Раддия

ҚИЁМДА ҚЎЛЛАР ҚАЕРДА ТУРАДИ?

ҚИЁМДА ҚЎЛЛАР ҚАЕРДА ТУРАДИ?

Ҳанафий мазҳабимизга кўра намозда турган киши кўлларини бир-бирига боғлаб, киндик остига қўяди. Шуни яхши англашимиз керакки, намозда қиём қатъий далил билан собит бўлган фарз амалдир.

Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг 238-оятида қуйи-дагича марҳамат қилади: “Намозларни ва ўрта намозни муҳофаза этинг. Ва Аллоҳ учун хушуъ ила қоим бўлинг”.

Демак, намозда мутлақ қиём Қуръон ояти билан фарз. Лекин, оятда қиёмда икки қўлни боғлаш, тушириш ёки киндикни тагида ушлаш ёхуд кўкракни пастида ушлаш буларнинг бирортаси ҳақида сўз йўқ. Шундай бўлгач, Ҳанафий мужтаҳидлар далилларга асосланиб, намозда қиёмда икки қўлни боғлаб киндик остига қўйишни суннат дедилар. Чунки, бу масалада келган ҳадислар айнан Ҳанафий мазҳаби тутган йўлни қувватлайди. Жумладан: Имом Бухорийнинг устозларидан Имом Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абу Шайба раҳимахуллоҳ ўзларининг "Мусаннаф"ларида қуйидаги ҳадисни келтирганлар: Алқама ибн Воил ибн Ҳужр оталаридан ривоят қилади, оталари айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда ўнг қўлларини чап қулларининг устидан тутиб, киндик остига қўйганларини кўрдим”.

Айни масалада Али розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилинган: “Ўнг кўлни чап кул устига қўйиб, киндик остига қўйиш намознинг суннатидандир” (Имом Байҳақий ва Имом Дорақутний ривоятлари).

Ҳанафий муҳаддислардан Бадруддин Айний раҳи-махуллоҳ ўзларининг машҳур "Умдатул Қорий шарҳу Саҳихул Бухорий" китобларида куйидагича келтирганлар: Ҳазрати Алининг “Ўнг қўлни чап қўл устига қўйиб, киндик остига қўйиш намознинг суннатидандир”,деган ҳадислари "марфуъ"ҳадис эканлигини билдиради. Абу Умар раҳимаҳуллоҳ "Мунтақо" китобида: Билингки, Агар саҳоба "суннат"сўзини мутлақ қўлласа, бундан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннати ирода қилинган бўлади", деганлар.

      "Саҳиҳи Муслим" китобининг шориҳларидан Шофеий мазҳабига мансуб машхур муҳаддис Имом Нававий раҳимахуллоҳ бундай деганлар: “Агар саҳоба "Мана шунга буюрилдик" ёки "бу ишдан қайтарилдик", "Фалон иш суннатдандир" деса, саҳиҳ мазҳабга биноан жумҳур муҳаддислар эътирофига кўра бу ҳадис марфуъ ҳадис ҳукмини олади” (Шарҳу саҳиҳи Муслим).

Бадруддин Айний ва Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳимолардан бошқа муҳаққиқлар ҳам бир овоздан "Фалон иш суннатдандир" деган истилоҳдан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари мурод эканлигини айтганлар ("Тазкиротул Ҳуффаз" китоби).

Бундан ташқари ҳам намозда қиёмда қўлни киндик остига қўйиб туришга далил бўлувчи ривоятлар кўп бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз.

 Воил ибн Ҳужр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот айтадилар: “Мен Расулуллоҳни соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда ўнг қўлларини чап қўллари устига киндик остига қўйганларини кўрдим” (Имом Ибн Абу Шайба ривояти). "Эълоус сунан" китобида бу ҳадиснинг ровийлари ишончлидир, дейилган.

      Яна бир ривоятда шундай келади: Абу Воил розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтдилар: “Намозда кафтнинг устига кафтни қўйиб, киндик остида ушланади” (Имом Абу Довуд ривояти).

Аллома Зафар Аҳмад Усмоний мана шу ривоятни келтириб, шундай деганлар: "Муҳаммад ибн Сирин Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ҳадис ривоят қилганларида, у зотдан "Бу Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васал-ламданми?" деб сўрашган. Шунда Ибн Сирин раҳматуллоҳи алайҳ: "Абу Ҳурайра розияллоху анҳунинг ҳар бир ҳадиси Расулуллоҳ соллаллоху алайҳи васалламдандир", деб жавоб берганлар. Демак, бундан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳар бир ҳадиси марфуъ (Расулуллоҳдан келган) эканлиги келиб чиқади. Шундай қилиб, намозда қўлларни киндик остига кўйиш суннат экан-лиги собит бўлган".

Абу Жуҳайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Али розияллоҳу анҳу айтдилар: "Намозда қўлни қўлнинг устига қўйиб, киндик остига тушириш - суннатдир" (Имом Абу Довуд ривояти).

Бу ҳадис Имом Аҳмаднинг «Муснад» китобида ҳам келтирилган. Ҳофиз ибн Ҳажар ўзининг «Тажриду завоиди муснад ал-Баззор» китобида: "Агар ҳадис «Муснади Аҳмад»да келса, бошқа муснадларга ҳожат йўқ", деган. Шундай қилиб, ушбу ҳадис ҳасан даражасидан тушмай-ди ("Эълоус сунан" китоби].

     Намозда қўлни киндик остига қўйиб туриш бораси-да бундан бошқа ҳам кўплаб ривоятлар келган.

