Жамият аъзоларига муносабат

НЕЪМАТЛАРНИ АНГЛАШ — ШУКРНИНГ ЮКСАК МАРТАБАСИ.

НЕЪМАТЛАРНИ АНГЛАШ — ШУКРНИНГ ЮКСАК МАРТАБАСИ.

Инсон табиати шундай: у кўп неъматларга эга бўлган сари, уларни оддий ҳол деб қабул қила бошлайди. Кўз кўриб турган нур, юрак уриб турган ҳаёт, тан соғлиги — буларнинг барчаси гўё доимий ва ўз-ўзидан мавжуддек туюлади. Шу боис, кўпинча ҳол-аҳвол сўралганда: “Ҳеч қандай янгилик йўқ”, деган жавобни эшитамиз. Аммо ҳақиқатда, ҳар бир нафас — янгиланган неъмат, ҳар бир сония — янги эҳсон эмасми?

Улуғ уламолардан бири, Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий бу ҳақда чуқур маъноли ҳикмат айтганлар: инсон неъматларга шунчалик кўникиб қоладики, уларни энди неъмат деб ҳис этмайди. Бу эса шукрнинг камайишига, қалбнинг ғафлатга чўмишига сабаб бўлади.

Қуръон — неъматларни эслашга чақириқ

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилади: “Агар Аллоҳнинг неъматларини санамоқчи бўлсангиз, саноғига ета олмайсиз.” (Наҳл сураси, 18-оят)

Бу оят инсонга берилган неъматларнинг беқиёс эканини англатади. Ҳақиқатдан ҳам, инсон танасидаги ҳар бир ҳужайра, ҳар бир ҳаракат, ҳар бир ҳис — алоҳида бир неъматдир. Биз эса кўпинча фақат йўқотганимиздагина уларнинг қадрига етамиз.

Яна бир оятда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Агар шукр қилсангиз, албатта сизларга (неъматларимни) зиёда қиламан.” (Иброҳим сураси, 7-оят)

Демак, шукр — неъматни сақлаб қолиш ва уни янада кўпайтиришнинг калитидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу  алайҳи ва  салламнинг ибратлари

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам шукр борасида энг олий намуна эдилар. Ҳатто гуноҳлари кечирилган бўлса-да, тунлари узоқ ибодат қилар эдилар. Бу ҳақда Оиша бинт Абу Бакр (розияллоҳу анҳо) ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шунчалик кўп ибодат қилардиларки, оёқлари шишиб кетарди. Мен: “Нега бунчалик қиласиз, ахир сизга гуноҳларингиз кечирилган-ку?” дедим. Шунда у зот: “Мен шукр қилувчи банда бўлмайинми?” дедилар.” (Саҳиҳ Бухорий,) 

Бу ҳадис шукрнинг фақат тил билан айтилган “Алҳамдулиллаҳ” эмас, балки амал билан исботланадиган юксак ҳолат эканини кўрсатади.

Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Икки неъмат борки, кўп одамлар уларнинг қадрига етмайди: соғлик ва бўш вақт.” (Саҳиҳ Бухорий)

Неъматни ҳис қилиш — қалб уйғонишидир

Инсон ҳар куни уйғонганда, кўзлари очилгани, нафас олаётгани, оиласи ёнида эканини ҳис қилса — бу унинг қалби тирик эканидан далолатдир. Чунки ҳақиқий шукр — неъматни кўришдан бошланади.

Соғлик — беморлик келмагунча қадрланмайди. Тинчлик — хавф туғилмагунча сезилмайди. Оила — йўқотилмагунча англанмайди. Шунинг учун ҳам мўмин киши ҳар бир ҳолатда Аллоҳга ҳамд айтишни ўзига одат қилиши лозим.

Хулоса

Неъматлар ичида яшаб туриб, уларни сезмаслик — энг катта камчиликлардан биридир. Ҳаётимизда “янгилик йўқ” эмас, балки ҳар лаҳза янги неъмат бор. Фақат уни кўра олиш, ҳис қила олиш ва шукр айта олиш керак.

Эй Роббимиз! Бизга берган саноқсиз неъматларинг учун Сенга ҳамдлар бўлсин. Танамиздаги ҳар бир ҳужайра, юрагимиздаги ҳар бир зарба, ҳаётимиздаги ҳар бир лаҳза учун Сенга ҳамдлар бўлсин. Бизларни шукр қилувчи бандаларингдан қилгин. 

 

Ҳудайбердиев Муҳиббуллоҳ 

Тўрақўрғон туман бош имом хатиби

Related posts