Жамият аъзоларига муносабат

ОИЛАЛАР МУСТАҲКАМЛИГИНИ ТАЪМИНЛАЙДИГАН ОМИЛ

ОИЛАЛАР МУСТАҲКАМЛИГИНИ ТАЪМИНЛАЙДИГАН ОМИЛ

Мамлакатимизда оила тўғрисида бир қатор қонун ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, бунинг мисолини Оила кодексида кўришимиз мумкин: Оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларнинг вазифалари оилани мустаҳкамлашдан, оилавий муносабатларни ўзаро муҳаббат, ишонч ва ҳурмат, ҳамжиҳатлик, бир-бирига ёрдам бериш ҳамда оила олдида унинг барча аъзоларининг масъуллиги ҳисси асосида қуришдан, бирон-бир шахснинг оила масалаларига ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўймасликдан, оила аъзолари ўз ҳуқуқларини тўсқинликсиз амалга оширишини ҳамда бу ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборатдир. Ўзбекистон Республикасида оила, оналик, оталик ва болалик давлат ҳимоясидадир. Ўзбекистон Республикасида оналик ва оталик иззат-икромга ҳамда ҳурматга  сазовордир.

 Она ва бола манфаатларини муҳофаза қилиш, аёлларнинг меҳнати ва соғлигини сақлашга доир махсус тадбирлар кўриш, меҳнатни оналик билан боғлаб қўшиб олиб бориш учун аёлларга шароит яратиш, оналик ва болаликни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш йўли билан таъминланади. Агар оила соғлом ва мустаҳкам бўлса юртда тинчлик ва ҳамжиҳатликка эришилади. Зеро, оила фаровонлиги миллий фаровонлик асосидир. Шунинг учун оиланинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни ва аҳамиятига қадим замонлардан бери давлатлар қонунчилигида  алоҳида эътибор бериб келинади.

Шунингдек, Қуръони карим оятларида оила қуриб яшашнинг улуғ неъматлардан экани, у туфайли инсонларда руҳий ва нафсоний хотиржамлик бўлиши ҳамда зурриёт қолдиришдек ҳикматлар борлиги айтилади. Ҳатто турмуш қуриш учун бир-бирларини ундашга буюрилган. 

Ҳаммамизга маълумки, оилалар қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият шунчалик мустаҳкам бўлади. Жамият мустаҳкам экан – мамлакат барқарордир. Оилалар тинч-тотув яшаса, жамиятга келтирадиган ютуқлар ҳам кўпаяди, фарзандлар яхши тарбия олади.

 Оилалар мустаҳкамлигини таъминлайдиган омиллардан бири моддий таъминотдир. Чунки инсон ҳаёти ва фаолиятида маънавий муносабат қанчалик муҳим бўлса моддий муносабат ҳам шунчалик муҳим ҳисобланади. Бу икки омил бир бирини инкор этмайди, балки ўзаро боғланиб, бир-бирини тўлдириб келади.

 Оилалар тинч-тотув яшаса, жамиятга келтирадиган ютуқлар ҳам кўпаяди, фарзандлар яхши тарбия олади. Бироқ, оила аъзоларини хусусан, оила бошлиқларини ўз оиласи олдидаги бурч ва вазифаларини тўлиқ билмаслиги, улар олдидаги масъулиятини ҳис қилмаслиги натижасида оилалар тотувлигига футур етиб, ажрим ҳолатлари учрамоқда. Оилалар бузилишига кўпроқ йигитларнинг оилани бошқаришни, рўзғорни моддий таъминлашни, фарзандларни маънан ва жисмонан соғлом қилиб тарбиялашни ўз бурчлари деб билмасликлари сабаб бўлмоқда. Мана шундай ҳолатларда ўртада қолган фарзандлар кимнинг қарамоғида бўлиши ва уларнинг нафақаси кимнинг зиммасига тушиши ҳақида ҳам кўпгина келишмовчиликлар юзага келмоқда.

Бундай ажримларни олдини олиш ва камайтириш мақсадида ота-оналарнинг ҳуқуқий саводхонлигини  оширишга ҳисса қўшмоқлик, ажримлар юзага келган ҳолатларда фарзандлар ҳаққига риоя қилишда керак бўладиган зарур кўрсатмаларни тақдим қилмоқлик бу куннинг долзарб масалаларидандир.

Сўнги йилларда халқимизнинг талаб ва  истакларини ҳисобга олган ҳолда кўпгина диний рисола ва адабиётлар чоп  этилмоқда. Ушбу адабиётларда динимизни яхши тушунишимиз учун керак  бўладиган кўпгина мавзулар ёритилиб берилмоқда. Долзарб мавзулардан бири бўлган нафақа масаласи ҳам шариат ҳукмлари акс этган фиқҳий асарларда, одоб-ахлоққа, яхшилик ва силаи-раҳм ва маънавиятга доир бўлган кўпгина адабиётларда ўз аксини топган. Бу китобларда эр-хотиннинг бир-бирларидаги ҳақлари, ота-онанинг фарзанд олдидаги  бурчлари баён этилган. Шунингдек, юртимиз уламоларидан бўлган Шайх  Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг Кифоя (шарҳи мухтасари виқоя) номли фиқҳий асарида нафақа борасида умумий матн ва матнга қисқача шарҳлар  берилган. Бундан ташқари ушбу муаллифни Ҳадис ва Ҳаёт китобининг бир неча жузларида Яхшилик ва силаи раҳм китобининг 1 ва 2-жузларида, ҳамда "Руҳий  тарбия" китобининг 3-жузида нафақа ва унинг фазли, иддадаги аёлларнинг яшаш жойи ва нафақаси, ўзига, аҳлига ва яқинларига садақа қилишнинг афзаллиги, ҳақида  маълумотлар берилган. 

Аброрҳўжа Рашидов,
Чортоқ тумани “Абу Бакр Сиддиқ” жоме 
масжиди имом-хатиби

Related posts