Уқба ибн Саҳбон раҳимаҳуллоҳ айтадилар: У зот Али розияллоҳу анҳунинг Кавсар сурасидаги (Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй) оятни тафсирида мана бун-дай деганларини эшитганлар: Бу ердаги намозўқишдан, ўнг қўлни чап қўлустига қўйиб, киндик остида ушлаб турган ҳолда ўқиш ирода қилинган" деганлар. ("Ат-Тамҳид лима фил-Муватто минал-маъони вал асанид" китоби).

Ҳажжож ибн Ҳассон раҳимахуллоҳдан ривоят қилинади. У зот айтадилар: Мен Абу Мижлаздан эшитдим ёки ундан сўрадим: “Намозда қиём ҳолатда қўлим қандай туради? Абу Мижлаз: Ўнг цўл кафтининг ичини чап қўл кафтининг устида бўлиб, киндикдан пастроқда туради” дедилар. (Имом Ибн Аби Шайба ривояти)

Намозда қўлни киндик остига кўйиш ҳақида барча фиқҳий китобларимизда маълумотлар мавжуд. Жумладан, "Мухтасар ул-Виқоя" китобида шундай дейилган:

Яъни: "(Намоз ўқувчи) ўнг кўлини чап қўлининг устига қилиб, киндик остига қўяди".

     Намозда қўлни киндик остида тутишнинг баъзи афзалликлари ҳақида "Музмарот" китобидан бундай дейилган:

Яъни: “"Қўлни киндик остида тутиш - камтарликка яқинроқдир, хушуъ ва аврат аъзоларини ёпилишига олиб борувчироқдир, изорни тушиб кетишдан сақлагувчироқдир”.

Ҳанафий мазҳабининг асосчиларидан бўлмиш Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ "Китабул Осор"да шундай де-ганлар:

Имом Муҳаммад Робеъдан у Абу Маъшардан у эса Иброҳим Нахаъийдан ривоят қилади: "Иброҳим Нахаъий раҳимахуллоҳ намозда қиёмда ўнг кўлларини чап қўл-лари устига кўйиб, киндик остига қўяр эди", дедилар. Иброҳим Нахаъий роҳимаҳуллоҳ Имом Аъзам раҳимаҳул-лоҳнинг устозлари, хулофои рошидийнлардан кейинги энг фақиҳ саҳобалардан бўлмиш Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анхунинг шогирдларидан бири. Яъни, бир сўз билан айтганда Иброҳим Нахаъийнинг амали Алқама ибн Қайснинг амали, Алқаманинг амали Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоху анҳунинг амали Абдуллоҳ ибн Масъуд-нинг амали Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг амали-дир ("Тазкиротул Ҳуффоз" китоби, 48-саҳифа). Имом Абу Ҳанифа раҳимахуллоҳни "Муснад"ларининг муқаддимасида қуйидаги ҳадис зикр қилинган:

"Пайғамбаримиз алайҳиссалом: "Умматим ҳаққи-да Ибн Масъуд рози бўлган нарсага рози бўлдим вау кариҳ кўрган нарсани кариҳ кўрдим".

Намозда қиёмда қўл боғлаш суннат эканига Ҳана-фий, Шофеий ва Ҳанбалий мазҳаб имомлари иттифоқ қилишган. Бироқ қўл боғлаш кайфияти борасида Шо-феий ва Ҳанбалий фақиҳлар Ҳанафий фақиҳларга хилоф қиладилар. Улар далил қилиб келтирган ривоятлардан бири, Имом Байҳақий Воил розияллоху анхудан ривоят қилган ҳадисдир.

Воил розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "У зот Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни ўнг қўлларини чап қўллари устига қўйиб, сўнг кўксиларига қўйганларини кўрганлар". Шофеий ва Ҳанбалий уламолар қўлни мана шундай боғлашда хушуънинг комил дара-жаси борлиги ва бу қўлни киндик остига қўйиб туриш-дан афзал эканлигини айтадилар. Бунга жавобан Ҳанафийлар: "Қулни киндик остига қўйиш таъзимни энг юқори кўринишидир. Одатда подшоҳнинг олдида қўлни киндик остига қўйиб, таъзим билан турилади. Қўлни кўкракка қўйиб туриш эса, аёллар таъзимининг кўри-нишидир" дейдилар. ("Умдатул Қорий" китоби, 5-жилд, 407, 408-саҳифа)

Хулоса шуки, намоздаги қиёмда қўлни боғлаш борасида Моликийлардан бошқа учала мазҳаб орасида ихтилоф йўқ. Моликийлар қиёмда қўлни боғламайдилар. Қўлни боғлашликнинг кайфияти борасида Ҳанафийлар киндик остига қўйиш суннат деб, бир қанчадалиллар келтирадилар. Шофеийлар киндик устига ва кўкрак остига қўйиш суннат, дейдилар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан бу борада икки хил ривоят бор бўлиб, биринчисида Ҳанафийлар билан иттифоқ бўлса, иккинчисида Шофеийларга мувофиқ йўл тутганлар. Мазкурлардан келиб чиқиб айтамизки, ким қайси мазҳабга эргашган бўлса, ўшанга амал қилиши лозимдир. Бизнинг диёрларда минг йиллардан бери мўмин-мусулмонлар Ҳанафий мазҳабига эргашиб келганлар. Шу сабаб намозда қиёмда қўлни қўйиш масаласида ҳам Ҳанафий мазҳабига эргашамиз. Акс ҳолда ноўрин ихтилоф чиқарилган бўлади. Валлоҳу аълам.

(Ихтилофли масалалар ечими китоби асосида).

Юнусхон Умаров,

Косонсой туман “Садпири Комил” жоме

масжиди имом хатиби

Related posts