Байрам ва марака маросимлари

ИСЛОМ- БАҒРИКЕНГЛИК ДИНИ

ИСЛОМ- БАҒРИКЕНГЛИК ДИНИ

Мурувват, диний бағрикенглик Исломнинг тамал тоши, эътиқод ва динлар тарихидаги бир омилдир. Ислом илк давриданоқ аввалги динларга ҳеч қандай тазйиқ ўтказмади, турфа мазҳаб ва мафкураларга қарши таассуб этмади. 

Ислом биринчи кунларданоқ диний бағрикенгликнинг оламшумул шиорларини ўртага ташлади: «барча самовий динлар бир манба, бир булоқдан сув ичади, ҳамма пайғамбарлар биродардирлар, рисолатда улар ўртасида ҳеч қандай афзаллик йўқ, эътиқодга, динга мажбурлаш мумкин эмас, илоҳий диёнатларнинг барча ибодатхоналари ҳимоя ва мудофаа қилиниши керак, динлардаги ихтилофлар қотиллик ва адоватларга сабаб бўлмаслиги, яхшилик, силаи раҳмдан тўсмаслиги лозим» ва ҳоказолар. 

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бу борада Ислом умматигагина эмас, бутун инсониятга ҳақиқий ибрат-намуна эдилар. 

Бағрикенглик, кечиримлилик бобида у зотга тенг келадигани топилмайди. Оламлар сарвари қасос ва ўч олиш имконияти бўлатуриб ўзларига ва барча мусулмонларга чексиз зулм ва ёвузликлар кўрсатган, она шаҳарларидан қувиб чиқарган маккалик мушрикларни ҳам, тош олиб у зотни яралаган ва шаҳридан қувган тоифликларни ҳам, амакилари ва энг жасур саркардаларини ўлдирган қулни ҳам, ўзларига заҳар берган аёлни ҳам, хулласи ҳаммани бирдай кечира оладиган зот эдилар Юртимизда азал-азалдан турли эътиқодга мансуб миллат ва элатлар истиқомат қилиб келган. 130 дан зиёд миллат фарзандларининг ҳур ва озод диёрда туғилиб, тинчлик ва осойишталик кайфиятида яшашлари ватанимизнинг бағрикенглик ўлкаси эканлигининг ёрқин намунасидир. 

Уларнинг ўзаро баҳамжиҳат, аҳил-иноқликда бир-бирларининг эътиқодларини ҳурмат ва эҳтиром руҳида яшаб келишларининг ўзи Яратганнинг халқимизга берган улкан неъматидир. 

Бугунги дунёда диёримизда кўплаб соҳалар қатори дин соҳасида ҳам улкан ўзгаришлар амалга оширилди. Бунга мисол қилиб ҳар йили фуқароларимизнинг муқаддас Ҳаж ибодатини тўла-тўкис адо этишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилаётгани, минглаб масжидлар, ўнлаб мадрасаларнинг фаолият юритаётганини эътироф этишимиз мумкин. 

Шунингдек, турли дин вакилларининг ўз ибодатларини мукаммал адо этишлари учун барча шароитлар яратилган. Мамлакатимизнинг турли соҳаларда тараққий этаётгани, фуқароларимизнинг юрт осойишталиги ва фаровонлиги йўлида елкадош бўлиб меҳнт қилаётганликлари, илм-фан, саноат, қурилиш, маданият, санъат ва спорт борасида эришаётган ютуқларимизнинг замирида халқимизнинг аҳил ва бағрикенг бўлиб яшаш анъаналари ётибди.

Пахриддин Юсупов,
Наманган туман бош имом хатиби

Related posts