(Бу дунё — синовли дунё рукни остида)
Ҳаёт йўлимиз доимо бир текисда, хавотир ва ташвишлардан холи ҳолда кечмайди. Баъзан қувонч ва шодлик бизни қамраб олса, баъзан кутилмаган машаққатлар, йўқотишлар ва синовлар қаршисида қоламиз. Инсон зоти яратилган экан, бу дунёнинг моҳияти фақатгина роҳат-фароғатдан иборат эмаслигини, балки аслида бу макон улкан бир имтиҳон майдони эканини англашга мажбурдир. Қуръони Каримда бу ҳақиқат очиқ-ошкор баён қилинган.
Аллоҳ таоло бандаларини турли йўллар билан синашини Каломи мажидида бир неча бор эслатиб ўтган. Бу синовлар фақатгина оғирликлардан иборат эмас, балки инсонга берилган неъматлар ҳам катта имтиҳон ҳисобланади.
«Биз, албатта, сизларни бироз қўрқув, очлик, мол-мулк, жон ва мевалар камайиши билан синаймиз. Сабр қилувчиларга хушхабар беринг» (Бақара сураси, 155-оят).
Ушбу оятда ҳаётнинг асосий синов турлари санаб ўтилган. Қўрқув, моддий қийинчиликлар, яқинларнинг жудолиги ёки ризқнинг камайиши — буларнинг барчаси банданинг имонини тоблаш учун берилган илоҳий чоралардир.
Бошқа бир оятда эса бу синовларнинг асосий мақсади инсонлар орасида ким чиройлироқ амал қилишини юзага чиқариш экани таъкидланади: «У қайси бирингиз яхшироқ амал қилишингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир» (Мулк сураси, 2-оят).
Демак, инсон бошига келган ҳар бир мусибат ёки неъмат бекорга эмас. Ҳатто инсонга берилган бойлик, фарзанд ва куч-қудрат ҳам катта синовдир. Аллоҳ таоло Анфол сурасининг 28-оятида шундай марҳамат қилади: «Ва билингларки, мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз фақат бир фитна (синов) холос ва албатта, Аллоҳнинг ҳузурида улуғ ажр бордир».
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётнинг синовли эканини ва бу синовларга қандай муносабатда бўлиш кераклигини ўз ҳадисларида батафсил баён қилганлар. Инсон қанчалик юқори мартабали ва имонли бўлса, унинг синовлари ҳам шунга яраша оғирроқ келиши муҳаққақ.
Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Мўминнинг иши ажойиб! Унинг барча иши яхшиликдир ва бу фақат мўмин учунгина хосдир. Агар унга хурсандчилик етса — шукр қилади, бу унинг учун яхши бўлади. Агар унга бир зиён етса — сабр қилади, бу ҳам унинг учун яхши бўлади» (Муслим ривояти).
Шунингдек, синовларнинг оғирлиги инсоннинг дини ва эътиқодига боғлиқлиги ҳақида Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан шундай ҳадис ривоят қилинган:
«Ё Расулуллоҳ, одамларнинг қайси бири қаттиқроқ синовга учрайди?» деб сўрдим. У зот: «Пайғамбарлар, сўнгра уларга энг яқин бўлганлар, сўнгра уларга яқинроқ бўлганлар. Киши динига қараб синалади. Агар дини мустаҳкам бўлса, синови ҳам қаттиқ бўлади. Агар динида заифлиги бўлса, унинг динига қараб синалади. Бандага синовлар етиб туради, токи у ер юзида бирор хатоси йўқ ҳолда юрадиган бўлиб қолгунча» (Термизий ривоят қилган).
Бу ҳадис банда бошига келаётган машаққатлар унинг гуноҳларига каффорат бўлишини, даражасини юксалтиришини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, “Бу дунё — синовли дунё” деган ҳикмат ҳар бир инсон учун кундалик ҳаётда дастуруламал бўлиши лозим. Қийинчиликлар бизни синдириш учун эмас, балки бақувват қилиш, чидамлиликка ўргатиш ва руҳий жиҳатдан камолга етказиш учун юборилади. Ҳар бир ташвиш ортида бир ҳикмат, ҳар бир машаққат ортидан эса енгиллик борлигига имон келтирган инсонгина бу дунёнинг синовларидан ёруғ юз билан ўта олади. Аллоҳ таоло барчамизга бу синовлардан гўзал сабр ва муваффақият билан ўтишимизни насиб этсин.
Манбалар асосида тайёрланди
Қодиржон Умурзақов
Поп тумани "Муҳаммаджон қори" жоме
масжиди имом-хатиби