Жамият аъзоларига муносабат

НАМОЗНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

НАМОЗНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

  Намознинг фазилати ва унга аҳамият бериб қизиқтирилган ҳадислар жуда ҳам кўп. Лекин уларни иҳота қилиб, тўла англаш бироз мушкул бўлгани сабабли, бу ўринда қисқа ва қизиқарли ҳадисларни келтирамиз:

1. "Аллоҳ инсонларга ўз динларида биринчи фарз қилган нарса – намоздир. Охири қоладигани ҳам намоздир. Аввал ҳисоб-китоб қилинадигани ҳам намоздир".

2. "Аллоҳдан намоз тўғрисида қўрқинг, Аллоҳдан намоз тўғрисида қўрқинг, Аллоҳдан намоз тўғрисида қўрқинг".

3. "Киши билан ширк ва куфр орасидаги фарқ – бу намозни тарк қилишликдир".

(Муслим ривоятлари).

4. "Намоз диннинг устунидир".

5. "Намоз шайтоннинг юзини қорайтиради".

6. "Намоз нурдир".

7. "Сажда изини дўзах ютмоқлигини Аллоҳ ҳаром қилди".

8. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: "Қайси амал Аллоҳга маҳбуброқI» деб сўраганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Вақтида ўқилган намоз", дедилар.

9. "Бирор банданинг ҳолати Аллоҳ уни саждада кўрганидан кўра маҳбуброқ эмас. Унинг юзи тупроқдалигидаёқ мағфират қилинади".

10. "Банда Раббисига энг яқин бўладиган пайт саждадаги вақтидир".

11. "Жаннатнинг калити намоздир".

12. "Диндаги намознинг ўрни худди жасаддаги бошнинг ўрнига ўхшайди".

13. "Кимки чиройли таҳорат қилиб, сўнгра туриб икки ракат ёки тўрт ракат (ровий шак қилдилар) намоз ўқиса, унда рукуъ ва хушуъларини чиройли қилиб, Аллоҳга истиғфор айтса, унинг гуноҳларини Аллоҳ кечиради".

14. "Кимки беш вақт намозни рукуъ ва саждаларига риоя қилиб, ўз вақтида адо этса ва Аллоҳ томонидан ҳақ эканлигини билса, жаннатга киради. Ёки жаннат вожиб бўлади. Ёки дўзах ҳаром бўлади".

15. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан "Қайси амал афзал?" деб сўралганда, у зот: "Аввалги вақтида ўқилган намоз", дедилар.

16. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан "Қайси амал Аллоҳга маҳбуброқ?" дейилганда, у зот: "Вақтида ўқилган намоз", дедилар.

17. "Кимки субҳи намозига борса, иймон байроғи билан борибди. Кимки бозорга борса, шайтон байроғи билан борибди".

18. "Пешиндан олдин ўқилган тўрт ракат намоз саҳарда ўқилганнинг мислидек".

19. "Кимки пешиндан олдин тўрт ракат намоз ўқиса, гўёки кечаси таҳажжуд ўқигандек бўлади".

20. Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб, "Эй Муҳаммад, хоҳлаганингизча яшанг, албатта сиз ўлувчисиз. Хоҳлаганингизча амал қилинг, сиз у билан жазоланувчисиз. Хоҳлаган кишингизни яхши кўринг, сиз ундан ажралувчисиз. Билингки, албатта мўминнинг шарафи кечаси қоим бўлиши ва унинг иззати инсонлардан беҳожат бўлишидадир", деди.

21. "Кечаси қоим бўлишни ўзингизга лозим тутинг, чунки у сизлардан олдинги солиҳ кишиларнинг одати ҳамда Раббингизга яқин қилувчидир. Ва хатолар учун каффоратдир. Ва гуноҳлардан маън қилувчидир. Ва жасаддан дардни ҳайдовчидир".

Ҳудайбердиев Муҳиббуллоҳ

Тўрақўрғон тумани бош имом хатиби.

Related posts