Байрам ва марака маросимлари

ИНСОН ХОТИРАСИ АЗИЗ

ИНСОН ХОТИРАСИ АЗИЗ

Ўзбекистон Республикаси ўз мустақиллигини қўлга киритгандан сўнг ҳукуматимиз томонидан миллий ва диний қадриятларимизни қайта тиклаш ҳамда маънавиятимизни юксалтиришга улкан эътибор қаратила бошланди. Хусусан, тарихий обидаларимиз, муқаддас қадамжолар ва буюк алломаларимизнинг мақбараларини қайта тиклаш ва уларни обод қилиш борасида бир қатор самарали ишлар амалга оширилди. Шунингдек миллий ва диний байрамларимиз, урф-одатларимиз кенг тарзда нишонланиб, бу ёруғ кунларни кўрмасдан дунёдан ўтган, ўз Ватанининг тинчлиги йўлида жон фидо қилган II-жаҳон уруши қатнашчиларини хотирлаш мақсадида Республикамизда 9 май - Хотира ва қадрлаш куни деб белгиланди.

Хотира – фақат инсониятга берилган улуғ бир туйғу. Инсон ўтган яқинларини вақти-вақти билан хотирлаб, руҳларини шод қилиши динимиз тавсияларидандир. Агар инсон умри давомида халқи, ватани, дини учун хизмат қилиб ўтса, унинг ҳар бир хизмати самараси сизни хотирлашга ундайверади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадиси шарифларида марҳамат қилиб айтдилар: “Сизлардан вафот топиб кетганларни тирикликда қилган яхши амалларини ёдга олиб туринглар”. 

Ҳақиқатан ҳам, ўтганларни хотирлаш савобли ва хайрли амаллардандир. Тарихга бир назар соладиган бўлсак, 1941-1945 йилларда қонхўр фашизмга қаратилган шиддатли жангларда қанчадан-қанча ота-боболаримиз ўз юртининг тинчлиги учун мардларча курашиб, жон фидо қилдилар. Бу ёруғ кунларни кўриш эса уларнинг аксариятига насиб этмади. Улар тинчлик ва истиқлол неъматига мушарраф бўлиш бахтидан бенасиб ҳолда армон билан, кўзда ёш билан дунёдан ўтдилар.

Ўзининг кўп йиллик кўхна тарихини ҳамда ота-боболарининг шу юрт учун чеккан  жабру-жафоларини  унутмаган халқимиз ҳар йили 9 май - Хотира ва қадрлаш кунини муносиб тарзда кутиб олади. Ўтганларимиз руҳи-покларига Қуръон тиловатлари ва хайрли дуолар қилинади. Барҳаёт бўлганларини эса ҳолларидан хабар олинади, моддий ва маънавий кўмак берилади.

Ватан барчамиз учун муқаддасдир. Юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ота-боболаримизни хотирлаб, уларни ёдга олиш эса ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Манбалар асосида тайёрланди.

Паҳриддин Юсупов,
Наманган туман бош имом-хатиби

Related posts