• Home
  • Раддия
  • МУСУЛМОННИ КУФРДА АЙБЛАШЛИК УЛКАН ХАТАРДИР.
Раддия

МУСУЛМОННИ КУФРДА АЙБЛАШЛИК УЛКАН ХАТАРДИР.

МУСУЛМОННИ КУФРДА АЙБЛАШЛИК УЛКАН ХАТАРДИР.

“Такфир” тушунчаси  “бировни кофирга чиқариш”,“кофир деб ҳисоблаш” маъноларини англатади. Шариатимизда мусулмон кишини аниқ ҳужжат бўлмасдан туриб, “кофир” деб ҳукм қилиш ўта хатарли бўлиб, асло мумкин эмас! Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар” (Нисо сураси 94-оят).

Демак, Аллоҳ таоло бу  ояти каримада шошма-шошарлик билан бировнинг мўмин эмаслиги ҳақида ҳукм чиқариб, иш кўришдан қайтармоқда. 

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадисларида баён қилганлар. Жумладан: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Уч нарса имоннинг аслидандир.“Ла илаҳа иллаллоҳ” деган кимсага тегмаслик, уни гуноҳи туфайли “кофир” демаймиз, амали туфайли Исломдан чиқармаймиз” (Имом Абу Довуд ривоятлари).

Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон киши бошқа диндошига нисбатан қандай муносабатда бўлиши борасида аниқ ҳукм берилмоқда. Яъни, ҳақиқий мўмин бошқа биродарини гуноҳи туфайли кофирга чиқармаслиги, уни қилган амали сабабли унга “мўмин эмас” деган сўзни айтмаслик лозимлиги уқтирилмоқда.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимларини олган саҳобаи киромлар ва улардан кейинги уламоларимиз ҳам мусулмонни “кофир” дейишдан қаттиқ ўзларини эҳтиёт қилганлар. Чунки улар бу ишда катта гуноҳ борлиги ва бу гап ўзига қайтиб қолишидан хабардор эдилар.

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда, баъзи бир онглари заҳарланиб қолган кишилар, давлат раҳбарларидан бошлаб, ўзларига ҳамфикр бўлмаган ҳар бир мусулмонни осонгина кофирга чиқарадилар. 

Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар. 

Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг  “Фиқҳул акбар” китобларида шундай деганлар: “Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”.

Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий ал-Ҳанафий ҳам ўзининг “Ал-Ақида ат-таҳовия” асарида шундай деганлар:  “Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз”.

Аҳли сунна уламолари иттифоқига кўра, катта (кабира) гуноҳ содир этган киши қилган ишини ҳалол санамас экан, ҳаргиз кофир бўлмайди ва у банда дўзахда абадий қолмайди.

Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қибла аҳлидан бирор кишини, гарчи гуноҳи кабира қилса ҳам, кофирга чиқармасликка буюрганлар. Саҳобаи киромлар ҳам қибла аҳлининг ҳеч бирини кофирга чиқармаганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қачон киши ўз биродарига “Эй, кофир” деса, икковларидан бири ўшандоқ бўлади», деганлар  (Имом Бухорий ривояти). 

Яъни, ҳалиги одам кофир бўлмаса, уни кофир деган одамнинг ўзи кофир бўлади.

Ҳанафий уламолар эса кишининг кофирлигига тўқсон тўққизта далил бўлиб, ундай эмаслигига битта далил топилса, ўша битта далил олиниши лозимлигини айтадилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ эса: “Асҳобларимиздан ҳеч ким қибла аҳлидан бўлган аҳли ҳавони кофирга чиқаришни айтмаган. Бир нарсани вожиб ёки ҳаром дейиш, бировга савоб ёки азоб бериш, бировни кофир ёки фосиқ деб ҳукм қилиш Аллоҳнинг ишидир», деганлар.

Хулоса қилиб айтганда, хорижийлар, муътазилийлар каби фирқалар томонидан такфир масаласи аҳли сунна вал жамоа эътиқодига зид тарзда талқин қилинган. Ҳозирги кунда Ислом ниқоби остида фаолият олиб бораётган турли оқимлар мусулмонларни қилган амали боис ко­фирга чиқариш орқали ўзларининг жиноятларини оқламоқдалар. Бироқ буларнинг бари динимиз таълимотига зиддир.

Муҳаммад Айюб Фахриддинов

Наманган шаҳри "Юсуфхон ўғли Қосимхон" жоме  
масжиди имом ноиби

Related posts