Жамият аъзоларига муносабат

МАВЛИДИ ШАРИФ...

МАВЛИДИ ШАРИФ...

Ислом оламида ҳар йили Рабиул-аввал ойи келиши билан Мавлиди шарифни нишонлаш ва унда Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таваллудларини ёдга олиш масаласи атрофида турли баҳс-мунозаралар пайдо бўлади. Мавлидга эътироз билдирувчилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айнан шу куни (дўшанбада) вафот этганлар-ку, қандай қилиб вафот этган кунларини нишонлайсизлар?» деган саволни ўртага ташлашади.

Ушбу сўзимида забардаст муҳаддис ва фақиҳ олимларнинг манбаларига таянган ҳолда ушбу эътирозга илмий ва шаръий жавобларни кўриб чиқамиз.

Ҳофиз Жалолиддин Суютийнинг раддияси

Бу каби савол ва эътирозлар янгилик эмас. Ҳижрий IX асрда яшаб ўтган улуғ муҳаддис ва фақиҳ Ҳофиз Жалолиддин ассуютий (раҳимаҳуллоҳ) ўзларининг Мавлид масаласига бағишланган «Ҳусн ал-мақсид фий амалил-мавлид» номли рисолаларида бу саволга жавоб берганлар:


 »ولادته ﷺ أعظم النعم علينا، ووفاته أعظم المصائب لنا، والشريعة حثت على إظهار شكر النعم، والصبر والسلوان والكتم عند المصائب. وقد أمر الشرع بالعقيقة عند الولادة، وهي إظهار شكر وفرح بالمولود، ولم يأمر عند الموت بذبح ولا غيره، بل نهى عن النياحة وإظهار الجزع. فدلت قواعد الشريعة على أنه يحسن في هذا الشهر إظهار الفرح بولادته ﷺ دون إظهار الحزن فيه بوفاته «.

 «У зотнинг соллаллоҳу алайҳи васалам туғилишлари биз учун энг улуғ неъматдир, вафотлари эса биз учун энг катта мусибатдир. Шариат эса неъматларга шукр қилишни, мусибатларда эса сабр қилишни, тасалли топишни ва ғамни ичга ютишни буюрган. Шариат фарзанд туғилганда ақиқа қилишни буюрган бўлиб, бу янги туғилган чақалоқ учун шукроналик ва хурсандчилик изҳор қилишдир. Лекин ўлим содир бўлганда бирор нарса сўйишни ёки бошқа нарсани буюрмаган, аксинча, дод-вой солишни ва бесабрлик кўрсатишни қайтарган. Демак, шариат қоидалари шунга далолат қиладики, бу ойда вафотлари сабабли қайғу изҳор қилмасдан, балки У зотнинг соллаллоҳу алайҳи васалам туғилишлари билан хурсандчилик изҳор қилиш гўзал амалдир».

Мавлидни нишонлашнинг Суннатдаги асоси

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам ўз таваллуд кунларига алоҳида эътибор қаратганлари ва бунинг учун Аллоҳга шукр келтирганлари саҳиҳ ҳадисларда ўз ифодасини топган.

Имом Муслим «Саҳиҳ» асарларида келтирган ҳадисда шундай дейилади:


 عَنْ أَبِي قَتَادَةَ الأَنْصَارِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ سُئِلَ عَنْ صَوْمِ الاِثْنَيْنِ فَقَالَ: «ذَاكَ يَوْمٌ وُلِدْتُ فِيهِ، وَيَوْمٌ بُعِثْتُ أَوْ أُنْزِلَ عَلَيَّ فِيهِ». (رواه مسلم)

Абу Қатода ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан дўшанба куни рўза тутиш ҳақида сўрашганда, У зот: «Бу мен туғилган кундир ва менга пайғамбарлик берилган (ёки ваҳий нозил бўла бошлаган) кундир», дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадис шунга далолат қиладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёга келган кунлари алоҳида шараф ва аҳамиятга эга. Бу кунда хайрли ва ибодатга асосланган амалларни бажариш орқали У зотнинг дунёга ташриф буюришдек буюк неъмати учун Аллоҳ таолога шукроналик изҳор этилади.

Мавлид маросимида бажариладиган хайрли амаллар

Мавлид маросимлари шунчаки байрам эмас, балки қуйидаги шаръий ва эзгу амалларни ўз ичига олган хайрли мажлисдир:

Жамоат бўлиб тўпланиш, эзгулик ва тақво йўлида мусулмонларнинг бирлашиши, қуръон тиловати  мажлисга барака ва сокинлик олиб келиши, салавот айтиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатни ошириш ва ажрга эришиш, |Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гўзал хулқлари ва ахлоқларини ўрганиш, таом бериш, садақа қилиш ва мусулмонлар ўртасида меҳр-оқибатни зиёда қилиш ва Мусулмонларнинг ўз Набийларига бўлган ҳурмати ва эҳтиромини намойиш этишдир. 

Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:


 قُلْ بِفَضْلِ اللَّهِ وَبِرَحْمَتِهِ فَبِذَٰلِكَ فَلْيَفْرَحُوا هُوَ خَيْرٌ مِّمَّا يَجْمَعُونَ (سورة يونس: 58)

 «Айтгин: „Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан — ана шу билан хурсанд бўлсинлар. Бу улар жамлайдиган нарсалардан яхшироқдир“» (Юнус сураси, 58-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса бутун оламга юборилган энг улуғ раҳматдирлар                                          «Ва сизни оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик», Анбиё сураси, 107-оят). Шундай экан, У зотнинг таваллуд топган ойларида хурсандчилик қилиш, У зотга салавотлар айтиб, сийратларини ўрганиш шариат қоидаларига мос келадиган, жамиятга фақат хайр ва барака келтирадиган гўзал амалдир.

Муҳаммадхон Абдураҳманов,
Наманган шаҳар “Мулла Исмоил” жоме 
масжиди имом-хатиби

Related posts