Байрам ва марака маросимлари

МУСТАҚИЛЛИК – умумхалқ байрами!

МУСТАҚИЛЛИК – умумхалқ байрами!

Азиз юртдошлар! Маълумки, шу кунларда барчамиз учун улкан қувонч ва фахр бағишлайдиган, халқимиз ҳаётида беқиёс аҳамиятга эга бўлган сана – давлатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида турибмиз. Шу фурсатдан фойдаланиб, барчаларингизни ушбу улуғ ва қутлуғ айём – Мустақиллик байрами билан чин дилдан муборакбод этамиз!

Аллоҳ таоло Ватанимизни доимо обод, фаровон ва тинч юртлардан қилсин! Юртимиз осмони мусаффо, халқимиз ҳаёти хотиржам, хонадонларимиз файзу баракага тўла бўлсин! Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги ва юртимиз тараққиёти йўлида астойдил, фидокорона меҳнат қилаётган раҳбару ходимларнинг хайрли ишларида Аллоҳ таоло мададкор бўлсин!

Муҳтарам азизлар! Мустақиллик – бу шунчаки байрам ёки тақвимдаги сана эмас. У, аввало, халқимизнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш, миллий қадриятларини асраб-авайлаш, она тили, дини, урф-одат ва анъаналарини эркин камол топтириш имкониятидир. Мустақиллик туфайли юртимизда миллий ўзлигимизни англаш, аждодларимиз қолдирган бой маънавий меросни ўрганиш ва келажак авлодга етказиш учун кенг имкониятлар яратилди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Раббингизнинг (Сизга ато этган барча) неъмати ҳақида эса (одамларга) сўзланг!»– деб марҳамат қилган. (Зуҳо сураси, 11-оят).

Ушбу оятнинг ҳукмига биноан, ўтган йиллар давомида юртимизда амалга оширилган хайрли ишлар, эришилган ютуқлар ва халқимиз ҳаётидаги ижобий ўзгаришларни яна бир карра эслаб ўтмоғимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, эришилган неъматларни зикр қилиш ҳам шукрона неъмат ҳисобланади.

Маълумки, юртимизда ҳар соҳада янгиланиш ва тараққиёт жараёнлари изчил давом этмоқда. Халқ фаровонлигини таъминлаш, инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Шахсан муҳтарам Президентимизнинг ўзлари ҳар соҳанинг ичига бевосита кириб бориб, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш бўйича оқилона йўл-йўриқлар кўрсатиб келмоқдалар.

Жумладан, аҳолини муносиб уй-жой билан таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар, айниқса, кам таъминланган оилалар, эҳтиёжманд фуқаролар ва ногиронлиги бўлган шахсларга алоҳида эътибор қаратилаётгани таҳсинга сазовордир. Инсоннинг муносиб ҳаёт кечириши, ўз хонадонига эга бўлиши ва оиласи билан хотиржам яшаши учун шароит яратиш – инсон қадрини улуғлашнинг муҳим кўринишларидан биридир.

Юртимизда таълим соҳасига, хусусан, ўқитувчиларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш, ойлик маошларини ошириш, уй-жой олиш имкониятларини яратиб беришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, устозга кўрсатилган ҳурмат ва эътибор – келажакка қилинган энг катта сармоядир.

Ўз-ўзидан бу келажагимиз ворислари бўлмиш ёшларимизнинг таълим-тарбиясини юқори даражага олиб чиқишга асос бўлади. Зеро, ҳар бир ўзини ҳурмат қилган халқ нафақат бугунги куни, балки эртанги куни ҳақида ҳам қайғуради. Агар биздан фарзандларимизга обод ва фаровон юрт, мустаҳкам жамият, тинч ва осуда ҳаёт мерос қолишини истасак, ёшларимизга, уларнинг таълим-тарбияси ва маънавий камолотига бепарво бўлмаслигимиз керак.

Бугун юртимиз ёшлари учун илм олиш, касб-ҳунар эгаллаш, хорижий тилларни ўрганиш, замонавий технологияларни ўзлаштириш ва ўз истеъдодини намоён этиш учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Бу имкониятлардан оқилона фойдаланиш, ёшларни эзгу мақсадлар сари йўналтириш эса барчамизнинг умумий вазифамиздир.

Аллоҳ таоло юртимизга энг буюк неъматлардан бири бўлган тинчлик ва осойишталикни ато этган. Тинчлик бор жойда барака, меҳнат, тараққиёт ва фаровонлик бўлади. Шу боис, бизга берилган ушбу улуғ неъматнинг қадрига етиб, уни асраб-авайлашимиз, ўзаро меҳр-оқибат, ҳурмат ва бағрикенгликни янада мустаҳкамлашимиз лозим.

Охирги йиллар давомида диний соҳада ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Диний-маърифий меросимизни чуқур ўрганиш, буюк алломаларимиз ҳаёти ва илмий меросини тадқиқ этиш, масжид ва зиёратгоҳларни обод қилиш, фуқароларнинг диний эҳтиёжларини қонуний асосда таъминлаш борасида ҳам қатор хайрли ишлар қилинди.

Аллоҳ таолонинг байтини – муқаддас Каъбатуллоҳни зиёрат қилиш, Ҳаж ва Умра ибодатларини адо этиш ҳар бир мусулмоннинг энг улуғ орзуларидан саналади. Кейинги йилларда юртдошларимизнинг ушбу муборак зиёратларни амалга оширишлари учун янада қулай шароитлар яратилиб, хизмат сифати ва ташкилий ишлар такомиллаштириб борилаётгани ҳам халқимиз учун катта қувончдир.

Шу ўринда барчамизга берилган неъматларга шукр қилиш, Ватанимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги учун дуода бўлиш айни муддаодир. Зеро, шукр билан неъмат зиёда бўлади, дуо ва яхши ниятлар эса инсон қалбини эзгуликка чорлайди.

Мустақиллик байрами барчамизга Ватан қадрини, тинчлик неъматини, оила ва аҳилликнинг аҳамиятини яна бир бор ҳис этиш имконини берсин. Юртимизда меҳр-оқибат, саховат ва ҳамжиҳатлик янада қарор топсин.

Аллоҳ таоло Ўзбекистонимизни тинч ва обод, халқимизни фаровон ва саодатли қилсин! Хонадонимиздан файзу барака, қалбларимиздан иймон-эътиқод, юртимиздан тинчлик-хотиржамлик аримасин!

Барчангизни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан яна бир бор самимий муборакбод этамиз!

Мустақиллигимиз абадий бўлсин! Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин!

Манбалар асосида тайёрланди.

Камолхон Сулайманов,
Наманган шаҳри “Хомиддин қори” жоме 
масжиди имом-хатиби

Related posts