Аллоҳ таоло Ерни яшашга қулай қилиб яратгани баробарида, унда сувларни оқизиб қўйди, турли ўт-ўлан, дов-дарахтларни ўстириб ҳам қўйди. Қуръони каримнинг кўп ўринларида Аллоҳ таоло инсонларга ато этган неъматларини эслатар экан, сувни ҳам зикр қилади: “Сизлар ўзларингиз ичаётган сувни (ўйлаб) кўрдингизми? Уни булутлардан сизлар ёғдирдингизми ёки Биз ёғдирувчимизми? Агар Биз хоҳласак, уни шўр ва аччиқ қилиб қўйган бўлар эдик. Бас, (шу обиҳаёт учун ҳам) шукр қилмайсизми?” (Воқеа сураси, 68-70 -оятлари).
Сув – инсоннинг ҳаёт кечириши учун асосий қувват манбаи. Бунга яна одамнинг покланиши ва бошқа мақсадларда ишлатадиган сув ҳам қўшилса, унинг қанчалик зарур ва бебаҳо неъмат экани ойдинлашади.
Бугунги кунда мусулмонлар орасида Аллоҳ таоло ато этган турли неъматлар қатори сувни ҳам исроф қилаётган, унга бепарво муносабатда бўлаётганлар борлиги ачинарли ҳол. Ҳаётимиз учун энг зарур неъмат бўлган сув исрофи ҳаммасидан ошиб тушяпти.
Сувни тежаш ҳақида Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам саҳобалардан Саъд розиялҳу анҳу таҳорат қилаётганларида: “Эй Саъд, бу исроф нимаси?”, дедилар. Саъд розияллоҳу анҳу: “Таҳоратда ҳам исроф қилиш борми?”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа, агарчи оқиб турган дарёнинг бўйида турган бўлсанг ҳам”, дедилар (Имом Аҳмад ва Имом ибн Можа ривояти).
Таҳоратда ортиқча сув ишлатиш исроф ва мумкин бўлмаганидан кейин қолган нарсаларни қиёслаб олаверинг. Экинга ҳам эҳтиёждан ортиғини ишлатиш исрофдир.
Афсуски, сувни исроф қилиш ҳолларига тез-тез гувоҳ бўлиб қоляпмиз. Жўмраги бузилган сув қувурларидан тоза ичимлик сув шариллаб оқиб ётади. Ўша сувдан ичадиган аҳоли вакилларидан бирортаси: “Кел, шу жўмракни тузаттириб қўяй! Ахир бу сувдан ўзимиз ичамиз-ку! Шунча сув исроф бўлиб оқиб ётмасин. Бу ис рофнинг ҳам сўроғи бор”, деб ўйлаб кўрмай, ўша қувур ёнидан бепарволарча ўтиб кетаверади.
Сув шариллаб оқиши у ёқда турсин, ҳатто томчилаб оқиб турса ҳам исрофдир. Чунки шу томчилар жамланса, катта миқдорда сув исроф бўлаётгани ойдинлашади.
Дунёнинг айрим жойларида инсонлар зарарли микробларга заҳарланиш кўринишларига олиб келадиган сув ичмоқда. Шуьларни ўйлаб, ичаётган мусаффо, пок сувимиз учун
Роббимизга кўп-кўп шукрлар қилайлик!
Аллоҳга ҳамд айтиш, неъматла рининг шукрини адо этиш банда учун ҳам ибодат, ҳам катта мукофотдир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун: “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади” (Имом ибн Можа ривояти).
Аслида биз мусулмонлар сув неъматига ниҳоятда эҳтиёт бўлишимиз керак. Аллоҳ асрасин, агар Раббимиз уни биздан олиб қўйса, нималар бўлишини, қурғоқчиликнинг қанчалик даҳшатли офат эканини ҳамма яхши билади. Тоза ичимлик сувини эҳтиёждан ташқари ишлатиш ва ҳуда-беҳудага оқизиб қўйиш каби ҳолатларнинг учраётгани ўта ачинарли ҳолдир. Айрим давлатларда тоза ичимлик суви олтинга тенг бўлиб турган, минглаб кишилар, ёш гўдаклар ичимлик суви танқислигидан азият чекаётган бир шароитда, сизу биз Аллоҳ ато этган шундай буюк неъматнинг қадрига етмаслигимиз ношукрликдан бўлак нарса эмас.
Бугунги кунда барча инсонлар аввало тоза сув истеъмол қилиб, саломатликларини муҳофаза этишлари нақадар долзарб эканлигини чуқур ҳис этишлари лозим. Шу билан бирга Аллоҳ таолонинг буюк неъмати бўлмиш сувни тоза сақлаш, тежаб ишлатиш ва истеъмолда меъёрга риоя қилишлари керак.
Аброрхўжа Рашидов ,
Чортоқ тумани “Абу Бакр Сиддиқ” жоме
масжиди имом-хатиби