Раддия

МАЗҲАБГА ЭРГАШИШ ВОЖИБДИР

МАЗҲАБГА ЭРГАШИШ ВОЖИБДИР

Бугунги кунда турли ёвуз кучлар ва дин душманлари томонидан, мусулмонларни бирдамлигини бузиш, улар ўртасига тафриқа солиш мақсадида доимий тарзда турли-туман фитналар ўйлаб топилиб мусулмонлар орасида кенг ёйишга ҳаракатлар қилинмоқда. Бугунги кунда олиб бораётган энг катта фитналаридан бири бу мусулмонлар ўртасида мазҳабсизликни ёйиш ва унга тарғиб қилиш.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида барча мусулмонлар ўзлари билмаган масалаларни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрардилар. Саҳобаи киромлар даврида эса олим саҳобалардан ёш саҳобалар таълим олишди. Шу зайлда, шаръий илмларда маълум даражага етмаган кишилар муайян уламоларнинг йўлларини тутишлари анъанага айланиб қолди. Бу анъана саҳобалар давридан тобеинлар даврига, тобеинлардан табаъ тобеинларга шу зайлда давом этиб, натижада фиқҳий мазҳаблар кўпайиб борди.

Аммо вақт ўтиши билан улар орасидан тўрт йирик мазҳаб: ҳанафийлик, моликийлик, шофеийлик ва ҳанбалийлик ажралиб чиқди ва уларнинг мазҳаблари мусулмонлар оммаси томонидан “фиқҳий мазҳаблар” деб эътироф этилди ва кабул қилинди.

Имом ибн Aҳмад аш-Шаъроний мазҳаблар ҳақида: “Aслида саҳоба ва тобеинлар даврида мазҳабларнинг сони ўн саккизта бўлган. Уларнинг барчаси ўз вақтида амалда бўлган. Лекин вақт ўтиши билан улар орасида тўрт йирик: ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳаблари ажралиб чиқди. Мазкур тўрт мазҳабнинг сақланиб қолишининг асосий омили бу мазҳабларнинг таълимотлари бошқа мазҳаблардан кучлироқ бўлгани учун эмас, балки тўрт мазҳаб бошқа ўн тўрт мазҳаб таълимотини ҳам қамраб олганидир”дейдилар.

Имом Нафровий раҳимаҳуллоҳ: Мазкур тўрт мазҳабнинг тўғрилиги ва ҳақ эканлигига барча мусулмонлар иттифоқ қилишган дейдилар.

Аллома Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” номли китобларида шундай дейдилар: “Аллоҳ таоло шариатни сақлаш ва динни муҳофаза қилиш учун ўз ҳикмати билан одамлар ичидан тўрт забардаст имомларни чиқариб берди. Уларнинг илму маърифатда юқори мартабага эришганларини ва чиқарган фатво ва ҳукмлари ҳақиқатга ўта яқинлигини барча уламолар бир овоздан эътироф қилдилар. Барча ҳукмлар ўшалар орқали чиқариладиган бўлди”.

Имом Бадриддин Заркаший “Баҳрул муҳит” китобида: “Мусулмонларнинг эътироф қилинган тўрт мазҳаби ҳақдир ва ундан бошқасига амал қилиш жоиз эмас”,дейдилар.

Имом Али ибн Абдуллоҳ Самҳудий “Иқдул фарид фи аҳкомит-тақлид” номли асарларида: “Билингки, ушбу тўрт мазҳабдан бирини ушлашда катта фойда бор. Ундан юз ўгиришда эса, катта муаммо ва ихтилофлар бор”. 

Яна “Мазҳабда юриш Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўрсатмаларига амал қилишликдир. Бу киши:

"فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلَافًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ"

яъни: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти). Демак, мазҳабга эргашиш катта жамоага эргашиш ҳисобланади дейдилар.

Машҳур аллома Абдулҳай Лакнавий ҳазратлари ўзларининг “Мажмуатул фатово” китобларида Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавийнинг қуйидаги сўзларини келтирганлар: “Ҳиндистон ва Мовароуннаҳр юртларида шофеийларни ҳам, ҳанбалийларни ҳам, моликийларни ҳам мазҳаби тарқалмаган, бошқа мазҳаб китоблари ҳам етиб келмаган. Шунинг учун ушбу диёрларда яшовчи, ижтиҳод даражасига етмаган кишиларга Абу Ҳанифа мазҳабига эргашиш вожиб бўлади дейдилар.

Минг афсуслар бўлсинки, мана шундай етук олимлар бир мазҳабни маҳкам ушлаб, тўғрилигини эътироф қилиб турган бир пайтда баъзи юртдошларимиз ҳали дастлабки илмий кўникмаларни ҳосил қилмаган бўлсаларда: “Мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан” деб, даъво қилиб, турли ихтилофларни келтириб чиқармоқдалар. Энг ачинарлиси ўзлари адашганлари етмагандек, ўзгаларни ҳам йўлдан уриб фитначилар қурбонига айланиб қолишаётганини кўряпмиз

Ашраф Али Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “Малфузот”ларида Ҳиндистонда узоқ йиллар давомида мазҳабсизликни тарғиб қилган бир муҳаддис олимнинг сўзларини келтирганлар: “Мен 25 йиллик тажрибам асосида шуни билдимки, ҳозирги даврда бирор мазҳабни тутмаслик охир оқибат динсизликка олиб борар экан”.

Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳи алайҳ “Биз бу каби ҳолатга тушган, адашган  жуда кўп инсонларни кўрдик, шунинг учун мусулмонлар бу фитнлардан доимо хушёр ва огох бўлишлари зарур дейдилар.

Ҳа азизлар!

Мазҳабни ушлаш зарурлиги ҳақида яна кўплаб етук уламоларнинг фатво ва хулосаларини келтириш мумкин. Хулоса қиладиган бўлсак, ижтиҳод даражасига етмаган ҳар бир мусулмон ўзи яшаб турган юртни кабул қилиб, амал қиладиган мазҳабига эргашиши вожибдир.

Муродилла Аҳмедов,
Наманган тумани Отавалихон жоме 
масжиди имом хатиби 

Related posts