Фарзанд — Аллоҳ таолонинг инсониятга ато этган энг улуғ неъматларидан бири, инсон ҳаётининг мазмуни ва келажак авлоднинг асосидир. Шу боис фарзанд тарбияси ҳар бир ота-она зиммасидаги муқаддас омонат ҳисобланади. Жамиятнинг тинчлиги, миллатнинг маънавий юксалиши ва юртнинг равнақи аввало оилада берилаётган тарбияга боғлиқ. Соғлом оилада тарбия топган фарзандлар келажакда ватанпарвар, илмли ва юксак ахлоқли инсонлар бўлиб камолга етадилар.
Ислом таълимотида фарзанд тарбияси нафақат оилавий бурч, балки улуғ ибодат сифатида эътироф этилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва ҳар бирингиз ўз қўл остингиздагилар учун масъулсиз», деб марҳамат қилганлар. Бу ҳадиси шариф ҳар бир инсон ўз масъулиятини чуқур англаши лозимлигини таъкидлайди. Ота-она фарзандининг нафақат жисмоний эҳтиёжларини, балки маънавий ва ахлоқий камолини ҳам таъминлаши шарт.
Бугунги кунда фарзандга яхши уй-жой, замонавий кийим-кечак, сифатли таълим ёки моддий имкониятлар яратиб беришнинг ўзи кифоя эмас. Агар фарзанднинг қалби эзгулик, иймон ва одоб билан тўлдирилмаса, ташқи фаровонлик уни ҳақиқий бахтга етаклай олмайди. Шунинг учун ҳар бир ота-она фарзандининг маънавий дунёсига ҳам эътибор қаратиши, уни ҳалоллик, ростгўйлик, меҳр-шафқат ва меҳнатсеварлик руҳида тарбиялаши лозим.
Фарзанд учун энг катта мактаб — оиладир. У ота-онасининг ҳар бир сўзи, муомаласи ва хатти-ҳаракатидан ибрат олади. Агар хонадонда ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, ҳалол ризқ, китобхонлик ва ибодат муҳити ҳукм сурса, фарзанд ҳам ана шу муҳит таъсирида тарбия топади. Агар оилада жанжал, ёлғон, ҳақорат ёки бепарволик устун бўлса, бу ҳолат фарзанд руҳиятига салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун тарбия аввало ота-онанинг шахсий намунасидан бошланади.
Бугунги глобаллашув ва ахборот технологиялари даврида фарзанд тарбияси янада масъулиятли вазифага айланди. Интернет, ижтимоий тармоқлар ва турли ахборот оқимлари ёшлар онгига катта таъсир кўрсатмоқда. Фойдали маълумотлар билан бир қаторда, уларнинг маънавиятига салбий таъсир этувчи ғоялар ҳам кенг тарқалмоқда. Шу боис фарзандларни назоратсиз қолдириш эмас, балки улар билан самимий мулоқот қилиш, интернетдан тўғри фойдаланиш маданиятини ўргатиш ва уларнинг қизиқишларига бефарқ бўлмаслик муҳимдир.
Ота-онанинг фарзанди билан ўтказган ҳар бир дақиқаси унинг келажагига қўйилган сармоядир.
Фарзанд билан суҳбатлашиш, унинг дардига қулоқ тутиш, фикрини эшитиш, ютуқларини рағбатлантириш ва хатоларини меҳр билан тузатиш унинг қалбида ишонч ва муҳаббат уйғотади. Меҳр билан берилган тарбия жазо билан эмас, балки яхши муомала ва тўғри йўл кўрсатиш билан самара беради.
Фарзандга илм бериш ҳам энг муҳим вазифалардан биридир. Илм инсонни юксалтириб, уни жамиятга фойдали шахсга айлантиради. Бироқ илм одоб билан безалмаса, унинг самараси камаяди. Шунинг учун фарзандларимизга диний ва дунёвий билимларни биргаликда ўргатиш, уларда китоб мутолаасига муҳаббат уйғотиш, устозларга ҳурмат ва меҳнатга садоқат туйғусини шакллантириш ҳар бир ота-онанинг вазифасидир.
Фарзанднинг қалбига Аллоҳга муҳаббат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига эргашиш, Ватанга садоқат ва инсонларга яхшилик қилиш туйғусини сингдириш келажакда унинг ҳаёт йўлини мустаҳкамлайди. Чунки иймон ва яхши ахлоқ инсон учун энг мустаҳкам қалқондир.
Азиз ота-оналар! Фарзандларингизнинг кўзига кўпроқ боқинг, уларга меҳр беринг, улар билан вақт ўтказинг. Уларнинг муаммоларини эшитинг, орзу-интилишларини қўллаб-қувватланг. Ҳар бир фарзанд қалбидаги эзгулик уруғини меҳр, дуо ва яхши тарбия билан суғоринг. Зеро, бугунги эътибор эртанги саодатнинг гаровидир.
Унутмайлик, юрт келажаги бугун тарбияланаётган авлод қўлидадир. Солиҳ ва солиҳа, илмли, диёнатли, ватанпарвар фарзандларни тарбиялаш нафақат оила, балки бутун жамиятнинг тараққиёти учун хизмат қилади. Аллоҳ таоло барча ота-оналарга фарзандларини иймонли, одобли, илмли ва халқимиз ҳамда Ватанимизга наф келтирадиган инсонлар қилиб тарбиялашни насиб этсин.
Нурулло Маҳкамов
Чуст тумани бош имом-хатиби