Жамият аъзоларига муносабат

МУБОРАК САФАР — ҲАЖ ИБОДАТИ ВА УНИНГ АҲАМИЯТИ

МУБОРАК САФАР — ҲАЖ ИБОДАТИ ВА УНИНГ АҲАМИЯТИ

Муборак сафарлар ичида энг улуғи — Ҳаж сафари ҳисобланади. Ҳаж — исломнинг беш рукнидан бири бўлиб, имконияти етган ҳар бир мусулмон умрида бир марта адо этиши фарздир. Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай марҳамат қилинади: “Валиллаҳи алан-наси ҳижжул-байти манистатоа илайҳи сабила” (Оли Имрон сураси, 97-оят)

Яъни: “Аллоҳ учун одамлар зиммасига — йўл топа олганлар учун Байтини (Каъбани) ҳаж қилиш фарз қилинди”.

Ҳаж сафарига чиққан инсон, аввало, ихлос билан ният қилиб, гуноҳларидан тавба этади. Чунки бу сафар оддий саёҳат эмас, балки Аллоҳнинг уйига қилинган улуғ зиёратдир. Шунинг учун ҳам бу йўлга чиққан киши ўз ахлоқини тузатиши, гап-сўзи ва амалларига эътиборли бўлиши лозим.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:

“Ман ҳажжа лиллаҳи фалам ярфус ва лам яфсук, рожаъа кайавмин валадатҳу уммуҳ”

Яъни: “Ким Аллоҳ учун Ҳаж қилиб, ёмон сўз ва гуноҳ ишлардан тийилса, онасидан туғилган кунидек пок бўлиб қайтади” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)

Бу ҳадис Ҳажнинг инсон ҳаётидаги улкан аҳамиятини кўрсатади. Яъни, бу ибодат инсонни маънавий жиҳатдан тозалайди ва уни янги, пок ҳаётга бошлайди.

Ҳаж ибодати бир нечта муҳим амаллардан иборат бўлиб, ҳар бири чуқур маъно ва ҳикматга эга. 

—Эҳромга кириш — дунёвий мансаб ва фарқларни четга суриб, барча мусулмонлар тенг эканини билдиради.

—Каъба атрофида тавоф қилиш –Аллоҳга бўлган муҳаббат ва итоат рамзидир.

—Сафо ва Марва орасида сай қилиш Ҳожар онамизнинг сабр ва таваккулини ёдга солади.

—Арафотда туриш эса Ҳажнинг энг муҳим рукнидур.

Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам айтганлар:

“Ал-Ҳажжу Арафа” Яъни: “Ҳаж — Арафотдир” (Имом Термизий ривояти)

Бу кунда инсон Аллоҳга илтижо қилиб, гуноҳларини кечиришни сўрайди. Бу ҳолат қиёмат кунини эслатади ва инсонни ўз амалларини қайта кўриб чиқишга ундайди.

Қуръони Каримда яна шундай марҳамат қилинади: “Лияшҳаду манафиъа лаҳум” (Ҳаж сураси, 28-оят) Яъни: “Улар ўзлари учун манфаатларга гувоҳ бўлишлари учун”.

Бу оят Ҳажнинг нафақат диний, балки ижтимоий аҳамияти борлигини ҳам кўрсатади. Чунки дунёнинг турли бурчакларидан келган миллионлаб мусулмонлар Макка шаҳрида жам бўлади. Бу эса мусулмон умматининг бирлиги ва ҳамжиҳатлигини намоён қилади.

Ҳаж давомида барча бир хил либос — эҳромда бўлади. Бу эса инсонлар ўртасидаги барча ташқи фарқларни йўққа чиқаради. Бой ва камбағал, раҳбар ва оддий инсон бир сафда туради. Бу — ҳақиқий адолат ва тенглик намунасидир.

Яна бир жиҳатдан ҳам Ҳаж муҳим аҳамиятга эга. Турли давлатлардан келган мусулмонлар бир жойда жам бўлиб, ўзаро мулоқот қиладилар, тажриба алмашадилар ва бир-бирини яхшироқ тушунишга ҳаракат қиладилар. Бу эса мусулмон дунёсидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ҳаж сафари инсон қалбида чуқур из қолдиради. У ердан қайтган инсон кўпинча ҳаётига бошқача нигоҳ билан қарайди, кўпроқ яхши амалларга интилади ва гуноҳ ишлардан узоқлашишга ҳаракат қилади. Шу боис халқимизда “Ҳаждан қайтган одам ўзгарган бўлади” деган гап бежиз айтилмаган.

Хулоса қилиб айтганда, Муборак Ҳаж сафари — бу саёҳат эмас, балки Аллоҳнинг бандалари устидаги фарзи, инсоннинг руҳий, ахлоқий ва ижтимоий жиҳатдан камол топишига хизмат қилувчи улуғ ибодатдир. У инсонни сабрга, ихлосга, покликка ва биродарликка чорлайди. Шунинг учун ҳар бир мусулмон бу муборак сафарни орзу қилиб, унга муносиб тайёргарлик кўриши зарур.

Аллоҳ таоло барчаларимизга Муборак сафарни ўз суйган инсонларимиз билан бирга том маънода адо қилишни насб қилсин!

Содиқжон Абдураҳмонов, 
Косонсой тумани “Бузругхўжа” жоме  
масжиди имом хатиби

Related posts