Аллоҳ ўзини ояти каримасида: “бас, ўзингиз хуш кўрган аёллардан икки, уч, тўртини никоҳлаб олинг. Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани” деб марҳамат қилган.
Ушбу ояти карима мўмин-мусулмон бандаларига пок йўл билан никоҳда бўлишига буюрилингандир. Ким адолатли бўла олмаса, қўрқса адолатсизликдан биттага уйланишлиги энг афзал йўл эканлигига далолатдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Тўрт нарса Расулларнинг суннатларидан: ҳаё, хушбўйлик сепмоқ, мисвок ва никоҳ”.
Бу ҳадиси шарифда эса Одам алайҳиссаломдан тортиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннатлари 4 та нарса ҳақида сўз юритилган. Шунинг учун ҳаё иймондан эканлиги, хушбўйлик эса, инсоннинг табиатида завқ уйғотади, мисвок – бу инсон доим тоза юришлиги, яъни тишини тоза тутиб юришлиги ва никоҳ эса Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарларини бирлаштириб турувчи суннатларидан биридир. Бу иш энг муҳим суннатлардан ҳисобланади.
Никоҳ туфайли инсоннинг майли жиловланади, унинг учун хотиржамлик, саодат таъмин этади. Инсон никоҳ туфайли ўз иффатини сақлайди ва зино каби ҳаром ишдан ўзини сақдайди. Шу билан бирга никоҳ маданият, тараққиёт ва илғорлик белгисидир. Шунингдек, никоҳ ёрдамида инсон ўз наслу насабининг поклигини ҳам сақлаб қолади. Никоҳ бўлмаса, ким кимдан дунёга келганлигини билиб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолинар эди. Никоҳ туфайли оила, деб номланган муҳташам ошён қурилади. Унда эру хотин, улардан ўғил-қиз, навера-чеваралар пайдо бўлиб, бир-бирлари билан муқаддас бир робита, яъни алоқа ҳосил бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси муборакларида марҳамат қиладилар: “Кимга Аллоҳ таоло солиҳа аёл берган бўлса, батаҳқиқ, унинг динининг ярмига ёрдам берибди. Энди иккинчи ярмига Аллоҳ таолога тақво қилсин”.
Солиҳа аёл қанақа сифатларга эга бўлиши кераклигини мана бу ҳадислардан билиб оламиз.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Аёл 4 нарсаси учун никоҳланади: моли учун, ҳасаби учун, чиройи учун ва дини учун. Бас, диёнатлигисини танла, қўлинг тупроққа қорилгур.”
Ҳар бир мусулмон келин танлаётганда, ёки уйланаётганда қизни моли учунмас, ҳоли учунмас ва жамоли учумас, фақатгина дини учун танланади. Хўп нима учун? Сабаб! Келин томон бой бўлса, куфу бўлмайди, яъни томонлар тенг бўлмайди. Шариат фатволарида томонлар тенг бўлмаган никоҳларни қоралайди, чунки албатта ундайин кўп никоҳлар ажралишликка олиб келади. Талоқ эса аршни ларзага келтиради. Насаби эса қиз диндор бўлсагина ярашади. Агар беҳаё бўлса, унда насабу-ҳасабини обрўйини тўкади. Чиройи, гўзаллиги вақтинчалик.
Агар никоҳланаётган қиз диндор, ҳаёли бўлса унда бу дунёнинг жаннати ана ўша.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадилар: “Эй Аллоҳнинг Расули, аёлларнинг қайсиси энг яхшиси?”
Шунда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердиларки, - Қачон эри назар солса, сурур бағишлайдигани. Қачон буюрса, итоат қиладигани ва эрига ўз жонида ва молида у ёқтирмайдиган нарса билан хилоф қилмайдиганидир.”
Уламоларимиз барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиқиб ҳамда бошқа омилларни ҳисобга олиб, муносиб келин танлашда қуйидаги нарсаларга эътибор бериш кераклигини таъкидлашган:
диндорлик
серфарзандлик – бу сифат қариндош – уруғ аёлларга қараб билинади.
диндор ва қаноатли оиладан бўлиши.
ҳуснли бўлиши – эрининг кўнгли тўқ бўлади. Муҳаббат қўяди. Бошқаларга қарамайди.
қариндошлардан бўлмаслиги – болалари заиф бўлиши мумкин ёки келишмовчилик бўлса, орада қариндошлик алоқалари бузилади.
бир хотиндан зиёда қилмаслик – чунки кўп хотинлиликнинг машмашаси ҳам кўп ва шартларини бажо қилиш ҳам қийин.
Шу билан бирга динимизда куёв танлашда ҳам қарашлар бор. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насиҳатларига яна қулоқ тутмоғ лозим!
“Қачон сизга ўзингиз динидан ва хулқидан рози бўлган киши келса, унга сўраганини никоҳлаб беринг” деб 3 марта айтдилар.
Бу ҳадиси шарифдан дини ва хулқи яхши бўлган йигит энг муносиб куёв бўлиши қаттиқ таъкидлангани келиб чиқмоқда. Агар бизлар покиза қизларимизни диндан бехабар, фосиқ ва асосан Аллоҳдан қўрқмайдиган кишига берсак, унда ер юзида фитна ва фасод иш қилган бўламиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна ҳадисларида дейдиларки: “ ким қизини ароқхўрга берса батаҳқиқ қизини зинога берибди”.
Демак ҳар бир ота ва она ўз фарзандига жуфт ҳалол танлашда дин диёнатига эътибор қаратса шу оила саодат боғи бўлишига сабаб бўлади.
Баҳодир Ботиров.
Чуст тумани “Охунбобо” жоме
масжиди имом хатиби