Жамият аъзоларига муносабат

КЎЧАТ ЭКИШ САВОБИ

КЎЧАТ ЭКИШ САВОБИ

Муқаддас динимизда кўчат экишлик жуда ҳам савобли иш эканлиги таъкидланади. Бу хақида Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят килади: "Агар бир муслим банда кўчат ўтказса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади" (Муслим ривояти).

Бу хадис кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти нечоғлик улуғ эканига далолат қилади ва кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савоблардан хабар беради. Ушбу амал инсонга нафақат тириклигида, балки вафотидан сўнг ҳам манфаат етказиб туради, киёмат кунигача садақаи жория сифатида банда фойдасига хизмат килади.

Бошқа бир ривоятда "Агар мусулмон банда бирон кўчат экадиган бўлса, ундан инсон, ҳайвон ёки еса, бу ўша бандага киёмат кунигача садакаи жория бўлади", дейилган (Муслим ривояти).

Демак, киши эккан дарахт бошқалар томонидан истеъмол килинса ҳам, гарчи ўша дарахт вақт ўтиб ўзга одамнинг мулкига айланса ҳам, унинг ҳаққига савоб ëзилиб турилар экан.

Кишининг бундай ажр-савобларга мушарраф бўлишига сабаб шуки, у ҳаёт фаровонлиги, мўминлар манфаат олишлари, қолаверса табиатнинг янада кўркам бўлиши учун ўз ҳиссасини қўшди. У фақат ўзини ўйламади, балки ён-атрофдаги инсонларнинг ҳам манфаатини ўйлаб иш тутди, яхшиликнинг кўпайишига ёрдам берди. Динимиз Исломда бундай ишлар қадрланади.

Ҳикматда айтилади: "Бизлардан олдин ўтганлар кўчат экишди, биз ундан едик. Энди эса, биз экамиз, уни кейинги авлодлар ейди".

Бугун экилган ҳар бир дарахт Ер юзидаги яшил ҳаётни сақлаб қолиш ва фарзандларимизнинг соғлом келажагини таъминлашга хизмат қилади. 

Шундай экан, бизлар ҳам бу эзгу ишдан четда қолмайлик, ободончилик ва фаровонлик йўлида қўлимиздан келган чораларни кўрайлик!

Муродулла Аҳмедов,
Наманган тумани "Отавалихон" жоме 
масжиди имом-хатиби 

Related posts