Жамият аъзоларига муносабат

МАВЛИД — РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИ СЕВИШ ВА ЗИКР ҚИЛИШ

МАВЛИД — РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИ СЕВИШ ВА ЗИКР ҚИЛИШ

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «قُلْ بِفَضْلِ اللَّهِ وَبِرَحْمَتِهِ فَبِذَٰلِكَ فَلْيَفْرَحُوا» «Айтинг: Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан — ана шунга хурсанд бўлсинлар». (Юнус, 58-оят)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари инсониятга берилган энг улуғ раҳматлардан биридир. Аллоҳ таоло: «وَمَا أَرْسَلْنَاكَ إِلَّا رَحْمَةً لِّلْعَالَمِينَ» «Биз сизни оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик».(Анбиё, 107-оят) деб марҳамат қилган.

Шундай экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларини эслаш, у зотнинг сийратларини ўрганиш, салавот айтиш, Қуръон тиловат қилиш, камбағалларга таом бериш ва Аллоҳга шукр қилиш — ҳар бири алоҳида савобли амаллардир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба куни рўза тутганларида, бунинг сабабини сўраган саҳобаларга: «ذَاكَ يَوْمٌ وُلِدْتُ فِيهِ» «Бу мен туғилган кундир», деганлар.(Имом Муслим ривояти)

Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз таваллуд кунларини ибодат ва шукр билан эслаганлари кўринади.

Аллоҳ таоло яна: «إِنَّ اللَّهَ وَمَلَائِكَتَهُ يُصَلُّونَ عَلَى النَّبِيِّ» «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтадилар».(Аҳзоб, 56-оят)

Мавлуд мажлисларида Қуръон ўқилса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ва гўзал ахлоқлари баён қилинса, салавотлар айтилса, дуо қилинса ва таом улашилса — буларнинг ҳар бири фазилатли амаллардир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунлари ҳақида хабар келтиргани сабабли Абу Лаҳабнинг чўриси Сувайба озод қилингани ва бунинг таъсири сифатида Абу Лаҳабнинг азоби душанба куни енгиллашиши ҳақида уламолар уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таваллудларидан хурсанд бўлиш маъносига доир зикр қилганлар.

Баъзи кишилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Мавлуд бўлмаган, демак у мутлақо бидъат», дейдилар.

Бу ерда бир муҳим ҳақиқатни унутмаслик керак: ҳар бир кейин пайдо бўлган шакл ҳаром бўлавермайди. Ҳукм унинг мазмунига қараб берилади.

Агар Мавлудда шариатга хилоф ишлар қилинса, албатта, ўша ишлар тарк қилинади. Аммо Қуръон, салавот, сийрат, ваъз, дуо ва садақани жамлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эслашни мутлақо ҳаром деб кўрсатиш тўғри эмас.

Шунинг учун бу масалани баҳона қилиб мусулмонларни бир-бирини залолатда айбланиши тўғри эмас.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «مَنْ لَا يَرْحَمْ لَا يُرْحَمْ» «Раҳм қилмаган кишига раҳм қилинмайди».(Бухорий ва Муслим)

ХУЛОСА

Мавлуднинг энг улуғ мақсади — Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни таниш, у зотни севиш, сийратларидан ибрат олиш ва суннатларига эргашишдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севиш фақат тилдаги даъво эмас. Ҳақиқий муҳаббат — у зотнинг суннатларига амал қилиш, ахлоқларини ҳаётга татбиқ этиш ва кўп салавот айтиш билан намоён бўлади.

Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатни кучайтириш, умматни бирлаштириш ва суннатга чорлаш мақсад бўлиши керак.

Аллоҳ таоло қалбларимизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган ҳақиқий муҳаббат билан тўлдирсин ва у зотнинг суннатларига содиқ бандаларидан қилсин. Омин!

Музаффархон Ибрагимов,
Наманган шаҳар Мулла Абдулқодир оҳунд жоме 
масжиди имом хатиби

Related posts