Таълим тарбия

МЎМИН ИНСОНЛАРГА ХОС СИФАТ.

МЎМИН ИНСОНЛАРГА ХОС СИФАТ.

Ислом динида ҳар бир амалнинг қадри ва савоби унинг ниятига боғлиқдир. Мусулмон инсон барча ибодат ва яхши амалларни фақат Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб бажариши керак. Бу ҳолат ихлос деб аталади. Ихлос — бу амалларни риё, шуҳрат ёки одамлар мақтови учун эмас, балки фақат Аллоҳ розилиги учун адо этишдир.

Абдуллоҳ ибн Масьуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Амалларни ҳолис Аллоҳ учун бажарган, ишбошиларига яхшиликни раво кўрган, мусулмонлар жамоасини лозим тутган кишининг қалбида гина-адоват бўлмайди. Дуолари унинг атрофида иҳота қилиб туради” (Имом Термизий).

Инсонларни иҳлос ва амал тўғрисида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳга ихлос билан ибодат қилишга буюрилгандирлар.” (Баййина сураси, 5-оят). Ушбу оятдан маълум бўладики, ҳар бир ибодатнинг асоси ихлосдир. Агар амал ихлоссиз бўлса, унинг савоби камайиши ёки бутунлай қабул қилинмаслиги мумкин.

Пайғамбаримиз Мухаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай марҳамат қилганлар: “Албатта амаллар ниятларга боғлиқдир.” (Имом Бухорий ривояти).           

Бу ҳадис мусулмон ҳаётида ниятнинг нақадар муҳим эканини кўрсатади. Яъни инсон қилган амалининг ташқи кўриниши эмас, балки унинг нияти Аллоҳ наздида муҳим ҳисобланади.

Мўмин банда қалби пок, дили равшан, амаллари мақбул бўлишини истайди ва бунга эришиш йўлларини қидиради. Чункий Аллоҳ таоло бундай огоҳлантирган: “У кунда на мол ва на бола-чақа манфаат берар. Лекин ким Аллоҳ ҳузурига саломат қалб билан келса (манфаат топар)”, (Шуаро, 88-89). Бирор банда ҳадиси шарифда зикир қилинган уч сифатга эга бўлса, унинг қалби гина, ҳасад, кек, адоват, нафрат каби иллатлардан пок бўлади.

Ҳеч қандай дунёвий мақсадни кўзламасдан, обро-эьтибор қозониш, мол дунё орттириш каби ғаразлардан холи бўлиб, Аллоҳ таолонинг розилиги учун риёсиз қилинган амалнинг савоби улуғдир. Чункий амалларга бериладиган ажр бандаларнинг ихлосига қараб турлича бўлиши мумкин. Ихлос билан амал қилган банданинг қалби нурланади, ибодатларидан файз топади.

Қалби соф мўмин банда иш бошларига, яьни рахбарларига итоат этади, эзгув мақсадлар йўлида уларга кўмаклашади, ҳақларига эзгу мақсадлар ила дуоий хайрлар қилади.

Мусулмонлар жамоаси эьтиқод ва амалларда аҳли сунна вал жамоага муофиқ амал қилиши лозим.

Дуо ибодатдир. Соф эьтиқодлий кишиларнинг дуолари баракотидан бошқа мусулмонлар омонда бўлади. Чункий дуо мўминларни зарарлардан девор каби химоя қилади. Бир кишининг дуоси барокатидан бутин жамоа ёкий жамоанинг дуоси сабаблий бир инсон шайтоннинг васвасаси ва турлий иллатлардан саломат бўлади.

Ким амалларида ихлослий бўлса, бошқалар билан муносабатда ихтилоф чиқармаса, у мусаффо қалб сохибидир. Зеро қалби пок кўнглида кири йўқ одамлар гина Аллоҳ таолонинг мархаматига эришади, дуолари ҳам мустажаб бўлади,иншааллоҳ. 

Ихлосли инсон амални одамлар кўрсин ёки кўрмасин, барибир бир хил бажаради. Чунки у Аллоҳ барча ишларни кўриб ва билиб туришини яхши англайди. Риё — яъни амални одамларга кўриниш учун қилиш эса ихлосга зид бўлиб, инсонни савобдан маҳрум қилиши мумкин.

Амалларни холис Аллоҳ учун қилиш инсон қалбини поклайди, унинг имонини мустаҳкамлайди ва жамиятда ҳам самимийликни кучайтиради. Ихлосли инсон бошқаларга яхшилик қилганда миннат қилмайди, чунки у бу амалини Аллоҳ учун қилганини билади.

Хулоса қилиб айтганда, мусулмон инсон ҳар бир ибодат ва яхши амални фақат Аллоҳ розилигини кўзлаб бажариши лозим. Ихлос билан қилинган амал кичик бўлса ҳам Аллоҳ наздида улуғ бўлади. Шунинг учун ҳар биримиз амалларимизда ихлосни мустаҳкам қилиб, барча ишларимизни холис Аллоҳ учун адо этишга ҳаракат қилишимиз керак. 

Фазлиддин Камолов, 
Учқўрғон тумани “Абдулхамид хожи Абдуррахмон ўғли” 
жоме масжиди имом хатиби

Related posts