Таълим тарбия

МУЛОЙИМЛИК – ҚАЛБЛАР КАЛИТИ

МУЛОЙИМЛИК – ҚАЛБЛАР КАЛИТИ

Мулойимлик Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилган кишиларга ато этадиган улуғ неъматдир.

Аллоҳ қайси бир кишига, қайси бир оилага, жамиятга яхшиликни ирода қилса, уларга мулойимлик хислатини муяссар этиб қўяди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

«Албатта Аллоҳ мулойимдир, мулойимликни яхши кўради, қўполлик учун бермайдиган нарсасини мулойимлик учун беради», деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).

Афсуски, аксариятимиз ҳамма ишни қўполлик билан ҳал қилишни тўғри деб, мулойимликни эса ожизлик деб ўйлаймиз. Қанчалар нодонмиз-а…

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, мулойимлик бирор нарсага аралашса, ўша нарсани зийнатлайди. Аммо уни ажратиб олинса, у айбли бўлади», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ойша онамиздан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда:

«Бир асов туяда кетаётган эдим, уни ура кетдим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Доим мулойим бўлгин. Зотан, мулойимлик нимада бўлса, уни зийнатлайди, нимадан олиб ташланса, уни нуқсонли, хунук қилади”, дедилар»

(Имом Бухорий «Адабул муфрад»да ривоят қилган).

Аллоҳ таоло мулойимликка кўрк, чирой берар экан, бу нарса шубҳасиз, яхшилик, илоҳий тортиқ ҳисобланади ва хушхабар бўлади.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мулойимлик яхшилик башоратидир, қўполлик эса шумликдир. Аллоҳ бирор хонадон аҳлига яхшиликни ирода қилса, уларга мулойимлик эшигини очиб қўяди», дедилар (Абу Бакр Аҳмад ибн Ҳусайн Байҳақий «Шуъабул ийман»да келтирган).

Кимда мулойимлик бўлса, унга яхшиликлар етиши башорати бор, яъни унга яхшилик етиши тайин. Ким қўполлик қилса, яхшилик эмас, ёмонликни кутаверсин, чунки қўполлик шумликдир.

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳрум бўлибди», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Ким мулойимликдан қанчалик маҳрум бўлса, яхшиликдан ҳам шунча маҳрумдир. Агар мулойимликдан буткул маҳрум бўлса, яхшиликдан ҳам тўлиқ маҳрум бўлади.

Мулойимликнинг қанчалик улкан самаралар беришини Ислом тарихидаги Ҳудайбия сулҳидан ҳам кўришимиз мумкин. Ўша воқеада Набий алайҳиссалом душманнинг адолатсиз талабларига шу қадар мулойимлик билан рози бўлдиларки, ҳатто баъзи саҳобалар бунга чидай олмай, ошкора эътироз билдиришгача боришди. Чунки бу ҳолат кўпчиликка мағлубиятдек кўринди. Аммо кейинчалик бу иш нафақат мағлубият, балки буюк фатҳ эканлиги маълум бўлди.

Мулойимлик аслида набавий ахлоқ, исломий манҳаж ҳисобланади. Ҳар бир мусулмон, хусусан, диндан сўзламоқчи ва дин учун хизмат қилмоқчи бўлган кишилар ушбу набавий хислатни ҳамиша ўзлари учун маёқ қилиб олишлари даркор.

 

Лутфиддин Абдурахмонов,
Чуст тумани “Булоқли” жоме
масжиди имом хатиби

Related posts