, олимнинг йиқилиши — оламнинг йиқилишидир! — деди.
Имом бу сўзни доим эслар ва бир фатво чиқаришдан олдин бир ой шогирдлари даврасида муҳокама қилар эдилар.
Бугун мамлакатимиз ёшларига ҳукуматимиз, шахсан Юртбошимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликларни кўриб, қалбимиз фахрга тўлади. Юзлаб ўқув юртлари, мактаблар қурилиб, замонавий жиҳозланмоқда, махсус стипендиялар берилмоқда. Юртимизнинг келажаги буюк бўлиши учун ўз илми, ғайрати ва маҳоратини сарфлаётган, келажакка умид кўзи билан қараётган кўплаб ёшларимизни кўриб Аллоҳга шукроналар келтирамиз.
Исомиддин Шайнизов,
Учқўрғон тумани “Охун хўжа” жоме
масжиди имом-хатиби