Байрам ва марака маросимлари

МИЛЛАТЛАР АРО ТОТУВЛИК ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК

МИЛЛАТЛАР АРО ТОТУВЛИК ДИНИЙ БАҒРИКЕНГЛИК

Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинки юртимиз қадим асрлардан турли маданият, тил, урф-одат, турмуш тарзига эга бўлган, хилма-хил динларга эътиқод қилувчи ва бир-бирига ўхшаш бўлмаган турли халқлар, миллатлар яшаб келаётган заминдир. Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ юртимизда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Конституциямизда «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқейидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар», – деб белгилаб қўйилганлиги, кўпмиллатли халқимиз ўртасидаги тотувлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш учун яратилган заминдир.

Муқаддас ислом динимизда ҳам бағрикенглик тушунчаси диний истилоҳда «мурувват» деган маънони англатиб, кенг маънода чиркин нарсалар ва воқеалар қаршисида гўзалликни устун қўйиб, меҳрибонлик қилиш ҳамда ҳар бир воқеликка гўзаллик нуқтаи назаридан ёндашиш, эътиқод, маданият, анъаналарга нисбатан ҳурмат ва эҳтиром билан муносабатда бўлиш демакдир.

Бошқа динлар сингари ислом дини ҳам азалдан инсониятга асл мурувватни, диндошларига, ҳатто, ғайридинлар (исломдан бошқа динга эътиқод қилувчилар)га ҳам эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган ва келмоқда. Маълумки, ислом ўзидан аввалги самовий динлар (яҳудийлик, насронийлик)ни шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин вакилларига чексиз мурувватлар кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини шариат қонунлари билан мустаҳкамлаб қўйган. Маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирларига ва ҳатто, ораларида яшайдиган ғайридин (бошқа диндаги)ларга, аҳли зиммага ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлишди. Чунки, бу Аллоҳ таолонинг амри ҳамда Расулининг умматга берган кўрсатмаси эди. Аллоҳ таоло «Моида» сурасида шундай марҳамат қилади: «Эй мўминлар, бирон қавмни ёмон кўришингиз ҳаддингиздан ошишингизга олиб келмасин!». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда эса: «Ким аҳли зиммага бирор заҳмат етказса, қиёмат куни мени ўзининг душмани сифатида кўради» – деб марҳамат қилганлар. Айнан ана шу ҳадисни эътиборга олган ҳолда ҳазрати Умар (р.а.) Амр ибн Ос (р.а.)ни Мисрни фатҳ қилишга юбораётиб: «Эҳтиёт бўлинг! Яна Расулуллоҳ (с.а.в.)ни ўзингизга душман қилиб қўйманг» – деб огоҳлантиргандилар.

Қуръони каримнинг бир неча оятларида миллатлараро тотувлик, ҳамжиҳатлик, диний бағрикенглик масалалари кенг ёритилган. Жумладан, «Оли Имрон» сурасида: “Айтинг (Эй, Муҳаммад!): «Аллоҳга, бизга нозил қилинган нарса (Қуръон)га ва Иброҳим, Исмоил, Исъҳоқ, Ёқуб ва (унинг) авлодларига нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Исо ҳамда барча пайғамбарларга Парвардигорлари томонидан берилган нарса (ваҳий)га имон келтирдик. Уларнинг орасида бирортасини (тасдиқлашда) фарқ қилмаймиз ва биз Унинг ўзигагина бўйин синувчилармиз». Шу суранинг давомида эса: «Эй, иймон келтирганлар! Сабр қилингиз, бағрикенг бўлингиз ва (Аллоҳ йўлига) тахт бўлиб турингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, зора (охиратда) нажот топсангиз!» – деб амр қилинган.

Аллоҳ таоло «Моида» сурасида шундай марҳамат қилади: «Эй мўминлар, бирон қавмни ёмон кўришингиз ҳаддингиздан ошишингизга олиб келмасин!». Бошқа дин (миллат)даги кишиларнинг ҳурматини жойига қўйишда ҳам  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўрнак бўлганлар: Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан бирга ўтирган эдилар. Одамлар бир жанозани кўтариб ўтишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам маййит ҳурматига ўринларидан турдилар. Саҳобалар: «Эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу вафот қилган киши яҳудийку» – дейишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Яҳудий одам эмасми» – дедилар. Бу гаплари билан саҳобалардан ранжиганликларини билдирдилар ҳамда бошқа диндаги кишиларга нисбатан қандай муомала қилиш кераклиги борасида амалий кўрсатма бердилар.

Демак, юқоридагилардан маълум бўладики, жамиятнинг ривожланиши, тинч ва осойишта бўлиши, тотувлик ва ҳамжиҳатлик қарор топиши учун инсонлар ўзаро меҳрли, оқибатли бўлиши, доимо яхшилик қилишлари, бир–бирларини кўрганда салом бериш, катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилиш, қариндошчилик ва қўшничилик ҳақларига риоя этиш, ўзга дин вакилларига бағрикенг бўлиш каби инсоний фазилатларда намоён бўлади. 

Манбалар асосида

Абдулвоҳид Исақов,
Наманган шаҳар “Мирёқуббой Мирҳакимбой” жоме
масжиди имом-хатиби

Related posts