Жамият аъзоларига муносабат

ОИЛАВИЙ ТОТУВЛИК - САОДАТ КАЛИТИ

ОИЛАВИЙ ТОТУВЛИК - САОДАТ КАЛИТИ

Оила нафақат икки инсоннинг бирлашиши, балки меҳр-шафқат ва омонлик масканидир. Қуръони Каримда оилавий ҳаётнинг асл моҳияти қуйидагича баён этилган. 

​Аллоҳ таоло Рум сурасининг 21-оятида шундай марҳамат қилади: ​"Унинг аломатларидан (бири) – сизлар таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўрталарингизда муҳаббат ва марҳамат пайдо қилганидир". 

​Бу оятдан кўринадики, эр-хотин ўртасидаги муҳаббат ва бир-бирига бўлган раҳм-шафқат Аллоҳ томонидан берилган буюк неъматдир. Оилада тинчлик бўлиши учун фақат севги эмас, балки бир-бирига марҳамат кўрсатиш ҳам жуда муҳим.

​Муқаддас динимизда оила бошлиғи бўлган эркакларга аёллари билан хушмуомала бўлиш буюрилган. Нисо сурасининг 19-оятида: "... ва улар билан гўзал тарзда ҳаёт кечиринг" — дея таъкидланади. Ҳаттоки, аёлнинг қайсидир одати ёқмаган тақдирда ҳам, сабр қилиш ва яхшиликни излаш тавсия этилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг видолашув хутбаларида ҳам аёллар ҳаққида алоҳида тўхталиб: ​"Сизларнинг энг яхшингиз — оиласига яхшилик қиладиганингиздир. Мен эса оиламга энг яхшилик қилувчингизман" (Имом Термизий ривояти) — деб марҳамат қилганлар.

​Оилавий тотувлик фақат бир томоннинг ҳаракати билан эмас, балки икки томоннинг ўз мажбуриятларини англаши билан қурилади. Ҳадиси шарифда айтилади: "Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз. Эркак киши оиласининг раҳбаридир ва у ўз аҳли-аёли учун масъулдир. Аёл киши эрининг уйида раҳбардир ва у ҳам ўз масъулиятига эгадир" (Имом Бухорий ривояти).

​Оилавий тотувликнинг учта олтин қоидаси бўлиб, улар қуйидагилардир: 

​1). Кечиримли бўлиш. Ҳеч-бир инсон хатодан холи эмас. Майда камчиликларга эътибор қилмаслик оилавий хотиржамликни таъминлайди.

​2). Ширин сўз: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Яхши сўз — садақадир" деганлар. Уйдан чиқаётганда ёки қайтганда айтилган ширин сўз қалбларни яқинлаштиради.

​3). Маслаҳатлашиш. Оилавий ишларни бамаслаҳат ҳал қилиш аёлнинг қадрини оширади ва эрга бўлган ишончни мустаҳкамлайди

Хулоса шуки, оилавий тотувлик — бу шунчаки жанжалсиз ҳаёт эмас, балки бир-бирини Аллоҳ учун севиш, қийинчиликда елкадош бўлиш ва охират саодатига биргаликда интилишдир. Қайси хонадонда Шориъ жалла ва аълонинг кўрсатмаларига амал қилинар экан, албатта ўша ерда барака ва ҳузур-халоват бўлади.

Қодиржон Умурзақов 
Поп тумани "Муҳаммаджон қори" жоме
масжиди имом-хатиби

Related posts