Жамият аъзоларига муносабат

МУСТАҚИЛЛИК – ОЛИЙ НЕЪМАТ

МУСТАҚИЛЛИК – ОЛИЙ НЕЪМАТ

Аллоҳ таолога ҳамд ва санолар бўлсинки, ўттиз уч йил олдин, Ватанимиз мустақилликка эришди. Бу мустақиллик Аллоҳнинг катта неъматларидан бири бўлиб, унда ўз эътиқодимиз, маданиятимиз ва анъаналаримизни асраб-авайлаш имкониятига эга бўлдик. Мустақиллик йилларида юртимизда динимиз ривож топди, масжидлар, мадрасалар, исломий марказлар қайта тикланди ва янги ташкилотлар очилди.

Ислом дини тинчлик, тараққиёт ва адолат динидир. Мустақиллик бизга Аллоҳ таолонинг йўлидан юриш, У зотнинг кўрсатмалари бўйича жамиятни ривожлантириш имкониятини берди. Шу йиллар мобайнида биз Қуръон ва ҳадис илмларига чуқурроқ кириб боришга, ёш авлодга билимлар беришга катта эътибор қаратдик. Бу, ўз навбатида, жамиятимизда ахлоқий фазилатларнинг кучайишига олиб келди.

Мустақилликнинг аҳамияти шундаки, биз ўз тақдиримизни ўзимиз белгилаш имкониятига эга бўлдик. Бу имкониятни тўғри йўналтириш ва Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларига мувофиқ ҳаракат қилиш бизнинг асосий бурчимиздир. Ҳар бир мусулмоннинг вазифаси – Ватанини севиш, уни ҳимоя қилиш ва ривожлантиришдир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг "Ватан севгиси иймондандир" деган ҳадиси ҳам бу масаланинг нақадар муҳим эканлигини эслатиб туради.

Бугун, мустақилликнинг ўттиз уч йиллиги арафасида, биз Аллоҳга шукроналар айтиб, келажак учун режалар тузмоқдамиз. Динимизнинг қадр-қимматини билиб, уни янада ривожлантириш ва ёш авлодни тўғри тарбиялашда давом этишимиз зарур. Биз мустақилликнинг қадрига етиб, уни сақлаб қолиш учун доимий ҳаракатда бўлишимиз лозим. 

Ота-боболаримизнинг фидойиликлари, уларнинг кўрсатган матонатлари бизга буюк Ватанни мерос қилиб қолдирди. Энди бизнинг вазифамиз – бу Ватанни юксак чўққиларга олиб чиқишдир. Мустақилликнинг ўттиз уч йиллиги ҳам шу йўлда қилинаётган ишларимизнинг натижаларини кўрсатади.

Аллоҳдан тилаймизки, юртимизни тинчлик-хотиржамликда, барака ва фаровонликда сақласин, мустақиллигимизни абадий қилсин. Ҳар биримиз Аллоҳнинг йўлида тўғри юриш ва бу неъматни асраб-авайлашда қатъий бўлайлик. Аллоҳ барчамизни тўғри йўлдан оздирмасин ва бу буюк Ватанимизни доимий равишда муҳофаза қилсин!

 

Анвархон АКРАМОВ,

Наманган шаҳар “Мулла Бозор Охунд” 
жоме масжиди имом-ноиби

Related posts